«ОДИЛ СУДЛОВ — 2030»: РАҚАМЛАР ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ

 

 

«Одил судлов — 2030» стратегияси — мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим ҳужжат.

 

Менимча, унинг энг муҳим жиҳати шундаки, стратегия марказида — инсон турибди. Яъни инсоннинг ҳуқуқи, унинг эркинлиги, қонуний манфаати ва, энг муҳими, адолатга бўлган ишончи. Стратегияда суд тизимини ривожлантиришнинг 6 та устувор йўналиши белгиланган.

 

Булар — «Халқчил суд», «Адолат қўрғони», «Кафолатланган адолат», «Адолат посбонлари», «Рақамли одил судлов» ва «Халқаро эътироф».

 

Бу йўналишлар доирасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган 160 та аниқ чора-тадбир белгиланган. Шунингдек, 2030 йилга қадар эришилиши лозим бўлган 33 та асосий мақсад назарда тутилган.

 

Албатта, рақамлар муҳим. Лекин фуқаро учун энг муҳими — бу ислоҳотлар унинг ҳаётида қандай акс этади?

Менимча, буни энг аввало судга мурожаат қилган инсон ҳис қилиши керак.

Фуқаро судга келганда сарсон бўлмаслиги керак.

«Қайси судга мурожаат қиламан? Қандай ҳужжат керак? Яна қаерга боришим лозим?» деган саволлар билан овора бўлмаслиги керак.

Аксинча, судга келган инсон ўз муаммоси эшитилишига ва қонуний ечим топишига ишонч ҳосил қилиши керак.

 

Ана шу нуқтаи назардан, стратегиядаги «Адолат қўрғони» йўналиши алоҳида аҳамиятга эга.

 

«Адолат қўрғони» — бу, аввало, инсон ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинадиган, ҳар қандай ташқи таъсир ва аралашувдан холи бўлган мустақил суд тизими дегани.

Чунки инсон судга, одатда, оддий ҳаётий масала билан мурожаат қилади.

 

Кимдир оилавий низо билан келади. Кимдир мерос масаласида ҳуқуқини ҳимоя қилмоқчи бўлади. Яна кимдир меҳнат, мулк ёки қарз билан боғлиқ муаммосини ҳал қилиш учун судга мурожаат қилади.

 

Ҳар бир инсон учун эса унинг муаммоси — муҳим.

 

Шунинг учун суд ҳар бир ишга холис ёндашиши, тарафларни тенг эшитиши ва қарорни фақат қонун ҳамда далилларга асосланиб қабул қилиши керак.

Бу ерда судья мустақиллиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

 

Судья қарор қабул қилаётганда кимнингдир мавқеига ёки таъсирига эмас, қонунга таянади. Судья мустақиллиги — судья учун имтиёз эмас.

Бу — фуқаронинг адолатли судловга бўлган ҳуқуқи кафолати. Стратегияда судни инсонга янада яқинлаштиришга ҳам катта эътибор қаратилган.

 

Хусусан, 2030 йилга қадар фуқаролик ишлари бўйича судларни 208 та туман ва шаҳарда босқичма-босқич ташкил этиш белгиланмоқда. Бунинг аҳамияти жуда катта. Чунки айрим ҳолларда инсон ўзининг оддий ҳаётий муаммоси бўйича судга бориш учун ўнлаб, ҳатто юзлаб километр йўл босишига тўғри келади.

 

Масалан, оилавий масала ёки мерос низоси учун одам бошқа туманга бориб келишга мажбур бўлмаслиги керак.

 

Суд инсонга яқин бўлиши керак. Шунингдек, «Ягона дарча» тамойилининг жорий этилиши ҳам фуқаролар учун катта қулайлик яратади. Инсон бир ҳужжат учун бир нечта хонага кириб чиқмаслиги, қаерга ва қандай мурожаат қилишини осон билиши керак.

 

Яна бир муҳим масала — суд қарорининг тушунарли бўлиши.

 

Менимча, инсон суд қарорини ўқиганда, энг аввало, битта саволга жавоб топиши керак: «Нега суд айнан шундай қарор қабул қилди?» Шунинг учун қарор қонуний ва асосли бўлиши билан бирга, аниқ, мантиқий ва оддий фуқаро тушунадиган даражада равшан баён қилиниши муҳим. Адолат эса фақат қарорнинг ўзи эмас. Ишнинг ўз вақтида кўрилиши, тарафларнинг тенглиги таъминланиши, ҳар бир далилга холис баҳо берилиши ва қабул қилинган қарорнинг ўз вақтида ижро этилиши ҳам адолатнинг бир қисми.

 

Стратегияда судьяларни судловга бевосита алоқадор бўлмаган вазифалардан озод қилиш ҳам назарда тутилган.

 

2028 йилдан «суд маъмурчилиги» институтининг жорий этилиши ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Яъни судьянинг асосий вазифаси — хўжалик ёки маъмурий ишлар билан эмас, одил судлов билан шуғулланиш.

 

Чунки судьянинг вақти қанчалик кўп одил судловга йўналтирилса, суд қарорларининг сифати ҳам шунчалик ошади. Шунинг учун мен «Адолат қўрғони»ни шундай тасаввур қиламан: унинг пойдевори — қонун устуворлиги. Мустаҳкам деворлари — суд мустақиллиги. Унинг ичида эса ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ва қонуний манфаати ишончли ҳимоя қилиниши керак.

 

Энг муҳими — бу қўрғон ҳамма учун бирдек мустаҳкам бўлиши шарт.

 

Чунки адолатнинг ҳақиқий қиймати — унинг кимгадир эмас, барчага бирдек таъминланишида. Ва ишончим комилки, «Одил судлов — 2030» стратегиясида белгиланган вазифалар изчил амалга оширилса, судга бўлган ишонч ҳам, қонунга бўлган ҳурмат ҳам янада юксалади.

 

 

 

Низаматдин АБДАКИМОВ,

Қорақаплоғистон Республикаси суди судьяси

 

 

 

СУДГА ИШОНЧ ҚАЕРДАН БОШЛАНАДИ? «АДОЛАТ ҚЎРҒОНИ»ДАН

 

«Одил судлов — 2030» стратегиясида белгиланган муҳим устувор йўналишлардан бири — «Адолат қўрғони».

 

Бу номнинг ўзида катта маъно бор. Чунки суд, аввало, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган, ҳар қандай таъсир ва аралашувдан холи бўлган мустаҳкам таянч бўлиши керак.

 

Бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади ҳам — инсонни судга эмас, судни инсонга янада яқинлаштиришдир.

 

Фуқаро ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилганда ортиқча оворагарчилик, бюрократик тўсиқларга дуч келмаслиги керак. Шу мақсадда судларга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш, «ягона дарча» тамойилини кенгайтириш, судларни аҳолига яқинлаштириш ва узоқ ҳудудларда яшаётган фуқаролар учун ҳам одил судловдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Бу ерда яна бир муҳим масала бор. Судга мурожаат қилган инсон, энг аввало, унинг гапи эшитилишини, ишига холис ва адолатли баҳо берилишини кутади. Шунинг учун суд жараёнида тарафларнинг тенглиги, ҳар бир далил ва важга холис баҳо бериш, ишларни оқилона муддатларда кўриб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

 

Суд қарорлари ҳам фуқаро учун тушунарли бўлиши лозим. Қарор қанчалик мураккаб ҳуқуқий ҳужжат бўлмасин, унинг мазмуни аниқ, мантиқий ва равшан баён этилса, инсон ўз ҳуқуқи ва мажбуриятини яхшироқ англайди.

 

Албатта, «Адолат қўрғони»нинг энг муҳим устунларидан бири — судья мустақиллигидир. Судья қарор қабул қилишда фақат қонунга, иш бўйича тўпланган далилларга ва ўзининг ҳуқуқий ишончига таянади. Унинг фаолиятига ҳар қандай ташқи таъсир ёки аралашувга йўл қўйилмаслиги — одил судловнинг энг муҳим кафолатидир.

 

Шу билан бирга, судьяларни судловга бевосита алоқадор бўлмаган вазифалардан озод қилиш, судларнинг ташкилий ва маъмурий фаолиятини самарали ташкил этиш ҳам суд мустақиллигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Зеро, суд — фақат низони ҳал қиладиган муассаса эмас. Суд — инсоннинг ҳуқуқи, қадр-қиммати ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган муҳим давлат институти.

 

Шу маънода, «Адолат қўрғони» — шунчаки чиройли ном эмас. Унинг замирида аниқ мақсад мужассам: инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва мустақил судловни кафолатлаш.

 

Адолатнинг ҳақиқий мезони эса — ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи қонун олдида бирдек ҳимоя қилинганида намоён бўлади. Судга ишонч мустаҳкам бўлса, жамиятда қонунга ишонч ҳам мустаҳкам бўлади.

 

 

Жеткиншек ҚДИРНИЯЗОВ
жиноят ишлари бўйича Шўманой тумани суди тергов судьяси

АЁЛ ШАЪНИ ВА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ — ҚОНУННИНГ ОЛИЙ ҲИМОЯСИДА

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги ПФ-33-сонли Фармони мамлакатда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан кучайтириш ҳамда уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига чек қўйишга қаратилган муҳим тарихий ҳужжатдир. Мазкур Фармон жамиятда соғлом муҳитни шакллантириш ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасизлик кайфиятини мустаҳкамлашни мақсад қилган.

Жамиятнинг соғломлиги ва келажаги аёллар ҳамда болаларнинг қанчалик хавфсиз ва бахтли яшаши билан белгиланади. Шу боис, давлатимиз томонидан инсон қадрини улуғлаш, айниқса, хотин-қизлар ва вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда. 2026 йил 3 март куни қабул қилинган Президент Фармони бу борадаги ислоҳотларни янги, юқори босқичга олиб чиқди.

Фармоннинг асосий устувор йўналишлари ва мақсадлари:

  • Эрта никоҳларнинг олдини олиш: Никоҳ ёшига етмаган шахслар билан ҳақиқатда оилавий муносабатларга киришиш ҳолатларига чек қўйиш ва ота-оналарнинг масъулиятини ошириш.
  • Ёш оилаларни рағбатлантириш: Иккала тараф ҳам камида 21 ёшга тўлиб, биринчи марта никоҳ қурганда давлат томонидан алоҳида имтиёзлар ва Ижтимоий реестрдаги оилалар учун 1,5 баравар оширилган молиявий кўмаклар (субсидия, грантлар) бериш тизими жорий этилади.
  • Зўравонликка қарши рақамли ҳимоя: Ҳимоя ордери берилган хотин-қизларнинг телефонларига зудлик билан хабар беришни таъминловчи «SOS» чақирув («my.ihma.uz») мобил иловаси ўрнатилади.
  • Таълимда «Иккинчи имконият»: Ҳомиладор талаба-қизлар ва 3 ёшгача фарзанди бор талабаларга академик таътил даврида масофавий ўқиш ҳамда таълимни тиклаш бўйича енгилликлар берилади.
  • Янги жиноий жавобгарликлар: Халқаро стандартлар асосида фемицид (жинси сабабли ўлдириш), сталкинг (таъқиб қилиш), киберзўравонлик ва онлайн груминг (интернет орқали боланинг ишончига кириш) каби замонавий таҳдидлар учун қонуний жавобгарлик белгилаш вазифаси қўйилди.
  • Профессионал тергов ва судлов: 2027 йил 1 январдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ишлари фақат махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьялар томонидан кўриб чиқилади.

Хулоса ўрнида, мазкур ҳужжат юртимизда хотин-қизлар ва болалар дахлсизлигини таъминлаш, оила институтини маиший зўравонликлардан ҳоли тарзда мустаҳкамлаш йўлидаги энг комплекс ва собитқадам қадамдир. Зеро, аёл ва бола ҳимояланган юртнинг келажаги ҳамиша фаровон ва қудратли бўлади.

 

 

 

 Жанат АЙМАГАНБЕТОВА,

 Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси        

ОИЛА ТИНЧЛИГИ — ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИ

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда давлат муҳофазасида бўлиши белгиланган. Бу норма оилада тинчлик, ўзаро ҳурмат ва тотувликни таъминлаш нафақат шахсий, балки жамият учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Шунингдек, Конституцияда эркак ва аёлнинг никоҳда тенг ҳуқуқли экани белгилаб қўйилган. Демак, оилавий низоларни ҳал этишда ҳар икки томоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳурмат қилиш муҳимдир.

Оила — инсон ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий муҳитлардан бири. Унда инсон меҳр, ҳурмат, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлашни ҳис қилади. Бироқ турли характер, дунёқараш, эҳтиёж ва ҳаётий қарашларнинг тўқнашуви натижасида оилада низоли вазиятлар ҳам юзага келиши мумкин. Бундай низолар ўз вақтида тўғри ҳал этилмаса, оила аъзолари ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

 

Оилавий низоларнинг келиб чиқишига турли омиллар сабаб бўлади. Жумладан, эр-хотин ўртасидаги ўзаро тушунмовчилик, молиявий қийинчиликлар, ишсизлик, маиший муаммолар, фарзанд тарбиясига турлича ёндашув, қариндошларнинг оилавий ҳаётга ортиқча аралашуви, ишончсизлик ва мулоқот етишмаслиги шулар жумласидандир. Айрим ҳолларда эса кичик келишмовчиликлар йиғилиб бориб, жиддий можарога айланиши мумкин.

 

Низонинг ўзи ҳар доим ҳам оила бузилишига олиб келадиган салбий ҳолат эмас. Муаммони тинч йўл билан муҳокама қилиш ва бир-бирини эшитиш орқали келишмовчиликни бартараф этиш мумкин. Асосий муаммо низо вақтида ҳақорат, таҳдид, зўравонлик ёки бир-бирини камситиш каби усулларнинг қўлланилишидадир. Бундай муносабатлар оиладаги ишонч ва ҳурматни сусайтиради.

 

Оилавий низоларнинг энг катта таъсирларидан бири фарзандлар руҳиятида намоён бўлади. Доимий жанжал муҳитида улғайган болада қўрқув, хавотир, ўзига ишончсизлик ва ўқишга қизиқишнинг пасайиши каби ҳолатлар кузатилиши мумкин. Шунинг учун ота-она нафақат ўз муносабатлари, балки фарзандларининг руҳий хотиржамлиги ҳақида ҳам ўйлаши лозим.
Оилада соғлом муҳитни сақлаш учун, аввало, самарали мулоқотни йўлга қўйиш зарур. Ҳар бир оила аъзоси ўз фикрини хотиржам баён қилиши, бошқаларнинг фикрини эса ҳурмат билан тинглаши керак. Муаммони ҳал қилишда «ким айбдор?» деган саволдан кўра, «муаммони қандай ҳал қиламиз?» деган ёндашув кўпроқ самара беради.

Шунингдек, оила аъзолари ўртасида ишонч ва масъулиятни мустаҳкамлаш муҳим. Эр-хотин бир-бирининг меҳнати ва ҳиссасини қадрлаши, муҳим қарорларни имкони борича биргаликда қабул қилиши лозим. Молиявий масалалар, фарзанд тарбияси ва маиший вазифалар бўйича олдиндан келишиб олиш кўплаб тушунмовчиликларнинг олдини олиши мумкин.

 

Агар низо мустақил равишда ҳал бўлмаса, оилавий психолог, медиатор ёки бошқа тегишли мутахассисга мурожаат қилиш ҳам фойдали. Мутахассис вазиятга холис баҳо бериб, тарафларга муаммони тинч ва конструктив тарзда ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин.

 

Низо — бу оиланинг тугаши эмас, балки янги босқичга ўтиш учун сигнал деб тушуниш лозим. Соғлом оила умуман уришмайдиган эмас, балки низолардан тўғри хулоса чиқарадиган оиладир.

 

Суд амалиёти шуни кўрсатадики, оилавий низолар фақат эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик билан чекланиб қолмайди. Бундай низолар никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, оталикни белгилаш, фарзанднинг ким билан яшашини аниқлаш, бола билан кўришиш тартибини белгилаш, умумий мол-мулкни бўлиш ва бошқа ҳуқуқий масалаларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай оилавий низони ҳал этишда, аввало, оила аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, айниқса вояга етмаган фарзандлар манфаатини ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади.

 

Хулоса қилиб айтганда, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ҳар бир оила аъзосининг масъулиятидир. Ўзаро ҳурмат, сабр-тоқат, очиқ мулоқот ва кечира билиш оиладаги кўплаб низоларнинг олдини олишга хизмат қилади. Энг муҳими, ҳар қандай келишмовчиликда инсон қадри, оила тинчлиги ва фарзандлар манфаати устувор бўлиши керак.

 

Азамат АБДИРАСУЛИЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро суди раиси

МУРОЖААТЛАР — АДОЛАТ КЎЗГУСИ: СУД ТИЗИМИДА ЯНГИЧА МУНОСАБАТЛАР ДАВРИ

Бугунги кунда давлат ташкилотлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар бутунлай янги босқичга кўтарилди. Энди «фуқаро давлат учун эмас, давлат фуқаро учун» деган шиор реал ҳақиқатга айланмоқда. Бу ўзгаришлар, айниқса, суд тизимида яққол намоён бўлмоқда.

Илгари суд муассасалари кўпчилик учун «ёпиқ қўрғон» сифатида қабул қилинар эди. Одамлар ўз муаммолари билан судга мурожаат қилишдан чўчир, суд жараёнларининг мураккаблиги эса уларни чарчатар эди. Бугунги ислоҳотларнинг асосий мақсади эса — инсон қадрини улуғлаш, адолатни ҳар бир инсоннинг қалби ва хонадонига олиб киришдан иборат.

Рақамлаштириш — адолатнинг янги кучи

Суд тизимидаги «Янги давр»ни рақамлаштиришсиз тасаввур этиб бўлмайди. «E-SUD» электрон ҳужжат алмашиш тизими, суд мажлисларини онлайн трансляция қилиш, суд ҳужжатларини электрон шаклда олиш каби имкониятлар фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олмоқда. Энг муҳими, мурожаатларни «инсон омили»сиз кўриб чиқиш коррупция хавфини кескин камайтиради.

Эндиликда фуқаро ўз мурожаатининг қайси босқичда эканлигини, унинг ижроси кимга юклатилганини масофадан туриб кузатиш имкониятига эга. Бу — судга бўлган ишончни тиклашнинг энг ишончли йўлларидан бири ҳисобланади.

Муаммоларга ечим — маҳаллада

Суд тизимида аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг энг самарали йўли сифатида сайёр қабуллар амалиёти кенг жорий этилди. Судьяларнинг ўзлари фуқароларнинг яшаш жойларига, маҳаллаларга чиқиб, уларнинг дард-ташвишларини тинглаши, жойида ҳуқуқий тушунтириш бериши ёки муаммоларни суд тартибида ҳал этиш имкониятларини кўриб чиқиши юзлаб инсонларнинг ҳаётини енгиллаштирмоқда.

Бундай мулоқотларда одамлар нафақат қонуний ечимни, балки ўзларига нисбатан эътибор ва ғамхўрликни ҳам ҳис қилмоқда. Зеро, адолат нафақат суд залида, балки инсонларнинг розилигида, уларнинг муаммолари ўз вақтида ҳал этилишида ҳам намоён бўлади.

Янги давр — юксак масъулият

Бугунги кунда суд тизими ходимлари олдига қўйилаётган талаблар ҳам ўзгарди. Эндиликда судья ёки суд аппарати ходими фақат ҳужжатларни расмийлаштирувчи эмас, балки муаммони чуқур ҳис этадиган, қонун доирасида инсонпарвар қарор қабул қила оладиган шахс бўлиши ҳам талаб этилмоқда.

Албатта, тизимда ҳали камчиликлар, муаммолар мавжуд. Лекин энг муҳими — бугунги суд тизими камчиликларни яширмасдан, уларни очиқ муҳокама қилмоқда ва бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мурожаатлар билан ишлашдаги ушбу «янги давр» — халқнинг давлатга, адолатга бўлган ишончининг ортиши демакдир. Адолатли судлов эса — кучли жамият ва тараққий этган давлатнинг асосидир.

 

Азат ИМАТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси

Гулмира БАЙНАЗАРОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси

СУД ТИЗИМИ ИСЛОҲОТЛАРИ ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 8 июнь куни «Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон имзоланди.

 

Мазкур Фармон суд органларининг ички бошқарув тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, унда учта муҳим мақсад белгилаб берилган.

 

Биринчи мақсад — судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини жорий этиш орқали коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш.

 

Иккинчи мақсад — суд аппаратига ишга қабул қилишда шаффоф тартиб-таомилларга асосланган очиқ танлов ҳамда меритократия тамойилини жорий этиш.

 

Учинчи мақсад — суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг амалий иштирокчисига айлантириш.

 

Фармонда белгиланган вазифалар қуйидаги тўрт асосий йўналишни қамраб олади:

— суд аппарати ходимлари ўртасида коррупциянинг олдини олиш;

— Комплаенс назорат хизматини ташкил этиш;

— судьялар корпусида коррупцияга муросасизлик маданиятини шакллантириш;

— Фармон ижросини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш.

 

Ҳар бир йўналиш бўйича аниқ муддатлар, масъул идоралар ва амалга ошириладиган чора-тадбирларни назарда тутувчи «йўл харитаси» белгиланган.

 

Фармоннинг энг муҳим ташкилий янгиликларидан бири — Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппаратида Комплаенс назорат хизматини ташкил этишдир. Мазкур хизмат Олий суд раисига бевосита бўйсунади ва 3 та штат бирлигидан иборат бўлади.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида жами 15 та комплаенс инспектори лавозимини жорий этиш назарда тутилган.

 

Комплаенс назорат хизматининг асосий вазифаларига коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, касб этикаси қоидаларига риоя этилишини доимий мониторинг қилиш, ишга қабул қилиш жараёнида ошкоралик ва холисликни таъминлаш, шунингдек, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари — турмуш ўртоғи ҳамда вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини юритиш киради.

 

Фармон билан суд аппаратини бошқаришда янги ёндашув — HR-меритократик тамойилларни жорий этиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, «vacancy.sud.uz» порталини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш назарда тутилган. Мазкур платформа орқали суд аппаратидаги барча бўш лавозимлар очиқ ва рақобатли танлов асосида эълон қилинади. Номзодлар сунъий интеллект ёрдамида саралаш, тест синовлари ҳамда касбий кўникмаларни баҳолаш босқичларидан ўтказилади.

 

«SudHR» электрон платформаси эса суд тизимида ходимлар билан ишлашнинг замонавий усулларини жорий этишга қаратилган. У орқали ходимлар фаолияти мониторинги, уларнинг касбий ўсиш траекторияси, малака ошириш режалари ва самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш жараёнлари рақамли, шаффоф ва объектив тарзда амалга оширилади.

 

Фармонда белгиланган чора-тадбирлар ривожланган давлатлар суд тизимининг илғор ва синовдан ўтган тажрибасини миллий суд тизимига мослаштириш, коррупцияга қарши курашишни янги босқичга кўтариш, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ҳамда самарали ички назорат механизмларини жорий этишга хизмат қилади.

 

 

Ибрайым АЛЛАНИЯЗОВ
Жиноят ишлари бўйича Беруний туман судининг тергов судьяси

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ: ЖАЗО ЭМАС, АДОЛАТ УСТУВОРЛИГИ

Коррупция — жамият тараққиётига тўсқинлик қиладиган, давлат бошқаруви самарадорлиги ва фуқароларнинг қонунга бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатадиган хавфли иллатдир.

 

Шу боис коррупцияга қарши курашиш бугун фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу — давлат органлари, фуқаролик жамияти ва ҳар бир фуқаронинг умумий масъулиятидир.

 

Судья сифатидаги фаолиятим давомида шу ҳақиқатга амин бўлдимки, коррупцияга қарши курашишда фақат жазони кучайтиришнинг ўзи етарли эмас. Энг муҳими — қонунбузарликка олиб келадиган шарт-шароитларни барвақт аниқлаш, уларни бартараф этиш ва жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдир.

 

Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш ва профилактик механизмларни кучайтириш мақсадида 2026 йил 22 июнда Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди.

 

Мазкур қонун коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 

Хусусан, коррупцияга оид жиноятларнинг ҳуқуқий доираси янада аниқлаштирилиб, айрим коррупциявий қилмишлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

 

Бунда асосий мақсад фақат жазолаш эмас, балки коррупцияга қарши ҳуқуқий иммунитетни кучайтириш, мансабдор шахсларнинг қонунга итоаткорлиги ва масъулиятини оширишдан иборат.

 

Суд ҳокимиятининг асосий вазифаси — қонун устуворлиги ва одил судловни таъминлаш.

 

Коррупцияга оид жиноятлар бўйича ишларни кўриб чиқишда бу талаб янада муҳим аҳамият касб этади. Чунки бундай ишлар кўпинча мансаб, хизмат ваколати ва шахсий манфаатлар билан боғлиқ бўлади.

 

Бироқ шахснинг лавозими, мавқеи ёки жамиятдаги ўрни суд учун устувор мезон бўла олмайди.

 

Ҳар бир ишда жиноят таркиби, шахснинг айби, қилмишнинг оқибатлари ва бошқа барча ҳолатлар қонун талаблари асосида синчиклаб текширилиши лозим.

 

Жавобгарлик муқаррарлиги — ҳар қандай ҳолатда жазо тайинлаш дегани эмас. Бу, аввало, жиноят содир этган ва айби қонуний тартибда исботланган шахснинг жавобгарликдан четда қолмаслигини таъминлашдир.

 

Шу билан бирга, айбсиз шахснинг асоссиз жавобгарликка тортилишига йўл қўймаслик ҳам одил судловнинг ажралмас талабидир.

 

Янги қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири коррупцияга оид жиноятларнинг ҳуқуқий доирасини аниқлаштириш билан боғлиқ.

 

Бу, ўз навбатида, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона ёндашувни шакллантириш, коррупциявий хусусиятга эга қилмишларни аниқ фарқлаш ва уларга нисбатан қонуний ҳуқуқий баҳо бериш имконини кенгайтиради.

 

Коррупциядан олинган ноқонуний даромадларни яшириш ёки уларни қонунийлаштиришга қаратилган ҳаракатларни ҳам коррупцияга қарши курашиш тизимидан четда қолдирмаслик муҳимдир.

 

Чунки коррупцияга қарши курашиш фақат пора бериш ёки олиш ҳолатини аниқлаш билан чекланмаслиги керак. У коррупция орқали орттирилган манфаат ва маблағларнинг кейинги ҳаракатига ҳам дахлдор бўлиши лозим.

 

Коррупцияга қарши курашишда жавобгарлик муқаррарлиги принципи алоҳида ўрин тутади.

 

Янги қонунчиликда айрим коррупциявий хусусиятга эга қилмишлар учун жавобгарликнинг кучайтирилиши ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилади.

 

Айниқса, мансабдор шахсларнинг хизмат ваколатларидан фойдаланиши билан боғлиқ қилмишларга ҳуқуқий баҳо беришда аниқ мезонларнинг белгиланиши муҳим.

 

Мансабдор шахсга берилган ваколат — шахсий имтиёз эмас, балки жамият олдидаги масъулиятдир.

 

Шунинг учун хизмат ваколатидан қонунга зид равишда фойдаланиш нафақат муайян шахсга, балки давлат органига бўлган ишончга ҳам зарар етказади.

 

Замонавий ёндашув коррупция содир бўлгандан кейин унга қарши чора кўриш билан чекланмаслиги керак.

 

Коррупциявий хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат органлари ва ташкилотларида ички назоратни кучайтириш — профилактиканинг муҳим воситаларидир.

 

Шу жиҳатдан янги қонун билан коррупцияга қарши ички назорат ва комплаенс механизмларини кучайтиришга қаратилган ёндашувлар алоҳида аҳамият касб этади.

 

Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, уларни минималлаштириш чораларини ишлаб чиқиш, ташкилотларда коррупцияга қарши ички назоратни такомиллаштириш — ҳуқуқбузарлик содир бўлгандан кейин уни бартараф этишдан кўра самаралироқ профилактик ёндашувдир.

 

Чунки коррупцияга қарши курашишнинг энг яхши натижаси кўрилган жиноят ишларининг кўплигида эмас, балки жиноят содир этилишига имкон берувчи шароитларнинг камайишида намоён бўлади.

 

Коррупцияга қарши курашишда яна бир муҳим ёндашув — коррупциявий хавф-хатарларни ҳудудлар ва соҳалар кесимида аниқлашдир.

 

Бундай ёндашув коррупцияга қарши чораларни умумий тарзда эмас, балки аниқ хавф мавжуд бўлган соҳалар ва жараёнларга йўналтириш имконини беради.

 

Давлат харидлари, рухсат бериш, лицензиялаш, ер муносабатлари, бюджет маблағларидан фойдаланиш, кадрлар билан боғлиқ қарорлар каби соҳалардаги коррупциявий хавфларни тизимли таҳлил қилиш уларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Шу маънода коррупцияга қарши курашишда статистика фақат содир этилган жиноятларни ҳисоблаш воситаси эмас, балки келгусидаги профилактика чораларини белгилаш учун муҳим манба бўлиши керак.

 

Коррупцияга қарши самарали курашишда фуқаролик жамиятининг иштироки ҳам муҳим.

 

Коррупция ҳолати ҳақида хабар берган шахснинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмаса, бундай ҳолатлар ҳақида хабар беришга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлиши мумкин.

 

Шу боис коррупция ҳақида хабар берувчи шахсларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларни таъқибдан асраш ва қонунчиликда белгиланган тартибда рағбатлантириш механизмларини кучайтириш муҳим қадамдир.

 

Бироқ бу ерда ҳам асосий ҳуқуқий мезон — холислик.

 

Коррупция ҳақидаги ҳар қандай хабар ваколатли органлар томонидан қонун доирасида текширилиши лозим. Хабар беришнинг ўзи шахснинг айбдорлигини англатмайди.

 

Айбдорлик фақат қонунда белгиланган тартибда исботлангандагина ҳуқуқий оқибат келтириб чиқаради.

Коррупцияга қарши курашишда қонунчилик чоралари билан бир қаторда инсон омили ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

 

Ҳалоллик, виждонан меҳнат қилиш, хизмат ваколатидан шахсий манфаат йўлида фойдаланмаслик каби қадриятлар жамиятда қанчалик мустаҳкам бўлса, коррупция учун шунчалик кам имконият қолади.

 

Айниқса, ёш авлодда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳим.

 

Ёшларга коррупциянинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш билан бирга, уларга ҳалолликнинг қадрини англатишимиз керак. Зеро, коррупцияга қарши иммунитет жазо қўрқувидан эмас, қонунга ҳурмат ва ҳалоллик эътиқодидан шаклланади.

Судья учун коррупцияга қарши курашиш — фақат жиноятга жазо тайинлаш эмас.

 

Бу — ҳар бир ишда қонун устуворлигини таъминлаш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, далилларга холис баҳо бериш ва адолатли қарор қабул қилиш демакдир.

 

Суднинг ҳар бир қонуний ва асосли қарори жамиятда қонунга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.

 

Шунинг учун судьянинг масъулияти фақат қарор қабул қилиш билан чекланмайди. Унинг ҳар бир қарори ортида инсон тақдири, жамиятнинг адолатга бўлган ишончи ва қонун устуворлиги туради.

 

Коррупцияга оид жиноят ишларида суднинг холислиги ва мустақиллиги айниқса муҳим. Суд жамоатчиликдаги талабни эмас, қонунни мезон қилиши лозим.

 

Зеро, қатъийлик — қонунийликдан, адолат эса холисликдан бошланади.

2026 йил 22 июнда қабул қилинган мазкур қонун коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш, профилактика механизмларини кучайтириш ва жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.

 

Бироқ қонун қанчалик мукаммал бўлмасин, унинг самараси амалиётда қандай қўлланишига боғлиқ.

 

Коррупцияга қарши курашишда давлат органлари, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари ва ҳар бир фуқаронинг ўрни бор.

 

Менинг судья сифатидаги қатъий ишончим шуки: қонун ҳамма учун бир хил ишлаган жойда адолат қарор топади; адолат қарор топган жамиятда эса коррупцияга ўрин қолмайди.

 

Шу боис коррупцияга қарши курашишнинг энг кучли қуроли — нафақат жазо, балки қонун устуворлиги, очиқлик, ҳалоллик ва одил судловга бўлган ишончдир.

 

 

Ерполат БЕРДИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот тумани суди раиси

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА ТАРҚАЛГАН ФУҚАРО КАЛЖАНОВА ВЕНЕРА КАЛЕНДАРОВНАНИНГ НУКУС ШАҲРИДАГИ ТУРАР ЖОЙИ БУЗИЛИШИ БИЛАН БОҒЛИҚ МУРОЖААТИ ЮЗАСИДАН

 

Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судида Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри бўлимининг даъвоси асосида фуқаро В.Калжановага нисбатан фуқаролик иши кўриб чиқилган.

 

Иш материалларига кўра, 2024 йил 18 сентябрь куни Кадастр агентлиги Нукус шаҳри бўлими мутахассислари томонидан ўтказилган текширув давомида В.Калжанова Нукус шаҳрининг «Саманбай» МФЙ ҳудудида қонуний ҳуқуқий асосларсиз 89 кв.метр ер майдонида турар жой биноси қургани аниқланган ва бу ҳақда тегишли далолатнома расмийлаштирилган.

 

Шунингдек, ушбу қонунбузилишни ихтиёрий бартараф этиш мақсадида жавобгарга 2024 йил 18 сентябрь куни ер майдонини аввалги ҳолатига келтириш ҳақида огоҳлантириш хати берилган. Бироқ мазкур талаб ихтиёрий равишда бажарилмаган.

 

Натижада Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри бўлими судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2024 йил 5 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, жавобгар В.Калжанова томонидан Ноқонуний эгалланган 89 кв.метр ер майдонида қурилган турар жой биносини мажбурий бузиш, ер майдонини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш ҳамда давлат фойдасига 750 000 сўм давлат божини ундириш белгиланган. Иш сиртдан иш юритиш тартибида кўриб чиқилган.

 

Суд қарорини қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддаси биринчи қисми талабларидан келиб чиқилган. Мазкур нормага мувофиқ, қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкасида ёки тегишли рухсатномаларсиз, шунингдек архитектура ва қурилиш қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган объект ўзбошимчалик билан қурилган иморат деб ҳисобланади.

 

Маълумот учун, мазкур фуқаролик иши бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори апелляция ёки кассация тартибида юқори инстанция судлари томонидан қайта кўриб чиқилмаган.

Қорақалпоғистон Республикаси судининг матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаат юзасидан

Ижтимоий тармоқларда фуқаро Жуманиязова Акилжан Азатовнанинг психиатрия стационарига ғайриихтиёрий тартибда ётқизилгани юзасидан турли мазмундаги мурожаатлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолат бўйича жамоатчиликни холис ва ишончли ахборот билан таъминлаш мақсадида қуйидагилар маълум қилинади.

Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига 1-сонли Республика руҳий ва неврологик диспансери томонидан А.Жуманиязовани мажбурий тарзда психиатрия стационарига ётқизиш ҳақида ариза киритилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2024 йил 24 апрелдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, А.Жуманиязовани 1-сонли Республика руҳий ва неврологик диспансери психиатрия стационарига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш белгиланган.

Мазкур ҳал қилув қарори Қорақалпоғистон Республикаси судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 30 майдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 10 июлдаги ажрими билан ҳам суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Кейинчалик, Олий суд судьясининг 2025 йил 18 июндаги ажрими билан А.Жуманиязова томонидан берилган тафтиш тартибидаги шикоятни Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказиш рад этилган.

Шунингдек, мазкур ажримни бекор қилиш ҳақида берилган мурожаат Олий суд раиси биринчи ўринбосари томонидан ўрганилиб, 2026 йил 9 январда уни қаноатлантириш рад этилган.

Иш материалларига кўра, А.Жуманиязова 2024 йил 28 март куни 1-сонли Республика руҳий ва неврологик диспансерига олиб келинган ҳамда унинг руҳий ҳолати шифокор-психиатрлардан иборат комиссия томонидан текширилган.

Комиссия хулосасига кўра, унда «Васвасали бузилиш» ташхиси аниқланиб, стационар шароитида даволанишга муҳтожлиги белгиланган.

Бироқ А.Жуманиязова ихтиёрий равишда даволанишга розилик бермагани сабабли диспансер томонидан судга тегишли ариза киритилган.

Суд ишни кўриб чиқишда «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Қонуннинг 30 ва 31-моддалари талабларига амал қилган.

Хусусан, мазкур Қонуннинг 31-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш суд қарори асосида амалга оширилади.

Шунингдек, 30-модданинг биринчи қисмига кўра, психиатрия стационарига ётқизиш учун шахсда руҳий ҳолат бузилиши мавжудлиги ҳамда шифокор-психиатрнинг стационар шароитида текширув ёки даволаниш зарурлиги ҳақидаги қарори ёки суд қарори асос бўлади.

Бундан ташқари, Фуқаролик процессуал кодексининг 317-моддаси иккинчи қисми талабларига мувофиқ, бундай тоифадаги ишлар бўйича судга киритилган аризага шифокор-психиатрлар комиссиясининг шахснинг психиатрия стационарида даволаниши зарурлиги ҳақидаги асослантирилган хулоса илова қилиниши шарт.

Иш ҳужжатларида мавжуд бўлган шифокор-психиатрлар комиссиясининг 2024 йил 1 апрелдаги 42/1-сонли хулосаси билан А.Жуманиязованинг руҳий ҳолати ўзгаргани ва стационар даволанишга муҳтожлиги тасдиқланган.

А.Жуманиязова ўз шикоятларида руҳий касал эмаслиги, уни қалбаки ҳужжатлар асосида диспансерга жойлаштириш учун судга мурожаат қилингани ҳамда гувоҳлар томонидан сохта тилхатлар берилганини важ сифатида келтирган.

Мазкур важлар қуйи инстанция судлари томонидан тўлиқ ўрганилиб, уларга ҳуқуқий баҳо берилган.

Шу муносабат билан Олий суд судьяси Фуқаролик процессуал кодексининг 419¹⁵-моддаси иккинчи қисми 3-банди талабларини қўллаб, қуйи судлар иш учун аҳамиятга эга барча ҳолатларни тўлиқ ва тўғри аниқлагани, далилларга ҳуқуқий баҳо бергани ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаганини инобатга олган ҳолда, тафтиш шикоятини Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этган.

Қорақалпоғистон Республикаси судининг матбуот хизмати

ҲОМИЙЛИК ВА ВАСИЙЛИК БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ: ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАР ВА ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР

Инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашда васийлик ва ҳомийлик институти муҳим аҳамият касб этади. Мазкур институт нафақат ижтимоий муҳофаза воситаси, балки инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг самарали ҳуқуқий механизми ҳам ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига мувофиқ, давлат етим болаларни ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди ҳамда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Ушбу конституциявий норма васийлик ва ҳомийлик муносабатларини тартибга солувчи барча ҳуқуқий механизмларнинг асосини ташкил этади.

Васийлик ва ҳомийликка оид муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Оила кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг васийлик ва ҳомийлик соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Фуқаролик кодексининг тегишли нормаларига кўра, васийлик ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар ҳамда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларга нисбатан белгиланади. Ҳомийлик эса ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганларга, шунингдек, муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан ўрнатилади.

Суд амалиётида мазкур тоифадаги ишлар асосан фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш, муомала лаёқатини чеклаш, васий ёки ҳомий ҳаракатлари устидан шикоятларни кўриб чиқиш ҳамда васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ низоларни ҳал этиш билан боғлиқ ҳолларда учрамоқда.

Амалда судлар томонидан кўрилаётган ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишлар алоҳида эҳтиёткорлик билан кўриб чиқилиши лозим. Чунки бундай қарор инсоннинг бир қатор фуқаролик ҳуқуқларини мустақил амалга ошириш имкониятига бевосита таъсир кўрсатади. Шу сабабли судлар мазкур тоифадаги ишлар бўйича суд-психиатрия экспертизаси хулосаси, тиббий ҳужжатлар ва бошқа далилларни ҳар томонлама баҳолайди.

Фуқаролик процессуал қонунчилигига мувофиқ, шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш билан боғлиқ ишлар алоҳида иш юритув тартибида кўрилади. Бунда суднинг асосий вазифаси нафақат ҳуқуқий фактни аниқлаш, балки инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.

Суд амалиётида вояга етмаган болалар манфаатлари билан боғлиқ масалалар ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция талабларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар қандай қарор қабул қилишда боланинг энг яхши манфаатлари устувор аҳамият касб этади. Шунинг учун судлар васий ёки ҳомийни аниқлашда номзоднинг шахсий фазилатлари, яшаш шароити, болага бўлган муносабати ҳамда унинг тарбияси учун яратилган имкониятларни синчиклаб баҳолайди.

Айрим ҳолларда васий ёки ҳомий томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Хусусан, васийликдаги шахснинг мол-мулкини бошқаришда қонун талабларига риоя этмаслик ёки унинг манфаатларига зид ҳаракат қилиш ҳолатлари аниқланганда, судлар қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли ҳуқуқий чораларни қўллайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар натижасида васийлик ва ҳомийлик органлари ҳамда судлар ўртасидаги ҳамкорлик янада такомиллаштирилди. Бу эса мазкур тоифадаги ишлар бўйича қарорларнинг қонунийлиги ва адолатлилигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, васийлик ва ҳомийлик институти инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади. Судлар томонидан ушбу тоифадаги ишлар Конституция, Фуқаролик кодекси, Оила кодекси ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари асосида кўриб чиқилиши ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартидир. Бу жараёнда ҳар бир қарорнинг марказида инсон манфаати, айниқса болалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг ҳуқуқлари туриши лозим.

 


Сарбиназ ОПАЕВА,
Фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг судьяси

Skip to content