ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИК – БУ ЖИНОЯТ
Оила – ҳар бир инсон учун қутлуғ маскан, меҳр-оқибат ва тотувлик қўрғонидир. Аммо афсуски, баъзан айрим хонадонларда меҳр ўрнида зўравонлик, тотувлик ўрнида даҳшат ҳукм суради. Бу эса нафақат бир инсон, балки бутун оиланинг, ҳатто жамиятнинг маънавий асосларига зарба беради.
Шуни қатъий таъкидлаш керак: оилавий (маиший) зўравонлик – шахсий масала эмас, бу жиноятдир!
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида: «Ҳеч ким қийноққа солинишига, шаънини камситувчи муносабат ёки жазога дучор қилинишига йўл қўйилмайди» деб қатъий белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, 2019 йилда қабул қилинган “Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда оилавий зўравонликка қарши қатъий курашиш механизмлари назарда тутилган.
Агар зўравонлик ҳолати оғир оқибатларга олиб келмаган бўлса, у ҳолда у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида кўриб чиқилади. Масалан: Кодекснинг 52-2-моддасига кўра, оилавий-маиший зўравонлик учун айбдор шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир қисмидан бир неча баробаригача жарима ёки маъмурий қамоқ (15 кунгача) жазо қўлланилади.
Шунингдек, суд томонидан зўравон шахсга нисбатан махсус ҳимоя ордери чиқарилиши мумкин. Бу ордерга кўра, айбдор муайян муддат давомида жабрланувчи билан мулоқот қилиш, уйига кириш ёки бошқа йўллар билан унга тазйиқ ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Агар зўравонлик такрорланса ёки жиддий оқибатларга олиб келса, иш Жиноят кодекси бўйича кўриб чиқилади. Бу ерда алоҳида таъкидлаш жоиз:
Жиноят кодекси янги модда яъни Оилавий (маиший) зўравонлик бўйича 126-1-моддаси киритилиб, унга мувофиқ, бу турдаги жиноятни содир қилган шахслар учун жазо чоралари оғирлаштирилди.
Агар зўравонлик оғир оқибатларга, масалан, доимий соғлиққа зарар ёки ўлимга олиб келса, жавобгарлик янада оғирлашади.
Судларда кўрилаётган ишлар шундан далолат бермоқдаки, кўпинча оиладаги зўравонлик қурбонлари – аёллар ва болалар. Улар кўп йиллар давомида қўрқувда яшашга мажбур бўлади. Аммо суд қарорлари шуни кўрсатмоқдаки, зўравонлик қилган шахс қанчалик яқин қариндош бўлмасин, у қонун олдида жавоб беради ва жазодан қочиб қутула олмайди.
Бир мисол: оилада эркак ўз турмуш ўртоғини мунтазам ҳақорат қилиб, уриб-сўкиб келган. Суд томонидан унинг қилмиши оилавий-маиший зўравонлик деб баҳоланди ва у маъмурий қамоққа олинди, шунингдек жабрланувчига ҳимоя ордери берилди. Бу каби мисоллар ҳар куни судларда кўриб чиқилмоқда.
Оилавий зўравонлик – бу фақат бир хонадоннинг иши эмас. Бу жиноят, бу жамиятнинг маънавиятига қаратилган таҳдид.
Ҳар биримиз бундай ҳолатларга бефарқ бўлмаслигимиз шарт. Агар зўравонликка гувоҳ бўлсак, тегишли органларга хабар бериш – инсоний бурчимиздир.
Энг муҳими, барча фуқаролар билиши керак: оилавий (маиший) зўравонлик учун жазо муқаррар. Қонун бузган ҳар бир шахс албатта жавобгарликка тортилади!
Махмуд Байниязов,
Жиноят ишлари бўйича Шўманой тумани суди раиси