СУД АМАЛИЁТИДА ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРГА НИСБАТАН ИНСОНПАРВАР ЁНДАШУВНИ ҚЎЛЛАШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Суд ҳокимияти фаолиятида вояга етмаганлар иштирокидаги ишлар алоҳида ёндашувни талаб этади. Чунки бундай тоифадаги ишлар нафақат ҳуқуқбузарликка ҳуқуқий баҳо бериш, балки вояга етмаган шахс тақдири, унинг келгуси ҳаёти ва жамиятга мослашуви билан чамбарчас боғлиқдир. Шу маънода, суд қарорлари адолат билан бирга инсонпарварлик тамойилларига ҳам таянишини талаб этади.

Амалий таҳлиллар шуни кўрсатадики, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксарияти ижтимоий муҳит, оилавий назоратнинг сусайиши, ҳуқуқий онгнинг етарли эмаслиги каби омиллар билан боғлиқ. Бундай ҳолатларда қатъий жазо чоралари ҳар доим ҳам қайта тарбиялашга олиб келмайди. Шу боис, миллий жиноят қонунчилигини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш зарурати юзага келган эди.

Айнан шу эҳтиёждан келиб чиқиб, «Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун суд амалиётида жазо тайинлашда индивидуал ёндашувни кучайтиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади.

Қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланади. Мазкур норма судлар томонидан жазони ўтаб чиққан шахснинг келгусидаги ҳуқуқий мақомини белгилашда, уни ижтимоий ҳаётга қайта интеграция қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бунда ўта оғир жиноятлар ҳамда жазони ўтаб бўлгандан кейин қайтадан қасддан жиноят содир этган ҳолатлар мустасно этиб белгиланган.

Шунингдек, Қонун билан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига ўзгартириш киритилиб, вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклаш ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилди. Бу норма судларга жазо тайинлашда нисбатан юмшоқ, тарбиявий таъсирга эга чораларни қўллаш имкониятини кенгайтиради.

Судлар ушбу Қонун нормаларини қўллашда-жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини, вояга етмаган шахснинг ёши, руҳий ҳолати ва тарбия муҳитини, қилмишнинг сабаб ва оқибатларини чуқур таҳлил қилган ҳолда қарор қабул қилишлари мақсадга мувофиқ.

Қонуннинг қабул қилиниши суд амалиётида жазолаш устувор эмас, балки тузатиш ва профилактика устувор эканини яна бир бор тасдиқлайди. Бу эса вояга етмаганлар ўртасида қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга, жамиятда адолат ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Полат ДОШМУРАТОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси