СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИ-ИНСОН МАНФААТЛАРИ ЙЎЛИДА
Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатни модернизация қилишда муҳим аҳамиятга эга. Хоҳ у ижтимоий-иқтисодий, хоҳ маданий-маънавий ёки суд-ҳуқуқ соҳасида бўлсин, улардан кўзланган олий мақсад фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфаатлари бузилишининг олдини олиш, бир сўз билан айтганда, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган бўлади.
Ҳаммамизга маълумки, судлар адолат тарозиси ҳисобланади. Сабаби, уларнинг вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Агар суд органлари фаолиятида шаффофлик бўлмас экан, бундай тизимга нисбатан халқнинг ишончи йўқолади.
Хўш, суд тизимида янги ислоҳотлар, ўзгаришлар нега керак эди?
Президентимиз 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида судлар фаолияти ҳақида қуйидагича фикр билдирган эди: “Судларга бўладиган қатъий талаб – халқнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир”.
Албатта, бу суд-ҳуқуқ тизимидаги жуда ҳам оғриқли нуқталардан бири эди. Аммо ўтган давр мобайнида судларнинг фаолиятини такомиллаштириш борасида бир қанча фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ва тадбиқ этилаётган ўзгаришлар муҳим ислоҳотлардан саналади. Негаки, қонунчиликка киритилаётган ўзгаришларда энг аввало инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари акс этган. Бугунги кунда аҳолининг оворогарчилиги, вақт сарфининг олдини олиш мақсадида суд жараёнлари ҳақида аввалдан маълумот олиш, суд қарорларини онлайн олиш йўлга қўйилган.
Шунингдек, яна бир муҳим жиҳатлардан бири, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшайдиган даъвогар ёки жавобгар суд ишини кўриш жараёнида суд залида бўлиши шарт эмас. Мана, бир неча йилдирки, уларга енгиллик яратиш мақсадида даъвогар ёки жавобгар билан савол-жавоблар видеоконференцалоқа тизими орқали амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2023 йил 16 январдаги Фармонига асосан 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ишлаб чиқилди. Унга кўра, қуйидагилар одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланди:
- “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;
- адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;
- фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;
- судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;
- судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;
- суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;
- судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш.
Шу билан бирга 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Шунингдек, “Инсон қадрини улуғлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш” ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишлардан бири этиб белгиланган.
Президентимиз илк бор судьялар билан учрашув чоғида шундай сўзларни айтганди: “Судларни адолат қўрғонига айлантирайлик. «Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак!”.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари судьялар олдига суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим, деган ҳақли талабни қўйганди. Бугунги кунда ушбу талабни амалда исботлаш учун кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш йўлида муҳим қадамлар қўйилди. Бугун юртимизда нафақат суд-ҳуқуқ, балки бошқа соҳаларда ҳам ишлар “Инсон қадри ва манфаатлари учун” тамойилига асосланиб олиб борилмоқда. Халқимиз ҳаётини яхшилаш, фаровон турмуш тарзини яратиш бугунги кунимизнинг асосий мақсадларидан бири ва бу йўлда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот инсон қадри ва манфаатлари учун хизмат қилади.
Зульфия БАБАДЖАНОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси