Кашандалик-соғлик кушандаси, умр заволи

 

 

Нукус гарнизони манавият ва маърифат маркази биносида Нукус ҳарбий судининг судья ёрдамчиси Р.Нурниязов, Нукус ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси адлия капитани Ш.Рамазанов ҳамда Қорақалпоқ Давлат университетининг юридика факультети талабалари иштирокида, ўз йигитлик бурчини ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчилар билан 31 май Халқаро кашандаликка қарши курашиш куни муносабати билан “Кашандалик-соғлик кушандаси, умр заволи” мавзусида семинар ўтказилди.

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 1988 йил 31 май куни Халқаро чекишга қарши курашиш куни деб эълон қилинган.Ушбу сананинг глобал мақсади ҳозирги ва келгуси авлодни тамакининг нафақат соғлиқ учун салбий жиҳатларидан, балки ижтимоий, экологик ва иқтисодий талофатларнинг вайронкор оқибатларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили тамаки истеъмоли оқибатида 6 миллионга яқин киши ҳаётдан кўз юмади ва агар унга қарши курашга киришмасак, бу кўрсаткич йилига 8 миллиондан ошади.

 

Тамаки чекиш ҳамма зарарли одатлар орасида энг кўп тарқалганидир. Инсоннинг замонавий ҳаёт тарзида, кашандалик кўпгина сурункали касалликларни келтириб чиқарувчи, иш қобилиятини пасайтирувчи, ногиронликни ва ўлимнинг ёшариб бораётганлигига сабаб бўлувчи хавфли омилларнинг асосийларидан бири бўлиб бормоқда. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг баённомаларига асосан, жаҳонда бир йил давомида 5 миллион киши тамаки чекиш билан боғлиқ бўлган касалликлар туфайли оламдан кўз юмади. Чекувчининг умри чекмайдиганларга қараганда, кунига бир дона сигарет чекканида ҳам ўртача 5-8 йилга қисқароқ экан, суткасига 2 пачка сигарета чекувчи кашандаларда умрининг қисқариши 10 йилдан ошади.

 

Бу — сигарет ҳар олти сонияда бир одамнинг умрига зомин бўлмоқда дегани. Бугун дунёда тамаки чекувчилар сони 1,6 миллиардга яқинлашган. Бу муаммога қарши курашишнинг энг самарали йўли соғлом ҳаёт кечиришни танлашдир.

 

 

Мутахассислар фикрича, соғлом турмуш тарзини яратишда аввало тамаки маҳсулотлари истеъмолига чек қўйиш зарур. Ундаги никотин моддаси инсон саломатлиги учун хавфли бўлиб, юрак, қон-томир, нафас аъзолари касалликларини келтириб чиқариши, организмда хавфли ўсмалар пайдо қилиш эҳтимоли кучли. Улар орасида ҳомиладор аёллар, гўдаклар, болалар, ўсмирлар ва ёшлар ҳаммадан кўп жабр кўрмоқда.

Семинарда мутасаддилар шу бошқа мавзуга оид  маълумот ва тушунчалар берилди.

 

Р.Нурниязов,

Нукус ҳарбий судининг судья ёрдамчиси 

Оилавий зўравонликлар учун қонун олдида жавобгарлик кучайтирилди

Оилавий – маиший зўравонлик муаммоси жамиятимизда учрайдиган энг кўп муаммолардан бири ҳисобланади.

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали ёритилаётган оилавий зўравонлик бўйича турли резонанс ҳолатларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Бунга жавобан, мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўсиб келаётган авлоднинг равнақига, камол топишига эътиборнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши, шубҳасиз, ҳар жиҳатдан таҳсинга лойиқ. Зеро, бугунги тез ўзгараётган замонда халқаро ҳамжамият ва тараққий топган мамлакатлар қаторига кўтарилиш учун ҳаракат қилаётган жамият, биринчи навбатда, бугунги униб-ўсиб келаётган фарзандларининг ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб ҳаётга кириб боришини ўзи учун энг улуғ, керак бўлса, энг муқаддас мақсад, деб билади.

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларни ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгариш ва қўшимчлар киритиш тўғрисида” ги 829-сонли Қонуни билан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексга ва Жиноят Кодексига ўзгаришг ва қўшимчалар киртилди.

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 592-моддаси билан тўлдирилиб, унга кўра, Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни, қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, башарти жиноят аломатлари, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса маъмурий жавобгарликка тортилишига ва бундай ҳуқуқбузарликлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинлади.

Шунингдек Жиноят Кодекси 126-1-моддаси билан тўлдирилиб, унга кўра яъни Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, шунингдек башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, оилавий зўравонлик жуда кенг ва комплекс муаммо ҳисобланиб, худди шундай кенг ва комплекс ечимни талаб қилувчи иллатдир. Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу иллатнинг пайдо бўлиш сабабларининг чуқур тадқиқ қилиниши, унинг ечими бўйича давлат томонидан қонунга киритилаётган ўзгаришлар ўз самарасини беришидан умидвормиз.

 

Раъно Камалова,
Жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси

 

Даъво ариза қисман қаноатлантирилди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университетининг Юридика факультетидаги «Суд зали»да Беруний туманлараро иқтисодий судининг раиси Р.Қурбанбаевнинг раислигида, судья ёрдамчиси Р.Юсупованинг котиблигида, даъвогар вакили Т.Қ, жавобгар раҳбар Ш.Х.ларнинг иштирокида, даъвогар «А К» масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар «B M» масъулияти чекланган жамиятидан Молиявий ёрдам кўрсатиш шартномаси бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъво аризаси кўриб чиқилди.


Суд мажлисида даъвогар вакили даъво талабини қўллаб-қувватлаб, даъво аризани тўлиқ қаноатлантиришни сўради.

Жавобгар жамият раҳбари даъво талабларини тан олишини билдириб, пеня миқдорини камайтириб беришни сўради.

Суд ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, даъво аризани қисман қаноатлантиришни маъқул топди.

 

Р.Қурбанбаев,  

Беруний тумалараро иктисодий суди раиси 

Фирибгарга 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университети ҳуқуқшунослик факультетида ташкил этилган махсус ўқув суд залида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбланувчи А.Ю-га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Нукус туман суди раиси А.Сейтанов томонидан очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Судланувчи А.Ю. фирибгарлик, яъни алдаш йўли билан ўзганинг анча миқдордаги мулкини қўлга киритиш мақсадида, ўзининг танишлари орқали фуқаро М.Т-ни Миллий Гвардия тизимига 4000 АҚШ доллари эвазига, ишга киритишни ваъда қилиб, шундан 2000 АҚШ долларини 02.03.2023 йили Нукус шаҳри, А.Пушкин кўчаси бўйида жойлашган “Туронбанк” банк шаҳобчаси ёнида фирибгарлик йўли билан олган вақтида ушланган ва кимёвий ишлов берилган пуллар ашёвий далил тариқасида олинган.

 

Судланувчи М.Ю. ўзининг юқоридаги ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни қасддан содир қилган. Шунингдек, судланувчи М.Ю. ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни ўз олдига мақсад қилиб қўйиб, мулкий наф кўриш мақсадида фуқаро М.Т-ни алдаш йўли билан, Миллий гвардияда ишловчи танишлари орқали 4000 АҚШ доллари эвазига ишга киритишни ваъда қилиб, уни давлат органининг мансабдор шахсига пора беришни далолат қилиб, қонунга хилоф эканлигини билан туриб, пора беришга қизиқтириб, 02.03.2023 йил Нукус шаҳри, А.Пушкин кўчаси бўйида жойлашган “Туронбанк” банк шаҳобчаси ёнида фирибгарлик йўли билан 2000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган ва кимёвий ишлов берилган пуллар ашёвий далил тариқасида олинган.

Судланувчи М.Ю Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор топилиб, 1 (бир) йил муддатга ташкилий бошқарув ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ва иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 (уч) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шундан сўнг Жиноят ишлари бўйича Нукус туман судининг раиси А.Сейтанов талабаларга сайёр суднинг мазмун-моҳияти, кутилган самараси ҳақида тушунтириб, бугунги суд мажлиси, унда кўрилган иш, бундан чиқадиган хулосалар ҳақида гапирди. Талабаларнинг фикрини сўраб, барчани суҳбатга тортди. Шунингдек, «Фуқаролар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, аҳолини ҳуқуқий саводхонлигини ошириш» мавзуларида давра суҳбати ўтказилди.

А.Сейтанов,
Жиноят ишлари бўйича Нукус туман судининг раиси

Устозларга эҳтиром кўрсатиш, уларни ёд этиш муқаддас бурч

Устоз … ҳаёт тушунчаси пайдо бўлганидан буён яшаб келаётган сиймо. Шу боис, азал-азалдан устоз-мураббийларга бўлган ишонч, ҳурмат-иззат ўзгача. Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади.

 

Нукус ҳарбий суди фахрийси нафақадаги устоз Қдирниязова Сарибике Досбергеновна ҳам бугунги кунда шогирдлари ардоғидаги ана шундай нуроний онахонлардан.

 

 

9 май-Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Нукус ҳарбий судининг ходимлари жумладан девонхона мудири Д.Аллашов, судья ёрдамчиси Р.Нурниязов ва иш юритувчи Я.Сарсенбаевлар Сарибике аянинг хонадонида бўлиб,  файзли дастурхон атрофида мазмунли суҳбат уюштирилди.

 

 

Устозлар барҳаёт, уларнинг шогирдлари, қолдирган илму маърифатлари сабаб эзгу ишлари доимо бардавомдир. Шу сабабдан ҳам, устозларга эҳтиром кўрсатиш, уларни ёд этиш муқаддас бурч ҳисобланади.

 

Дамир Аллашов, 

Нукус ҳарбий судининг девонхона мудири

СУД ФАХРИЙСИ 80 ЁШДА

#Қутлов

Суд тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрий-судья, “Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Кожаназаров Алланияз Султамуратович жорий йилнинг 3 май куни муборак 80 ёшни қарши олди.

 

 

Алланияз Кожаназаров 1975-1995 йилларда Тахиатош шаҳар, Қонликўл ва Ходжейли туман судларида раис, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида меҳнат қилиб қонун устворлигини таъминланишида муносиб ҳисса қўшган.

 

 

Қорақалпоғистон Республикасининг суд фахрийларидан Арзыбийке Жанибекова, Жамила Хощанова, Бағдагул Бегжанова ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси Саодат Қайпназарова, жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди раиси Шарапат Шамамбетов, судья Махмуд Байниязовлар фахрий-судьянинг хонадонида бўлиб, Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик Маркази раиснинг табрик хати ўқиб эшиттишди ва устозларини муборак ёши билан табриклаб узоқ умр ва мустаҳкам соғлик тилади.

 

Саодат Қайпназарова,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси 

Уйини фоҳишахонага айлантирган қарияга ҳукм ўқилди

Ҳақиқий ҳаёт эллик-олтмиш ёшдан кейин бошланади. Бу ёшда одам чинакамига пишиб етилади, бошқалар ўрнак олса арзигулик хислатларга эга бўлади, бировларга сабоқ бўладиган нарсаларни тушуниб етади. Албатта, ўзининг панду-насиҳатлари билан фарзандлари, невараларига тўғри йўл кўрсатиб, уйнинг фариштаси бўлиб тўрини тўлдириб ўтиради.

Аммо, Шамил ота (исмлар ўзгартилган) 65 ёшни қоралаган бўлсада, қарилик гаштини сўриб, барчага ўрнак кўрсатиш ўрнига энг жирканч ишга қўл уради. Яъни ўз уйини ўзгаларнинг шахфоний эҳтиёжларини қондириш учун фоҳишахонага айлантиради. Оиласидан ажралиб, ичкиликка муккасидан кетган Шамил энди осонгина енгил йўл билан пул топиш илинжига тушади. Нима қилса эдики, пул уйига ўз оёғи билан оқиб келаверса…

Қария бунинг йўлини ҳам топти, ҳайхотдек хонадонда битта ўзи турса, унга “қўй бу ишни қилма” дейдиган “хўжаси” йўқ бўлса… Бир неча марта кўчадаги “севишганлар”га уйидан жой бериб, уларга пули эвазига “ғамхўрлик” қилиб жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб беради.

2022 йилнинг 25 июль куни соат 17:30 ларда навбатдаги ошиқ-мошиқлар 1991 йилда туғилган “С” ва 1994 йилда туғилган “И”лар висол илинжида Шамилнинг уйига келиб “ота севган қизим бор эди, у билан келиб сизнинг уйингизда бир кеча қолсак бўладими, бунинг эвазига сизни рози қиламан” деб, келишиб кетади.
2022 йил 25 июль куни соат 23:00 ларда “С” ва “И”лар қариянинг уйига келади, “ота биз келдик, севган қизим билан уйингизда жинсий алоқада бўламиз, тунаймиз” деган «И» нинг сўзларига қария майли тушакни ўзларинг солиб олинглар деб, уларга хонани кўрсатиб 100 000 сўм пулни олиб ўз хонасига кириб кетади. Ошиқлар кирган хонада курпача солинган, ҳатто баклашкада сув ҳам тайёр қилиб қўйилганди.

Қўнғирот тумани “Қаратал” маҳалласида яшовчи  Шамилнинг бундай қилмишлари узоққа бормади. Шу куннинг ўзида унинг жинояти ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари томонидан холис гувоҳлар иштирокида фош этилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-статьяси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланиб, иши судта кўрилди.

Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди томонидан 65 ёшни қаршилиган қария Шамилнинг иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Судта Шамилнинг қилган қилмишидан астоидил пушайман эканлиги, унинг оқибатларини тушуниб кетганлиги, пенсия ёшидалиги, ёлғизлиги, жаримани тўлай олмаслиги ҳисобга олиниб, суд ҳукми билан унга бир йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

Даўлетбай Разов,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси

Жариймани камайтириш қимматга тушди  

Бўлажак юристлар иштирокидаги навбатдаги очиқ сайёр суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Амударё суди раиси А.Сафаровнинг бошчилигида  Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланган “Б” исмли шахснинг жиноят иши кўриб чиқилди.

 

 

1991 йилда Амударё туманида тўғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, ишсиз, муқаддам судланмаган “Б” исмли шахс 2022 йил 27 декабрь куни ўз яшаш уйи ёнида фуқаро “К” га  2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддаси 3-қисми билан қўлланилган 2.700.000 сўм маъмурий жаримасини йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ишловчи танишлари орқали 30 фоиз чегирмаси билан камайтириб тўлаб беришини айтиб, алдаш йўли билан ундан  1.900.000 сўм пулларини олиб, ушбу пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

 

 

Бундан ташқари, “Б” исмли шахс 2023 йил январь ойи охирларида Манғит шаҳри Бердах кўчаси бўйида фуқаро “С” ва унинг қариндоши “Қ”га  2023 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисми билан қўлланилган 3.000.000 сўм маъмурий жаримасиниҳам ўз танишлари орқали  30 фоиз чегирмаси билан камайтириб тўлаб беришини айтиб, алдаш йўли билан ундан 1.770.000 сўм пулларини олиб, ушбу пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

 

 

Суд мажлисида судланувчи “Б”  айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ҳақиқатида ўзининг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида ишловчи танишлари йўқ эканлиги, пулларни онаси касал бўлганлиги учун униг дориларига ишлатиб юборганлиги, жабрланувчиларга пулларини қайтариб берганлиги ҳақида кўрсатув берди.

Суд судланувчининг айби, айбига тўлиқ иқрор бўлиб берган кўрсатувидан ташқари, жабрланувчиларнинг ва гувоҳларнинг кўрсатувлари билан, шунингдек, воқеа жойини кўздан кечириш баённомалари билан тасдиқланади.

Суд судланувчига жазо тайинлаганда, унинг айбига иқрор эканлиги, қилмишидан пушаймон эканлиги, келтирилган зарарни ихтиёрий қоплаганлиги жазосини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, оғирлаштирувчи ҳолатлар эса йўқ деб, унга айбланаётган модда санкцияси доирасида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлашни, қамоқда сақланган 7 кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан чегиришни, ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг унга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини бекор қилишни, жабрланувчиларга етказилган зарарлар тўлиқ қопланганлигини инобатга олишни лозим топади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуаль кодексининг 454-457, 462, 463, 465, 468, 471-473, 476-моддаларига амал қилиб, суд ҳукм қилди. “Б” Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли  деб топилсин ва унга ушбу модда билан ҳар ойлик иш ҳақисининг 10% даромадини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлансин.

“Б” нинг 22.03.2023 йилдан 28.03.2023 йилга қадар қамоқда сақланган 7 куни Жиноят кодексининг  62-моддаси тартибида ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 21 кунига тенглаштирилиб, жазосидан чегирилсин ва ўташ учун 1 йил 11 ой 9 куни қолдирилсин.

“Б” га тайинланган аҳлоқ тузатиш ишлари жазосининг ижроси устидан назорат қилиш Амударё тумани ИИО пробация гуруҳига юклатилсин.

Ахлоқ тузатиш ишлари жазоси пробация гуруҳи белгилаб берган жойда ўтаттирилсин ва жазо муддати корхона, муассаса, ташкилотларда иш бошлаган кундан бошлаб ҳисоблансин.

Жабрланувчиларга етказилган зарар қопланганлиги инобатга олинсин.

Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан
йигирма сутка ичида, судланувчи ва жабрланувчилар эса ҳукм кўчирмасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди орқали апелляция тартибида Қорақалпоғистон Республикаси судига шикоят бериши, прокурор протест билдириши мумкин.

 

 

Асқар Сафаров,

жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси

 

Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланади

Охирги пайтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бермоқда.

Бироқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги амалдаги кодексида хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига нисбатан қонунга хилоф равишда турли шаклларда таъсир ўтказганлик, шунингдек тиббиёт ходимларининг тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун тўғридан-тўғри маъмурий жавобгарлик белгиланмаган.

Шу муносабат билан 2023 йил 27 март куни Ўзбекистон Республикасининг «Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-827-сонли Қонуни қабул қилинди.

Беруний туманлараро иқтисодий суди судьяси Б.Бекмуратов Беруний туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан ўтказилган очиқ мулоқатда айни қонун ҳужжатининг мазмуни ва аҳамияти ҳусусида соҳа вакиллари кенг турда тушунчалар бериб ўтди. Жумладан, қонунга биноан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиловчи янги модда билан тўлдирилмоқда.

 

 

Хусусан, ушбу Кодекс қуйидаги мазмундаги «Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш» деб номланган 1977-модда билан тўлдирилди, яъни тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

 

Таъкидлаш жоизки, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олишга, шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.

 

Б.Бекмуратов,  

Беруний туманлараро иқтисодий суди судьяси 

Янгиланаётган Конституцияда фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси

Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси А.Сафаров, Нукус туманлараро маъмурий судининг раиси Б.Досимбетов, Амударё туман ҳокимлиги маъсул ходимлари иштирокида тумандаги  82-сонли мактабнинг мажлислар залида Манғит шаҳари ва шаҳар атрофи мактаб директорлари ва директор ўринбосарларининг иштирокида “Янгиланаётган Конституцияда фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси” ва Педагог ходимини меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш билан боғлиқ қабул қилинган ЎРҚ-826-сонли Қонунининг мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан очиқ мулоқат бўлиб ўтди.

Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси А.Сафаров сўзга чиқиб, Янгиланаётган Конституция бўйича, таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилаётганлигини, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлишини, ижтимоий давлатга хос ёндашувлар таълим соҳасига оид кўплаб модда ва нормаларда ҳам ўз ифодасини топаётганлигини таъкидлади. Жумладан, таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошмоқда,  фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилмоқда. Маълумот тариқасида айтиш мумкинки, 2017 йилгача олийгоҳларда ўқиш учун давлат грантлари сони фақат қисқариб келган бўлса, охирги олти йилда бу борадаги аҳвол бутунлай ўзгарди. Грантлар сони 2 бараваркўпайиб, 40 мингтага етди. Магистратура учун эса 5 баравар кўпайганди. Асосий қонунда фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши ҳам белгиланмоқда. Ногиронлиги бор болажонларимизга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутиляпти. Шунинг учун, бундай имкониятлар инклюзив таълим сифатида Конституцияга киритилмоқда. Бу шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун муҳим кафолатдир.

Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтириляпти. Бу қоидалар мамлакатимиздаги 685 минг нафардан ортиқ ўқитувчиларнинг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим янгилик – давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитларяратиши конституциявий мустаҳкамланмоқда. Ушбу норманинг киритилиши жамиятимизда оила мустаҳкамлиги ва мўътабарлигини барқарор таъминлашга хизмат қилади.

Энди фарзандлар тарбияси, уларга таълим бериш, баркамол вояга етказиш ҳам ота-она мажбурияти сифатида белгиланмоқда. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш эса давлатнинг бурчи сифатида белгиланмоқда.

Конституцияда ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи кафолатланмоқда. Мазкур норманинг Конституцияда белгиланиши фуқароларнинг иш ҳақлари миқдори шунчаки эмас, айнан уларнинг муносиб турмуш кечиришини таъминлашда, пировард натижада аҳоли турмуш даражасини яхшилашда ва мамлакатимизда ижтимоий адолатни устувор қадриятга айлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Лойиҳада ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгиланмоқдаки, булар давлатимизда гендер тенглиги принциплари тўлақонли амал қилишига олиб келиши тайин.

Бундан ташқари, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши ҳам мустаҳкамланётганлигини.

Қолаверса, давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайтатайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши қайд қилинмоқда. Бу янги норма иш билан таъминланмаган фуқароларни камбағаллик ҳолатига тушиб қолишининг олди олишга ёки камбағаллик тоифасига кириб қолган фуқароларни ундан чиқариш бўйича давлат томонидан тегишли чоралар кўрилишига конституциявий кафолат сифатида хизмат қилишини.

Конституцияда болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, аҳлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши белгиланмоқда. Бугунги Ўзбекистонда узоқ йиллар юртимизнинг халқаро имиджига салбий таъсир қилиб келган мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди.

Мулоқотлар чоғида, Нукус туманлараро маъмурий судининг раиси Б.Досимбетов сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Бироқ педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этиш ҳоллари давом этмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.

Ушбу Қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

 

 

Асқар Сафаров,

Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси 

Skip to content