ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган.

Конституциямизнинг 26-моддасида “инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас. Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас” деб белгиланган.

Сўнги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамият ва сиёсий турмушда ролини кучайтириш бўйича ишлар бир нечта йўналишларда олиб борилмоқда. Аёл-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, уларни ҳимоя қилишни институцион асосларини жадаллаштириш, халқнинг гендер тенглик ва аёл-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги хабардорлигини орттириш ва гендер тенгликни таъминлаш, барча аёл-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш белгиланиб, бу мақсадни амалга оширишга боғлиқ вазифалар ишлаб чиқилган.

Зўравонлик содир бўлишининг олдини олиш учун турли хил профилактика стратегияларини молиялаштириш муҳимлигига эътибор қаратилади. 16 кунлик фаол ҳаракатларда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва тўхтатишда аёллар ҳаракати ва уларнинг етакчилигини эътироф этиш, “Ҳеч кимни беэътибор қолдирмаслик”, инсон ҳуқуқларини устувор билиш, “Зарар етказмаслик” ёндашувини жорий этиш, аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича давлатлараро ва оммавий стратегияларни ишлаб чиқиш ва кучларни бирлаштириш каби тамойилларга таяниши билан аҳамиятлидир.

БМТнинг “Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенциясида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича муҳим қоидалар белгиланган.

Мамлакатимиз мазкур конвенцияга қўшилган ва миллий қонунчилик шунга мослаштирилган. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар билан хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияда ҳам аёллар ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоялаш юзасидан қўшимча нормалар белгиланди.

 

Рустам ҚУРБАНБАЕВ,
Беруний туманлараро иқтисодий суди раиси