МЕДИАЦИЯ — НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШНИНГ ЗАМОНАВИЙ ВА САМАРАЛИ ЙЎЛИ
Бугунги глобаллашув даврида жамиятда турли ҳуқуқий муносабатлар кенгайиб борар экан, инсонлар ўртасида турли низо ва келишмовчиликлар келиб чиқиши ҳам табиий ҳолдир. Бундай вазиятларда низоларни тезкор, адолатли ва ўзаро манфаатли тарзда ҳал қилиш масаласи дунё ҳамжамияти учун долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, медиация институти бугунги кунда низоларни ҳал этишнинг энг самарали ва замонавий усулларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, судларда иш ҳажмини камайтириш ҳамда аҳоли ўртасида муроса маданиятини шакллантириш мақсадида медиация институтини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, “Медиация тўғрисидаг”и Қонуннингқабул қилиниши мамлакатимиз ҳуқуқий ҳаётида муҳим қадам бўлди. Ушбу қонун медиация соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, медиаторларни тайёрлаш, медиация хизматини ташкил этиш, суд ва бошқа органлар амалиётида медиация тартиб-таомилларини кенг қўллаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.
Қонуннинг 4-моддасига кўра, медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули ҳисобланади. Оддий қилиб айтганда, бу низолашувчи томонларнинг мустақил ва холис бўлган учинчи шахс — медиатор ёрдамида муроса йўли билан келишувга эришишидир.
Медиациянинг энг муҳим афзалликларидан бири шундаки, унда тарафлар ўзаро муносабатларни сақлаб қолади. Суд жараёнида, одатда, бир тараф ғолиб, иккинчи тараф мағлуб бўлади. Медиацияда эса ҳар икки томон учун мақбул ечим топилишига эришилади. Бу эса инсонлар ўртасидаги ишонч, ҳурмат ва ҳамкорлик муносабатларини сақлаб қолиш имконини беради.
Қонунчиликда медиациянинг бир нечта турлари белгиланган. Жумладан, суддан ташқари медиация, судга қадар медиация, суд жараёнидаги медиация ҳамда суддан кейинги медиация турлари мавжуд. Бу эса фуқароларга низони ҳал қилишнинг энг қулай ва мақбул йўлини танлаш имконини яратади.
Медиация суд жараёни бошланмасдан аввал ҳам, суд муҳокамаси вақтида ҳам, ҳатто суд ҳужжатларини ижро этиш босқичида ҳам қўлланилиши мумкин. Шунингдек, ҳакамлик судларида ҳам қарор қабул қилингунига қадар медиация тартиб-таомилидан фойдаланиш мумкинлиги белгиланган.
Медиацияни амалга ошириш учун тарафлар ўзаро келишув асосида бир ёки бир неча медиаторни танлайди. Медиаторнинг асосий вазифаси — тарафларни эшитиш, улар ўртасида конструктив мулоқот муҳитини яратиш ва муросага эришишга кўмаклашишдан иборат.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, медиатор мутлақо бетараф бўлиши шарт. У тарафлардан бирининг манфаатини ҳимоя қилишга, ҳуқуқий маслаҳат беришга ёки бирор тарафни устун ҳолатга қўйишга ҳақли эмас. Бу медиация жараёнининг шаффоф ва адолатли бўлишини таъминлайди.
Қонунчиликка мувофиқ, медиацияга оид келишувлар бир неча шаклда тузилиши мумкин. Жумладан, медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ҳамда медиатив келишув мавжуд.
Медиатив келишув — медиация жараёни якунлари бўйича тарафлар ўртасида эришилган келишув бўлиб, у тарафлар учун мажбурий кучга эга ҳисобланади. Мазкур келишув унда белгиланган тартиб ва муддатларда ихтиёрий равишда бажарилиши лозим. Агар медиатив келишув бажарилмаса, тарафлар судга мурожаат қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Медиация жараёнида профессионал ва нопрофессионал медиаторлар иштирок этиши мумкин. Профессионал медиатор олий маълумотга эга бўлиши, махсус ўқув курсларини тамомлаши, малака имтиҳонидан ўтиши ва Медиаторлар реестрига киритилган бўлиши лозим.
Бу талаблар соҳада профессионаллик, масъулият ва ишонч муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, адвокат ва нотариус мақомига эга шахслар учун айрим енгилликлар ҳам назарда тутилган.
Бугунги кунда медиация нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга институт сифатида намоён бўлмоқда. Чунки у аҳоли ўртасида муроса маданиятини ривожлантириш, низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш, ортиқча вақт ва маблағ сарфининг олдини олишга хизмат қилади.
Энг муҳими, медиация инсонлар ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолиш имконини беради. Айниқса, оилавий, меҳнат, қўшничилик ва тадбиркорлик муносабатларида бу жуда муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, ҳар қандай низони муроса ва келишув орқали ҳал қилиш — жамият барқарорлиги, ўзаро ҳурмат ва адолат муҳитини мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир.
Медиация — бу фақат ҳуқуқий тартиб-таомил эмас. Бу — мулоқот, ўзаро ҳурмат ва тинч келишув маданиятидир.
Саодат КАИПНАЗАРОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси






