ЁШЛАР КЕЛАЖАГИГА ТАҲДИД: ГИЁҲВАНДЛИК ВА УНИНГ ОҚИБАТЛАРИ
Гиёҳвандлик — бу нафақат бир инсоннинг соғлиги ва тақдирига таҳдид солувчи иллат, балки бутун жамият барқарорлигига жиддий хавф туғдирадиган оғир ижтимоий муаммодир. У инсоннинг онгини заифлаштириб, иродасини синдиради, уни маънавий таназзул ва жиноят йўлига етаклайди. Гиёҳвандликка мубтало бўлган шахс нафақат ўз ҳаётини издан чиқаради, балки унинг оиласи, фарзандлари ва яқинлари ҳам руҳий ва моддий жиҳатдан оғир зарба олади.
Бу иллат жамиятда жиноятчиликнинг ортишига, оилалар парокандалигига, ёшлар келажагининг издан чиқишига сабаб бўлади. Айниқса, ёш авлоднинг гиёҳвандлик домига тушиб қолиши миллат келажаги учун жиддий хавф ҳисобланади. Шу боис, гиёҳвандликка қарши курашиш, унинг олдини олиш ва аҳоли ўртасида ҳуқуқий онгни ошириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
Агар амалиётга мурожаат қиладиган бўлсак, Жиноят ишлари бўйича Мўйноқ туман судида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилиб, судланувчига нисбатан қонуний ҳукм чиқарилди.
Судда аниқланишича, фуқаро Р.Б 2025 йил 10 январь куни гиёҳвандлик моддаси — гашишни қонунга хилоф равишда бошқа шахсга ўтказиш мақсадида сақлаб, уни етказиб беришга уринган. Ушбу ҳаракат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фош этилган.
Текширув жараёнида судланувчининг турли жойларга яшириб қўйилган жами 4 бўлак гашиш гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмий тартибда олинган. Суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра, ушбу моддалар таркибида фаол гиёҳванд модда — тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, умумий соф оғирлиги 1,3 граммни ташкил этган.
Суд мажлисида судланувчи ўз айбига қисман иқрор бўлиб, гиёҳвандлик моддасини аввал шахсий истеъмол учун сотиб олганини, кейин эса танишининг таклифи билан уни биргаликда истеъмол қилиш мақсадида олиб чиққанини билдирган. Шу билан бирга, у қилмишидан пушаймонлигини баён этган.
Суд томонидан иш материаллари, гувоҳлар кўрсатувлари ва экспертиза хулосалари ҳар томонлама таҳлил қилиниб, дастлабки тергов органи томонидан берилган ҳуқуқий баҳо қайта кўриб чиқилди. Аниқланишича, гиёҳвандлик моддаси бошқа шахсга амалда ўтказилмагани сабабли, жиноят охирига етказилмаган деб топилиб, ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25 ва 273-моддаларига мувофиқ қайта квалификация қилинди.
Суд жазо тайинлашда судланувчининг айбига иқрорлиги, чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, оилали экани ва икки нафар фарзанди борлигини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида инобатга олди. Шу асосда унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, енгилроқ жазо тайинланди.
Суд ҳукмига кўра, Р.Б Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.
Шунингдек, иш бўйича ашёвий далиллар қонуний тартибда йўқ қилиниши, процессуал чиқимлар эса айбдордан ундирилиши белгиланди.
Мазкур ҳолат яна бир бор гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини кўрсатади. Судлар томонидан бундай жиноятларга нисбатан қатъий ва адолатли чоралар қўлланилиши жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда гиёҳвандликка қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган бўлиб, мазкур жиноят турига нисбатан муросасиз ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд идоралари ва мутасадди ташкилотлар томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кенг кўламли профилактик ва тезкор тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Суд амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳар қандай ҳуқуқбузарликка нисбатан қонун доирасида қатъий жавобгарлик муқаррар. Бу эса жамиятда қонунийликни таъминлаш, аҳоли, айниқса ёшларни бундай иллатдан асрашга хизмат қилади.
Дамир ЗИЯМБЕТОВ,
Жиноят ишлари бўйича Мўйноқ тумани суди раиси





















