СУДГА ИШОНЧ ҚАЕРДАН БОШЛАНАДИ? «АДОЛАТ ҚЎРҒОНИ»ДАН
«Одил судлов — 2030» стратегиясида белгиланган муҳим устувор йўналишлардан бири — «Адолат қўрғони».
Бу номнинг ўзида катта маъно бор. Чунки суд, аввало, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган, ҳар қандай таъсир ва аралашувдан холи бўлган мустаҳкам таянч бўлиши керак.
Бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади ҳам — инсонни судга эмас, судни инсонга янада яқинлаштиришдир.
Фуқаро ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилганда ортиқча оворагарчилик, бюрократик тўсиқларга дуч келмаслиги керак. Шу мақсадда судларга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш, «ягона дарча» тамойилини кенгайтириш, судларни аҳолига яқинлаштириш ва узоқ ҳудудларда яшаётган фуқаролар учун ҳам одил судловдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу ерда яна бир муҳим масала бор. Судга мурожаат қилган инсон, энг аввало, унинг гапи эшитилишини, ишига холис ва адолатли баҳо берилишини кутади. Шунинг учун суд жараёнида тарафларнинг тенглиги, ҳар бир далил ва важга холис баҳо бериш, ишларни оқилона муддатларда кўриб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.
Суд қарорлари ҳам фуқаро учун тушунарли бўлиши лозим. Қарор қанчалик мураккаб ҳуқуқий ҳужжат бўлмасин, унинг мазмуни аниқ, мантиқий ва равшан баён этилса, инсон ўз ҳуқуқи ва мажбуриятини яхшироқ англайди.
Албатта, «Адолат қўрғони»нинг энг муҳим устунларидан бири — судья мустақиллигидир. Судья қарор қабул қилишда фақат қонунга, иш бўйича тўпланган далилларга ва ўзининг ҳуқуқий ишончига таянади. Унинг фаолиятига ҳар қандай ташқи таъсир ёки аралашувга йўл қўйилмаслиги — одил судловнинг энг муҳим кафолатидир.
Шу билан бирга, судьяларни судловга бевосита алоқадор бўлмаган вазифалардан озод қилиш, судларнинг ташкилий ва маъмурий фаолиятини самарали ташкил этиш ҳам суд мустақиллигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зеро, суд — фақат низони ҳал қиладиган муассаса эмас. Суд — инсоннинг ҳуқуқи, қадр-қиммати ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган муҳим давлат институти.
Шу маънода, «Адолат қўрғони» — шунчаки чиройли ном эмас. Унинг замирида аниқ мақсад мужассам: инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва мустақил судловни кафолатлаш.
Адолатнинг ҳақиқий мезони эса — ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи қонун олдида бирдек ҳимоя қилинганида намоён бўлади. Судга ишонч мустаҳкам бўлса, жамиятда қонунга ишонч ҳам мустаҳкам бўлади.
Жеткиншек ҚДИРНИЯЗОВ
жиноят ишлари бўйича Шўманой тумани суди тергов судьяси






