МЕРОС МУЛКИ БИЛАН БОҒЛИҚ НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШДА АМАЛДАГИ ҚОНУН ТАЛАБЛАРИ
Бугун суд залларида ака-ука, опа-сингил ва қавм-қариндошлар ўртасида келиб чиқаётган оилавий низоларнинг аксарияти мерос, уй-жой, мол-мулк талашишлар ортидан келиб чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Кўп ҳолатларда бир ота-онадан туғилган ака-ука, опа-сингиллар мулк талашишлари оқибатида “юз кўрмас” бўлиб, очиқдан-очиқ душманга айланишади ва бу душманлик узоқ йиллар, баъзан умрбод давом этади. Азал-азалдан барча халқларда вафот этган кишининг мол-мулкини ворислик асосида мерос қолдиришнинг ўзига хос тартиб-қоидалари мавжуд бўлиб келган. Мерос инсоният тарихидаги энг қадимий ҳуқуқ тушунчаси саналади.
Мулк ва мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи объектлардан бири саналган ушбу мерос ҳуқуқи бош қомусимизда ҳам қонун билан кафолатланган. Шу ўринда мустақиллик йилларида ҳаётимизга хусусийлаштиришнинг кириб келиши мерос масаласининг кенгайишига кенг йўл очиб берганини таъкидлаб ўтиш лозим. Илгари даврларда жамиятнинг иқтисодий негизини асосан давлат мулки ташкил этганлиги сабабли фуқаролар амалда ҳеч қандай хусусий мулкка эга бўлмаганлар ва шу боис мерос қолдирилиши мумкин бўлган мол-мулкнинг миқдори жудаям чекланган ёки мол-мулкнинг ўзи мавжуд бўлмаган. Ҳозирда бунга барҳам берилган бўлиб, уй-жойлар фуқароларнинг хусусий мулки ҳисобланади ҳамда вақти келиб, бу мулк фарзандларига мерос сифатида ўтади. Қонунлардан яхши хабардор фуқаролар ўзларидан кейин фарзандлари орасида турли низо ёки келишмовчиликлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида васият қолдиришга ҳаракат қилишади. Бу эса юзага келиши мумкин бўлган айрим муаммоларга ўз вақтида барҳам беради. Аммо вазият ҳар доим ҳам бир хил кечмайди ва меросни бўлишиш борасида турли хил нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин. Низоли вазиятни таҳлил қилиш, ўрганиш, масалага қонуний асосларда ечим бериш эса суд органлари олдидаги масъулиятли вазифалардан биридир. Мерос масаласи мулк билан боғлиқ бўлганлиги сабабли барча жараёнларда ўзининг аҳамиятлилиги билан ажралиб туради. Мамлакатимизда бу борада аниқ механизмлар ишлаб чиқилган. Қонунчиликка мувофиқ, мерос ҳуқуқи – мулкка нисбатан ворисликдир, ворисликнинг эса васият ва қонун бўйича амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1112-моддасида кўрсатиб ўтилган. Мерос қолдирувчи ҳаётлигида эга бўлган мулк, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларининг меросхўрларга ўтиши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар ворислик ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинади ва унинг предмети ҳисобланади. Фуқаролик кодексининг ворислик ҳуқуқига оид бўлимида мерос таркибининг барча жиҳатлари қамраб олинган ва меросга эгалик қилишга оид барча зарур меъёрлар белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасида судлар томонидан мерос ҳуқуқи билан боғлиқ низоларнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал этилиши мулк дахлсизлиги ва мерос ҳуқуқи қўриқланишига доир конституциявий кафолатлар таъминланишининг ўта муҳим воситаси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1113-моддасига кўра, мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.
Ушбу моддага мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар киритилган:
– юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;
– ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;
– алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;
– меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонунчилик асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;
– мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмайди.
– Мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкин.
Кимлар меросхўр ҳисобланади?
Кодекснинг 1118-моддасига кўра:
– Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.
Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1135-моддасига асосан, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.
Мажбурий улуш олувчи шахслар
Агарда васиятнома мавжуд бўлса, мерос шу васиятномага асосан тақсимланади. Аммо мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шунингдек, эри (хотини) ва ота – онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъий назар, мажбурий улуш олувчи меросхўрлар ҳисобланади. Меросга мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушидан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқийдир.
Кимлар меросдан маҳрум қилинади?
Шунингдек, қонунда мерос қолдирувчига босим ўтказиб, мажбуран васият ёздиришга уринган шахслар меросдан маҳрум қилиниши борасида ҳам кодексда алоҳида модда билан белгилаб қўйилган. Нолойиқ меросхўрларни меросдан четлатиш тўғрисидаги 1119-моддада қуйидаги бандлар ўрин олган.
Мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно.
Мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар ана шу болалардан қолган мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар, шунингдек мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ва вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича ворислик қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар бундай четлатиш келтириб чиқарадиган ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатларга дахлдор шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан белгиланади.
Ушбу модданинг қоидалари ҳар қандай меросхўрларга, шу жумладан мажбурий ҳисса олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларга ҳам тааллуқлидир.
Эгалик расмийлаштирилмаган уй-жойлар
Мерос билан боғлиқ низолар орасида кўпинча эгалик расмийлаштирилмаган уй-жойлар муаммоси тез-тез учрайди. Сабаби, ҳуқуқий томондан саводсизлик, ўз мулкига эгалик қилиш шартларини билмаслик сабаб айрим фуқаролар ўз мулкига нисбатан эгалик ҳуқуқини хатто расмийлаштирмаган бўлиб чиқади. Яъни ер сотиб олиб уй қурган, аммо уни ҳужжатлаштириш ишларига лоқайдлик қилган. Қонунга мувофиқ, агар мана шундай қурилган бинолар белгиланган тартибга зид бўлса, афсуски хусусий мулк мақомини ололмайди ва бунинг натижасида бу мулкни ҳеч кимга мерос сифатида қолдиришга қонунан рухсат берилмайди. Шунингдек, ота-онадан мерос қолган уй-жойни фарзандлардан бирортасининг номига расмийлаштириш учун бошқа фарзандларнинг ҳам розилиги керак бўлади. Сабаби уларнинг ҳам мерос улушига бўлган ҳуқуқи бор. Агар ака-укалар ўзаро рози бўлиб бу улушдан воз кечишмаса, бу низо суд залигача етиб бориши шубҳасиз.
Саёра Айтниязова,
фуқаролик ишлари буйича Нукус туманлараро суди судьяси