КОРРУПЦИЯ ОҚИБАТИДА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРНИ УНДИРИШ: СУД АМАЛИЁТИ ТАҲЛИЛИ

Коррупция бугунги кунда жамият тараққиёти, давлат бошқаруви самарадорлиги ва қонун устуворлигига жиддий хавф туғдираётган энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. У давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига салбий таъсир кўрсатиб, демократик қадриятлар, адолат тамойиллари ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларига путур етказади. Шунингдек, коррупция иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилади, инвестицион муҳитнинг жозибадорлигини пасайтиради, давлат бошқаруви тизимига бўлган ишончни сусайтиради.

Таъкидлаш жоизки, коррупция дунёнинг деярли барча давлатларида учрайдиган глобал муаммо ҳисобланади. Унинг кўлами ва шакллари турлича бўлиши мумкин, бироқ оқибатлари ҳар доим жамият манфаатларига зид бўлади. Халқаро ташкилотлар ва давлатлар томонидан мазкур иллатга қарши курашиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлса-да, коррупция ҳали ҳам жиддий таҳдид сифатида сақланиб қолмоқда.

“Коррупция” атамаси лотинча “ corruptio” — “бузмоқ”, “издан чиқармоқ” маъноларини англатади. У одатда мансабдор шахснинг ўз хизмат ваколатлари ва мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб, қонунчилик ва ахлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини ифодалайди. Коррупциявий ҳаракатлар натижасида давлат, жамият, юридик ва жисмоний шахсларга катта миқдорда моддий ва маънавий зарар етказилади.

Коррупцияга қарши курашиш фақатгина айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш билан чекланмайди. Бу жараённинг муҳим таркибий қисми сифатида коррупция оқибатида етказилган зарарни қоплаш, ноқонуний орттирилган даромадларни қайтариш ва давлат ҳамда жамият манфаатларини тиклаш масалалари ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур вазифаларни амалга оширишда судлар ҳал қилувчи ўрин тутади.

Суд амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, коррупциявий жиноятлар бўйича кўриладиган ишларда етказилган зарарни ундириш масаласи устувор вазифалардан бири сифатида баҳоланади. Пора олиш, пора бериш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ўзлаштириш ва растрата каби жиноятлар натижасида давлат ёки бошқа шахсларга етказилган зарар жиноят иши доирасида ёки алоҳида фуқаролик даъвоси тартибида ундирилади. Бунда зарар миқдори, қоида тариқасида, молиявий аудитлар, бухгалтерия ҳужжатлари, экспертиза хулосалари ва бошқа далиллар асосида аниқланади.

Суд амалиётида шаклланган муҳим йўналишлардан яна бири регресс тартибида зарарни ундириш ҳисобланади. Айрим ҳолларда давлат органлари ёки ташкилотлар жабрланувчиларга етказилган зарарни ўз маблағлари ҳисобидан қоплайди. Кейинчалик ушбу маблағлар айбдор мансабдор шахслардан регресс тартибида ундирилади. Бу эса давлат маблағларининг асоссиз сарфланишининг олдини олишга хизмат қилади.

Коррупциявий жиноятлар бўйича судлар томонидан ноқонуний орттирилган даромадларни мусодара қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бунда фақат бевосита етказилган зарарни қоплаш билан чекланилмай, коррупция натижасида орттирилган мол-мулк, пул маблағлари ва бошқа активларни давлат фойдасига ўтказиш чоралари кўрилади. Бу эса жиноят орқали бойишга интилишнинг олдини олишда муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Коррупция туфайли етказилган зарарни қоплашнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида мустаҳкам белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддасига кўра, шахснинг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги натижасида етказилган зарар тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. Ушбу қоида коррупция оқибатида етказилган зарарларга ҳам тўлиқ татбиқ этилади.

Шу билан бирга, амалиётда айрим муаммолар ҳам учраб туради. Хусусан, айбдор шахслар томонидан мол-мулкларни бошқа шахслар номига расмийлаштириб қўйиш, маблағларни яшириш ёки хорижга олиб чиқиб кетиш ҳолатлари зарарни ундириш жараёнини мураккаблаштиради. Бундай вазиятларда халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик механизмлари, давлатлараро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномалар ҳамда активларни қайтаришга қаратилган махсус тартиб-таомиллар муҳим аҳамият касб этади.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари коррупция натижасида бевосита бузилган ва уларга маънавий зарар етказилган ҳолларда судлар томонидан маънавий зарарни ундириш масаласи ҳам кўриб чиқилади. Бу инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади.

Коррупция оқибатида етказилган зарарни ундириш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларининг ижросини таъминлаш асосан Мажбурий ижро бюроси органлари зиммасига юклатилган. Амалиёт шуни кўрсатадики, айрим ҳолларда зарарни қисқа муддатларда тўлиқ ундириш имконияти мавжуд бўлмайди. Бунинг сабаблари сифатида айбдор шахсларнинг мулкларини яшириши, бошқа шахслар номига ўтказиши ёки активларни мамлакат ташқарисига чиқариб юбориши каби ҳолатларни келтириш мумкин.

Судларда кўрилаётган ишлар таҳлили коррупциявий жиноятлар асосан ижтимоий ва молиявий ресурслар катта айланадиган соҳаларда содир этилаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, мактабгача ва мактаб таълими тизими, соғлиқни сақлаш соҳаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, қурилиш ҳамда уй-жой коммунал хўжалиги тармоқларида мазкур турдаги ҳуқуқбузарликлар нисбатан кўпроқ учрамоқда.

Хулоса қилиб айтганда, коррупция нафақат давлат ва жамият манфаатларига, балки иқтисодий тараққиёт ва аҳолининг давлат институтларига бўлган ишончига ҳам жиддий зарар етказади. Шу боис коррупцияга қарши муросасиз курашиш, унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш, айбдор шахсларнинг етказган зарарини тўлиқ қоплашни таъминлаш ҳамда суд қарорларининг самарали ижросига эришиш ҳуқуқий давлат қуришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

 

Гулрано АБИНИЯЗОВА,
фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро суди судьяси