ЎТА ХАВФЛИ РЕЦИДИВИСТ ЯНА ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

 

Инсон ҳаётда яшар экан, яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади. Лекин “яхшилик” ва “ёмонлик” тушунчаларига ҳар ким ҳар хил таъриф беради. Ҳаёт эзгулик билан гўзал. Аммо баъзан эзгуликка ёвузлик кўланка солади.

 

Гиёҳвандлик воситалари савдоси оғир жиноят бўлиб, бундай жиноятга қўл урган шахсларга нисбатан кескин чора кўрилади. Агар бу такроран содир этилган бўлса, қасддан эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турганлиги учун, ҳеч қандай важ-карсон жазони енгиллаштиришга ёрдам бермайди.

 

Одатда, баъзи инсонлар адашиб содир этган жинояти учун муайян муддатга жазони ўтагач, уни енгиллаштиришни сўраб мурожаат қилади. Чин дилдан пушаймон бўлган шахсни жамият кечиради. Бундан тўғри фойдаланган одам эса, ўз ҳаётини ўнглаб ҳам кетади. Аммо орамизда ўта оғир жиноят содир этганлиги учун бир марта авф этилган бўлсада, худди шундай жиноятни такрор содир этган шахслар ҳам учрайдики, бундай кимсаларга раҳм-шафқат қилсанг, ҳайф кетади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилган навбатдаги жиноят иши ҳам айнан гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ бўлди.

 

1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, оилали 2 нафар фарзанди бўлишига қарамасдан, судланувчи Мирод (исм ўзгартилган) муқаддам турли жиноий қилмишлари учун 4 мартда қамалиб, тегишли жазо муддатларини ўтаган бўлсада, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармабди. Яна ўша “жиноят кўчасига” қадам қўйди.

 

“Ўрганган кўнгил ўртанса-қўймас” деганларидек, Мирод дастлабки тергов давомида аниқлаш имкони бўлмаган шахсдан олган 1,46 грамм кўп миқдордаги “Героин” гиёвандлик воситасини қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадини кўзлаб, гиёвандлик воситасини мўмай пуллар эвазига сотишни режалаштириб, 2023 йил 06 апрель куни соат 11:10 чамасида ўзининг бошқарувидаги “Лада Ларгус” русумли транспорт воситаси билан Беруний тумани Амир Темур кўчаси бўйига келиб, шу жойда жиноий келишувга кўра учрашиши лозим бўлган харидор, яъни дастлабки тергов давомида хавфсизлик мақсадида шахси сир сақланиб, “Ж” тахаллуси берилган тадбир иштирокчисига, ўзи билан олиб келган 4 дона бўлак-бўлак ялтироқ фалга қоғозга ўралиб, ўтказиш учун қулай қилиб қадоқланган соф вазни 0,29 (ноль бутун юздан йигирма тўққиз) грамм “Героин” гиёвандлик воситасини 2.000.000 сўм эвазига сотган вақтида ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимларининг ушлашга келаётганлигини кўриб қолиб, қўлга тушмаслик мақсадида ўзининг бошқарувидаги автотранспорт воситасини катта тезликда бошқариб, ҳодиса жойидан қочиб яширинади. Мирод Беруний тумани Амир Темур кўчаси бўйида транспорт воситасининг бошқарувини йўқотиб, ушбу кўчанинг чеккасида жойлашган электр токини ўтказувчи сим ёғочга бориб урилиб тўхтаганида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланади. Унинг автотранспорти кўздан кечирилганида, ҳайдовчи томонидаги ўриндиқ остидан “СПИЧКА” деб ёзилган гугурт қутиси ичидан 4 (тўрт) дона бўлак-бўлак ялтироқ фалга қоғозга ва 1 (бир) дона оддий чақмоқ дафтар варағига қадоқланган соф вазни 0,99 (ноль бутун юздан тўқсон тўққиз) грамм кўп миқдордаги “героин” гиёвандлик воситасини, ўтказиш мақсадини кўзламасдан қонунга хилоф равишда сақлаб келганлиги аниқланди.

 

Бундан ташқари, Мироднинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, у уйнинг ётоқхонасидаги тошойнаси устида турган оқ рангли дафтар варағи устида 4 (тўрт) дона бўлак-бўлак ялтироқ фалга қоғозга ўралган соф вазни 0,18 (ноль бутун юздан ўн саккиз) грамм кўп миқдордаги “героин” гиёвандлик воситасини ўтказиш мақсадини кўзламасдан, қонунга хилоф равишда сақлаб келганлиги маълум бўлди.

 

Очиқ суд мажлисида ушбу шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддасининг 5-қисми ва 276-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандлари билан айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун 10 (ўн) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Илгари ҳам содир этган жинояти туфайли тергов ва суд жараёнларидан ўтган, суд томонидан 2008 йилда ўта хавфли рецидивист деб топилган Мироднинг бу сафар ҳам сувдан қуруқ чиқишга уринишини умуман оқлаб бўлмайди. Зора, бу шахс жиноятга жазо муқаррарлигини энди тушуниб етса.

 

Даўлетбай РАЗОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси