МУРОЖААТЛАР — АДОЛАТ КЎЗГУСИ: СУД ТИЗИМИДА ЯНГИЧА МУНОСАБАТЛАР ДАВРИ
Бугунги кунда давлат ташкилотлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар бутунлай янги босқичга кўтарилди. Энди «фуқаро давлат учун эмас, давлат фуқаро учун» деган шиор реал ҳақиқатга айланмоқда. Бу ўзгаришлар, айниқса, суд тизимида яққол намоён бўлмоқда.
Илгари суд муассасалари кўпчилик учун «ёпиқ қўрғон» сифатида қабул қилинар эди. Одамлар ўз муаммолари билан судга мурожаат қилишдан чўчир, суд жараёнларининг мураккаблиги эса уларни чарчатар эди. Бугунги ислоҳотларнинг асосий мақсади эса — инсон қадрини улуғлаш, адолатни ҳар бир инсоннинг қалби ва хонадонига олиб киришдан иборат.
Рақамлаштириш — адолатнинг янги кучи
Суд тизимидаги «Янги давр»ни рақамлаштиришсиз тасаввур этиб бўлмайди. «E-SUD» электрон ҳужжат алмашиш тизими, суд мажлисларини онлайн трансляция қилиш, суд ҳужжатларини электрон шаклда олиш каби имкониятлар фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олмоқда. Энг муҳими, мурожаатларни «инсон омили»сиз кўриб чиқиш коррупция хавфини кескин камайтиради.
Эндиликда фуқаро ўз мурожаатининг қайси босқичда эканлигини, унинг ижроси кимга юклатилганини масофадан туриб кузатиш имкониятига эга. Бу — судга бўлган ишончни тиклашнинг энг ишончли йўлларидан бири ҳисобланади.
Муаммоларга ечим — маҳаллада
Суд тизимида аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг энг самарали йўли сифатида сайёр қабуллар амалиёти кенг жорий этилди. Судьяларнинг ўзлари фуқароларнинг яшаш жойларига, маҳаллаларга чиқиб, уларнинг дард-ташвишларини тинглаши, жойида ҳуқуқий тушунтириш бериши ёки муаммоларни суд тартибида ҳал этиш имкониятларини кўриб чиқиши юзлаб инсонларнинг ҳаётини енгиллаштирмоқда.
Бундай мулоқотларда одамлар нафақат қонуний ечимни, балки ўзларига нисбатан эътибор ва ғамхўрликни ҳам ҳис қилмоқда. Зеро, адолат нафақат суд залида, балки инсонларнинг розилигида, уларнинг муаммолари ўз вақтида ҳал этилишида ҳам намоён бўлади.
Янги давр — юксак масъулият
Бугунги кунда суд тизими ходимлари олдига қўйилаётган талаблар ҳам ўзгарди. Эндиликда судья ёки суд аппарати ходими фақат ҳужжатларни расмийлаштирувчи эмас, балки муаммони чуқур ҳис этадиган, қонун доирасида инсонпарвар қарор қабул қила оладиган шахс бўлиши ҳам талаб этилмоқда.
Албатта, тизимда ҳали камчиликлар, муаммолар мавжуд. Лекин энг муҳими — бугунги суд тизими камчиликларни яширмасдан, уларни очиқ муҳокама қилмоқда ва бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мурожаатлар билан ишлашдаги ушбу «янги давр» — халқнинг давлатга, адолатга бўлган ишончининг ортиши демакдир. Адолатли судлов эса — кучли жамият ва тараққий этган давлатнинг асосидир.
Азат ИМАТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси
Гулмира БАЙНАЗАРОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси






