ТАБИИЙ РЕСУРСЛАРГА ЭГАЛИК ҚИЛИШ ҲУҚУҚИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК ҲАМДА ЕР УЧАСТКАЛАРИГА ҚОНУНИЙ ЭГАЛИК ҚИЛИШ ТАРТИБИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер муносабатларини тартибга солиш, ер ресурсларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш ҳамда ушбу соҳада коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ер участкаларини ажратиш тизимининг рақамлаштирилиши, очиқ электрон аукцион механизмларининг жорий этилиши ҳамда давлат ер назоратининг замонавий ахборот технологиялари асосида ташкил этилиши муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Шу билан бирга, амалиётда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларсиз қурилиш ишларини амалга ошириш ёки ердан белгиланган мақсадга зид равишда фойдаланиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Бундай қонунбузарликлар нафақат ер муносабатларида қонунийлик тамойилига путур етказади, балки давлат ва жамият манфаатларига, шунингдек бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

 

Шу боис табиий ресурсларга эгалик қилиш ҳуқуқини муҳофаза қилиш, ер участкаларига нисбатан ҳуқуқларнинг қонуний асосларда вужудга келишини таъминлаш ҳамда мазкур соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

 

Ўзбекистон Республикасида ер муносабатлари қонунчилик билан қатъий тартибга солинган бўлиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар фақат қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар ва тартибларга мувофиқ вужудга келади. Бугунги кунда ер участкаларини олишнинг энг асосий механизми электрон онлайн-аукцион тизими ҳисобланади. Айрим ҳолларда эса қонунчиликда белгиланган тартибда хусусийлаштириш орқали ҳам ер участкаларига мулк ҳуқуқи расмийлаштирилиши мумкин.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, оғзаки келишувлар, ҳуқуқий кучга эга бўлмаган ҳужжатлар ёки турли ваъдалар ер участкасига нисбатан ҳуқуқни вужудга келтирмайди. Ер участкасидан фойдаланиш ёки унда қурилиш ишларини бошлаш фақат ваколатли давлат органлари томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳуқуқ мавжуд бўлган тақдирдагина қонуний ҳисобланади.

 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ер ва бошқа табиий ресурсларга оид ҳуқуқбузарликлар учун қатъий жавобгарлик белгиланган.

 

Жумладан, ердан, сувдан, ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бевосита ёки яширин шаклда бузувчи битимлар тузиш ёки бошқа ҳаракатларни содир этиш, шунингдек табиатдан махсус фойдаланиш ҳуқуқини бошқаларга бериш фуқаролар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахслар учун эса 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўллашга сабаб бўлади.

 

Шунингдек, ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ёки унга нисбатан қонуний ҳуқуқ мавжуд бўлмаган ҳолда ундан фойдаланиш фуқаролар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, мансабдор шахслар учун эса 70 баравари миқдорида жарима қўлланилишига асос бўлади.

 

Қонунчилик ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ҳолда қурилиш ишларини амалга оширишга нисбатан янада қатъий ёндашувни белгилаган. Бундай ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари, мансабдор шахсларга эса 400 баравари миқдорида жарима тайинланиши мумкин.

 

Кўриниб турибдики, қонунчиликда белгиланган мазкур таъсир чоралари биринчи навбатда ер муносабатларида қонунийликни таъминлаш, давлат ва жамият манфаатларини муҳофаза қилиш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган.

 

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 сентябрдаги ПҚ–287-сонли қарори билан ерга оид муносабатларда коррупциявий омилларни бартараф этиш ҳамда давлат ер назоратини рақамлаштиришнинг янги механизмлари жорий этилди.

 

Мазкур қарорга мувофиқ, Кадастр агентлигининг «E-YER NAZORAT» ахборот тизими давлат ер назоратини амалга оширишнинг ягона электрон платформаси этиб белгиланди. 2026 йил 1 январдан бошлаб ер қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва улар бўйича тегишли чоралар кўришга доир вазифалар асосан мазкур тизим орқали амалга оширилмоқда.

 

Тизим космик суратлар, аэрокосмик мониторинг ҳамда давлат ахборот тизимлари билан интеграция қилинган бўлиб, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш ва ердан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларини қисқа муддатларда аниқлаш имконини беради.

 

Шунингдек, «Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида мунтазам аэрокосмик мониторинг ўтказилиб, ҳуқуқбузарликлар эҳтимолига қараб ҳудудлар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилади. Бу эса давлат назорати самарадорлигини янада ошириш билан бирга ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

 

Амалиёт шуни кўрсатадики, кўплаб ҳуқуқбузарликлар фуқароларнинг ҳуқуқий билими етарли эмаслиги ёки турли оғзаки келишувларга ишониши натижасида содир этилмоқда. Айрим ҳолларда ер участкасига нисбатан ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар текширилмасдан қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Бу эса кейинчалик молиявий зарарлар, маъмурий жавобгарлик ва турли суд низоларига сабаб бўлади.

 

Шу сабабли ҳар бир фуқаро ер участкасини сотиб олиш ёки ундан фойдаланишдан олдин унинг ҳуқуқий мақомини синчиклаб текшириши зарур. Хусусан, ер участкаси электрон онлайн-аукцион орқали ажратилганлиги ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа асосларга мувофиқ расмийлаштирилганлиги, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳамда ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигига ишонч ҳосил қилиниши лозим.

 

Бундан ташқари, ер хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган тақдирда ҳам, унинг айрим қисмларида шаҳарсозлик, санитария, экология ёки муҳандислик коммуникациялари билан боғлиқ чекловлар мавжуд бўлиши мумкин. Шунинг учун қурилиш ишларини бошлашдан аввал ваколатли ташкилотлардан тегишли хулоса ва рухсатномаларни олиш ҳуқуқий хавфларнинг олдини олишнинг энг самарали усули ҳисобланади.

 

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ер муносабатларида қонунийликка қатъий риоя қилиш ҳуқуқий давлатнинг муҳим талабларидан биридир. Ер участкаларини фақат қонунчиликда белгиланган тартибда қўлга киритиш, улардан мақсадли ва самарали фойдаланиш, шунингдек ҳар қандай қурилиш ишларини тегишли рухсатномалар асосида амалга ошириш фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан бирга, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва келажак авлодлар учун ушбу бойликни асраб-авайлашга хизмат қилади.

 

 

Даўлетбай РАЗОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси