АМУДАРЁ ТУМАНИДА САЙЁР СУД МАЖЛИСИ БЎЛИБ ЎТДИ
Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси Ж. Балтабаев раислигида, судья ёрдамчиси Э. Жуманиёзов, Амударё туман прокурорининг катта ёрдамчиси ҳамда туман ИИО Пробация гуруҳи катта инспектори иштирокида Амударё тумани “Бой овул” маҳалласи маъмурий биносида очиқ сайёр суд мажлиси ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига (жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш) асосан, аввал жиноят содир этган, аммо тузалиш йўлига қатъий ўтган, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилиб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган 10 нафар маҳкум жазонинг ўталмай қолган қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Шунингдек, маҳкумларга жазони муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши уларнинг зиммасидан тўлиқ масъулиятни олиб ташламаслиги, агар жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этилса, Жиноят кодексининг 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) қоидаларига мувофиқ жазо тайинланиши ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Бундай сайёр суд мажлислари маҳкумлар ва жамият аъзолари онгида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, қайта тарбия жараёнида ҳуқуқий маданиятни ошириш ҳамда жиноят йўлидан қайтган шахсларга жамиятга қайтиш имконини яратишга хизмат қилади.