АДОЛАТГА ЗАМОНАВИЙ ЙЎЛ: “РАҚАМЛИ СУД” ДАВРИ БОШЛАНДИ  

 

Ҳар бир давлатнинг қудрати – унинг адолатида. Адолат қонун устуворлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқлари таъминланишида ўз ифодасини топади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда суд тизимини замонавийлаштириш, халқ учун қулай ва ишончли механизмларни яратиш устувор вазифага айланган.

 

 

2025 йил 21 август куни Президентимиз томонидан қабул қилинган Фармон ана шу йўналишдаги муҳим тарихий қадам бўлди. Унда “Рақамли суд” концепцияси асосида суд тизимига сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этиш белгиланди.

 

 

Суд ишлари энди қоғозбозликдан халос этилади. “Рақамли суд” концепцияси орқали ариза беришдан олдин сунъий интеллект муҳокаманинг тахминий натижасини ва харажатларни ҳисоблайди, мурожаатлар электрон тарзда юборилади, тарафлар судга бориш шартисиз, масофадан туриб иштирок этади, суд ҳужжатлари ва материаллар билан онлайн танишиш мумкин бўлади, суд харажатлари электрон ҳисобланади ва тўланади, баённомалар реал вақтда автоматик шакллантирилади, суд ҳужжатлари сунъий интеллект ёрдамида тайёрланади.

 

Бу нафақат суд ишларини соддалаштиради, балки фуқаролар учун шаффоф ва адолатли жараённи таъминлайди.

 

 

2025 йил якунига қадар пойтахтда иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича “Рақамли суд” мажлис заллари ташкил этилади. Унинг натижаларига кўра, 2026–2027 йилларда бутун республика бўйлаб босқичма-босқич татбиқ этилади.

 

 

Фармон билан тасдиқланган дастур қатор янги сервисларни ўз ичига олади:

 

-2025 йил 1 декабрдан – норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга тушади;

 

-2025 йил якунига қадар – суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш дастури яратилади;

 

-2026 йил 1 январдан – my.sud.uz порталида сунъий интеллект маслаҳатчиси ишлайди;

 

-2026 йил 1 мартдан – суд маълумотларини Ягона давлат хизматлари портали орқали олиш имконияти яратилади;

 

-2026 йил якунига қадар – 5 та янги интерактив хизмат ва “Шахсий кабинет”нинг янгиланган версияси ишга туширилади.

 

Судлар ахборот тизимлари “Рақамли ҳукумат” платформаси билан боғланиб, ортиқча маълумот талаб қилиш бартараф этилади. Маъмурий жарималарни онлайн кузатиш ва электрон тўлаш имконияти пайдо бўлади.

 

 

Олий суд таркибида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект департаменти ташкил этилади. У рақамли ислоҳотларни жорий этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва “Рақамли суд” концепциясини амалга ошириш учун масъул бўлади.

 

 

“Рақамли суд” – бу фақат технология эмас. Бу – халқнинг давлатга ишончини ошириш, инсон ҳуқуқларини кафолатлашнинг янги поғонасидир.

 

 

Ўзбекистон суд тизимида янги давр бошланди. Бу давр – инновациялар ва адолат уйғунлашган “Рақамли суд” давридир.

 

 

 

Даўлетбай РАЗОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси