Инсон қадри ва манфаатлари учун
Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди раиси Е.Бердиев ва Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди судьяси Б.Аймуратов Қўнғирот тумани “Гулобод” маҳалла фуқаролар йиғини биносида мазкур ҳудудда яшовчи фуқаролар билан учрашув ўтказди.
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан Қўнғирот тумани, “Гулобод” МФЙда жиноят ишлари бўйича Қўнғирот тумани суди судьялари томонидан ўтказилган учрашувда жиноят ишлари бўйича Қўнғирот тумани суди раиси Е.Бердиев томонидан яшовчи фуқораларига, «Инсон қадри ва манфаатлари учун» деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустахкамлашга каратилган туб ислоҳотлар Ўзбекистон учун доимо устувор мавзу эканлигини таъкидлаб, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида Давлатимиз раҳбарининг нутқи ва унинг аҳаамияти тўғрисида сўзлади.
Қайд этилдики, мазкур нутқида Президентимиз кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Ўзбекистонда янгиланган Конституция бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларини белгилаб бергани қайд этилди. Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқланди. Шу ҳуқуқий асосда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун эканлиги аниқ мисолларда таъкидланганини эътироф этди.
Бундан сўнг, жиноят ишлари бўйича Қўнғирот тумани суди судьяси Б.Аймуратов сўзга чиқиб Ўзбекистон Республикаси “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2023 йил 27 сентябрдаги ЎРҚ-869-сон Қонунининг мазмун-моҳияти бўйича кенг тушунчалар бериб ўтди.
Хусусан, эндиликда ҳукмга апелляция шикояти (протести) 10 сутка ичида берилиши мумкин (илгари 20 сутка бўлганин). Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекси ишларни тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишни белгиловчи боб билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанция судларининг ҳукмлари, ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят бериш мумкин.
Агар шикоятда ёки протестда маҳкумнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келадиган ўзгаришлар ҳақидаги масала қўйилган бўлса, суднинг айблов ҳукмини ёхуд ажримини тафтиш тартибида кўриб чиқишга, шунингдек суднинг оқлов ҳукмини ёки ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишга фақат у қонуний кучга киргандан кейин бир йил ичида йўл қўйилади.
Биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан текширилмаган далиллар суд томонидан қабул қилинади, бунда шахс бу далилларни ўзига боғлиқ бўлмаган қандай сабабларга кўра биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судига тақдим этиш имконияти бўлмаганлигини тушунтириб бериши керак.
Тадбир давомида қонун мазмун-моҳияти эски ва янги жорий этилаётган амалиётлар мисолида, аниқ далиллар билан тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, маърузалар якунида фуқораларнинг суд ҳуқуқ масалалари бўйича қизиқтирган саволларига жавоб берилди.
Берик Аймуратов,
жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди судьяси