Бизнинг халқимиз болажон халқ, юртимизда мустақиллик йилларида кўплаб соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бевосита, қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Xусусан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларига доир муносабатлар бунинг яққол намунасидир.
Собиқ иттифоқ давлатининг юритган сиёсатига назар ташлайдиган бўлсак, ўша даврда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларига хеч ким эътибор қаратмаган. Уларнинг ҳуқуқлари инобатга олинмаган.
Бугунги кунда эса унинг аксини кўрамиз. Вояга етмаганлар учун уларнинг ота-оналари, васий ёки ҳомийлари ғамхўрлик қиладилар.
Бевосита, Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 44-моддасида. суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.
Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади.
Констттуциямизнинг 50-моддасида, ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга.
Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди.
Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади.
Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир.
Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир.
Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади деб белгиланган.
Вояга етмаганлар – амалдаги қонунчилигимизга кўра, 18 ёшга тўлмаган фуқаролардир.
Юртбошимиз таъбири билан айтганда, вояга етмаганларни тарбиялаш вазифаси – давлат бурчи, фуқароларнинг эса конституциявий мажбурияти ҳисобланади.
Конституциямизда вояга етмаганларнинг билим олиш, меҳнат қилиш, дам олиш, мулкдор бўлиш каби ҳуқуқлари таъминланган.
Бевосита, Фуқаролик кодексимизда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг муомала лаёқати белгиланган.
Xусусан, улар ота-оналари, фарзандликка олувчилари ва ҳомийлиги розилигисиз мустақил равишда, ўз иш ҳақи ва бошка даромадларни тасарруф этиш, қонунга мувофиқ кредит муассасаларига омонатлар қўйиш ва уларни тасарруф этиш, майда маиший битимларни тузишлари мумкин.
Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишга доир катта тадбирлар амалга оширилмоқда.
Вояга етмаганларнинг жиноий ишларини юритишда маxсус қонун меъёрлари орқали кўшимча ҳуқуқлар кафолатланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузурида вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар тузилган.
Давлатимиз томонидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Xусусан:
– “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун;
– “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги Қонун;
– “Таълим тўғрисида”ги Қонун;
– “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонун шулар жумласидан.
Маълумки инсон дунёга келиши биланоқ у билан бирга табиий эҳтиёжлари ҳам юзага келади. Ўсиш даврида эса эҳтиёжлар янада кенгайиб, шаклланиб боради ва қайсидир босқичда шахс мустақил равишда ўз эҳтиёжларини ўзи қондира бошлайди. Мазкур жараён шахснинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари билан бевосита боғлиқ бўлиб, шахслар ушбу ҳуқуқлардан улғайишнинг ҳар бир босқичида мунтазам фойдаланади. Инсонлар қандай ҳуқуқларга ва эркинликларга эга эканлиги халқаро даражада аниқ қилиб белгиланган бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”да ўз ифодасини топган.
Декларациянинг 23-моддасига кўра, инсонлар меҳнатга оид қуйидаги ҳуқуқларга эга эканлиги келтириб ўтилган:
1.Ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга;
2.Ҳарбир инсон ҳеч бир камситишсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига эга;
3.Ҳар бир ишловчи киши ўзи ва оиласи учун инсонга муносиб яшашни таъминлайдиган адолатли ва қониқарли даромад олишга, зарур бўлганда ижтимоий таъминотнинг бошқа воситалари билан тўлдирилувчи даромад олиш ҳуқуқига эга.
4.Ҳар бир инсон касаба уюшмалари тузиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига кириш ҳуқуқига эга, ушбу ҳуқуққа бошқалар каби вояга етмаганлар ҳам эга бўлиб, улар ҳам ўз навбатида маълум шароитда ва маълум вақтларда меҳнат қилиши мумкин.
Шахс меҳнати орқали ижтимоийлашади, жамиятда ўз ўрнига эга бўлади, жамият аъзолари билан муносабатга киришади ва меҳнат бозори иштирокчисига айланади. Бу эса давлатдан меҳнатга лаёқатли шахсларни иш билан таъминлаш, меҳнат қилган ҳар бир шахсни фаровон ҳаёт кечириши, эркин касбтанлаши, муносиб шароитларда ишлаши ва камситилишларга йўл қўйилмаслигини олдини олиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилашни тақозо этади. Чунки, меҳнат орқали шахс фаровон ҳаётга эришса давлатда иқтисодий юксалиш бўлади, тараққиётнинг ривожланиши янада тезлашади.
Халқаро меҳнат ташкилотига кўра, “Меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг ўзгариши меҳнат бозори ва иқтисодиётга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Меҳнатга лаёқатли аҳолининг ўсиб бораётгани иқтисодий ўсиш имкониятларини беради, шу билан бирга иш ўринларини яратиш ва меҳнат бозорига янги иштирокчиларни интеграциялашуви учун қийинчиликлар туғдиради. Аксинча, меҳнатга лаёқатли аҳолининг қисқариши иқтисодий ўсиш, рақобатбардошлик, аҳолининг қарамлиги ва бошқалар учун муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Меҳнатга лаёқатли аҳоли деганда маълум ёшдаги меҳнат қилиши мумкин бўлган шахслар тушунилади.
Меҳнат қилиш мумкин бўлган шахсларнинг ёши бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 1973 йилда “Энг кичик ёш тўғрисида”ги Конвенция қабул қилинган бўлиб, мазкур конвенцияни ратификация қилган 176 та давлатларнинг 32 фоизида 14 ёшдан, 43 фоизида 15 ёшдан ва 25 фоизида 16 ёшдан бошлаб вояга етмаганлар енгил ишларда, соғлиғи ва ахлоқий ривожланишига ҳамда таълим олиш жараёнини бузмайдиган ўқишдан бўш вақтларда ишлаш ҳуқуқига эга.
Мазкур конвенциянинг 3-моддаси 1-бандига асосан “Ўз хусусияти ёки амалга ошириладиган шароитига кўра ўсмир соғлиги, хавфсизлиги ёки маънавиятига зиён етказиши мумкин бўлган ҳар қандай иш турига ёки ёлланма иш турига қабул қилиш учун энг кичик ёш ўн саккиз ёшдан кам бўлмаслиги керак”лиги, 3-бандига асосан ушбу модда 1-банди қоидаларидан қатъий назар,“Миллий қонун ҳужжатлари ёки ваколатли ҳокимият органи иш берувчилар ва меҳнаткашларнинг тегишли ташкилотлари билан, агар бундай ташкилотлар мавжуд бўлса, маслаҳатлашилгандан сўнг ўн олти ёшдан кичик бўлмаган шахсларга ишлашга ёки ёлланиб ишлашга, уларнинг соғлиги, хавфсизлиги ва маънавияти тўла муҳофаза этилиши ва улар етарлича махсус таълим ҳамда фаолиятнинг тегишли соҳаси бўйича касбий тайёргарлик олишлари шарти билан рухсат беришлари мумкин”лиги келтириб ўтилган.
Конвенциянинг 7-моддаси 1-бандида “Миллий қонун ҳужжатлари ўн уч ёшдан ўн беш ёшгача бўлган шахсларга енгил ишларда ишлашга ёки ёлланиб ишлашга рухсат этиши мумкин, агар бу уларнинг соғлиғи ва ривожланиши учун зарарли бўлмаса; уларнинг мактабга қатнашига, уларнинг ваколатли ҳокимият органлари томонидан тасдиқланган касбга йўналтириш ёки касбий тайёргарлик дастурларида иштирок этишларига, ёки уларнинг олган ўқувларидан фойдаланиш лаёқатига зарар етказмайдиган бўлса”.
Ўзбекистонда мазкур конвенциялар ратификация қилинган ва тўлақонли аъзоси сифатида конвенция қоидалари миллий қонунчиликка имплементация қилинган бўлиб, 18 ёшга тўлмаган шахсларни ишлаши билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий тартиб қоидалар белгилаган.
Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасига асосан “Ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғининг ҳолати ва касбий тайёргарлигига мувофиқ қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат қилиш, фаолият турини ва касбни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга.
Ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан бошлаб йўл қўйилади. Болаларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун —улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.
Давлат ўн саккиз ёшга тўлмаган ишловчи шахсларга ишни таълим билан қўшиб олиб бориши учун зарур шароитларни яратиб бериш ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа чораларни кўриш орқали боланинг меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланишини кафолатлайди” деб кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексида ҳам келтириб ўтилган.
Бундан ташқари, меҳнат кодексининг 118-моддаси 3-бандида “Маданий-томоша ташкилотларида, телевидение, радио эшиттириш ташкилотларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида, шунингдек профессионал спортчилар билан ота-онанинг ҳар иккисининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) розилиги ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан, соғлиғига ва маънавий камол топишига зиён етказмасдан асарларни яратиш ва (ёки) ижро этишда (кўргазмага қўйишда) иштирок этиш учун ўн беш ёшга тўлмаган шахслар билан меҳнат шартномасини тузишга йўл қўйилади.
Кўрсатилган ёшга тўлган шахслар қабул қилиниши мумкин бўлган ишлар, касблар, лавозимлар рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама Республика комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Бундай ҳолда ходимнинг номидан меҳнат шартномасини унинг ота-онаси (ота-онасининг ўрнини босувчи шахс) имзолайди.
Васийлик ва ҳомийлик органининг рухсатномасида ҳар кунлик ишнинг энг кўп йўл қўйиладиган давомийлиги ҳамда иш бажарилиши мумкин бўлган бошқа шартлар кўрсатилади” деб келтириб ўтилган.
Статистик маълумотларга кўра, 2024 йил бошига нисбатан 15 ёшгача бўлган болалар Ўзбекистонда 9.342.159. нафарни (аҳолисига нисбатан 26,5 фоизни) ташкил этган.
Биринчидан, вояга етмаганларни 14 ёшдан бошлаб уларнинг соғлиғига зарар етказмайдиган ва таълимини бузмайдиган ишларга ота-онанинг рухсати билан чегараланган шароитларда ишлашини жорий этиш орқали уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш янада тезлашади, бўш вақтларидан унумли фойдаланишга эришилади;
Иккинчидан, вояга етмаганлар ўрсатида назоратсизликни олди олинади ва улар ўртасида ҳуқуқбузарликларни содир этиш бир мунча қисқаради;
Учинчидан, меҳнатга лаёқатли ҳар бир шахс фаровон ҳаёт кечира бошлайди, мамлакат иқтисодиёти ва эртанги ҳаёти эса янада тараққий этади.
Раъно КАМАЛОВА,
Жиноят ишлари бўйича Беруний тумани суди раиси