Жариймани камайтириш қимматга тушди
Бўлажак юристлар иштирокидаги навбатдаги очиқ сайёр суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Амударё суди раиси А.Сафаровнинг бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланган “Б” исмли шахснинг жиноят иши кўриб чиқилди.
1991 йилда Амударё туманида тўғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, ишсиз, муқаддам судланмаган “Б” исмли шахс 2022 йил 27 декабрь куни ўз яшаш уйи ёнида фуқаро “К” га 2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддаси 3-қисми билан қўлланилган 2.700.000 сўм маъмурий жаримасини йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ишловчи танишлари орқали 30 фоиз чегирмаси билан камайтириб тўлаб беришини айтиб, алдаш йўли билан ундан 1.900.000 сўм пулларини олиб, ушбу пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, “Б” исмли шахс 2023 йил январь ойи охирларида Манғит шаҳри Бердах кўчаси бўйида фуқаро “С” ва унинг қариндоши “Қ”га 2023 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисми билан қўлланилган 3.000.000 сўм маъмурий жаримасиниҳам ўз танишлари орқали 30 фоиз чегирмаси билан камайтириб тўлаб беришини айтиб, алдаш йўли билан ундан 1.770.000 сўм пулларини олиб, ушбу пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Суд мажлисида судланувчи “Б” айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ҳақиқатида ўзининг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ишловчи танишлари йўқ эканлиги, пулларни онаси касал бўлганлиги учун униг дориларига ишлатиб юборганлиги, жабрланувчиларга пулларини қайтариб берганлиги ҳақида кўрсатув берди.
Суд судланувчининг айби, айбига тўлиқ иқрор бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, жабрланувчиларнинг ва гувоҳларнинг кўрсатувлари билан, шунингдек, воқеа жойини кўздан кечириш баённомалари билан тасдиқланади.
Суд судланувчига жазо тайинлаганда, унинг айбига иқрор эканлиги, қилмишидан пушаймон эканлиги, келтирилган зарарни ихтиёрий қоплаганлиги жазосини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, оғирлаштирувчи ҳолатлар эса йўқ деб, унга айбланаётган модда санкцияси доирасида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлашни, қамоқда сақланган 7 кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан чегиришни, ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг унга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини бекор қилишни, жабрланувчиларга етказилган зарарлар тўлиқ қопланганлигини инобатга олишни лозим топади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуаль кодексининг 454-457, 462, 463, 465, 468, 471-473, 476-моддаларига амал қилиб, суд ҳукм қилди. “Б” Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилсин ва унга ушбу модда билан ҳар ойлик иш ҳақисининг 10% даромадини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлансин.
“Б” нинг 22.03.2023 йилдан 28.03.2023 йилга қадар қамоқда сақланган 7 куни Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 21 кунига тенглаштирилиб, жазосидан чегирилсин ва ўташ учун 1 йил 11 ой 9 куни қолдирилсин.
“Б” га тайинланган аҳлоқ тузатиш ишлари жазосининг ижроси устидан назорат қилиш Амударё тумани ИИО пробация гуруҳига юклатилсин.
Ахлоқ тузатиш ишлари жазоси пробация гуруҳи белгилаб берган жойда ўтаттирилсин ва жазо муддати корхона, муассаса, ташкилотларда иш бошлаган кундан бошлаб ҳисоблансин.
Жабрланувчиларга етказилган зарар қопланганлиги инобатга олинсин.
Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан
йигирма сутка ичида, судланувчи ва жабрланувчилар эса ҳукм кўчирмасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди орқали апелляция тартибида Қорақалпоғистон Республикаси судига шикоят бериши, прокурор протест билдириши мумкин.
Асқар Сафаров,
жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси