МАЪЛУМОТ ОШКОР ҚИЛГАНЛИК — ЖАВОБГАРЛИК: ЁПИҚ СУДЛАРДА ҲУҚУҚИЙ НАЗОРАТ МУСТАҲКАМЛАНДИ

Ҳозирги кунда судлар томонидан аксарият ишлар очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилади ва ҳал этилади. Бироқ қонунда белгиланган ҳолларда, баъзи ишлар суднинг қарори билан ёпиқ мажлисларда кўриб чиқилиши мумкин. Конституциянинг 137-моддасига кўра, барча судлар ишлари асосан очиқ бўлиши шарт, ёпиқ мажлислар эса фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда амалга оширилади.

Шу билан бирга, ёпиқ суд мажлисларини ўтказиш тартиби ва шартлари қатъий белгиланган. Бу масалалар Конституция, “Судлар тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Журналистик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Фуқаролик, Жиноят, Иқтисодий ва Маъмурий процессуал кодексларда, шунингдек, Олий суд Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги 04-сон қарорида муфассал тартибга солинган.

Ёпиқ суд мажлисларида иштирок этувчи судья, котиб, прокурор, даъвогар, жавобгар ва бошқа шахслар иш тафсилотларини рухсатсиз ошкор қилишлари мумкин эмас. Илгари, қонунда бундай маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик кам ёритилган эди.

Шу муносабат билан, 2025 йил 26 сентябрьда қабул қилинган ЎРҚ-1084-сон Қонуни ёпиқ суд мажлислари маълумотлари ва тафсилотларини суд рухсатисиз ошкор қилган шахслар учун жиноий жавобгарликни белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчаларни киритди. Хусусан, Жиноят кодексининг 239-моддасида ёпиқ суд мажлисларида муҳокама қилинган маълумотларни суд рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Қонунчиликка киритилган бу ўзгартиришлар ёпиқ суд мажлисларида кўрилган ишлар бўйича маълумотларнинг ҳимоясини таъминлаб, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилади. Шу билан бирга, судларнинг мустақиллиги ва нуфузини мустаҳкамлашда муҳим омил сифатида хизмат қилади.

Азат ИМАТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий суди судьяси