Yuristkadr -телеграмм каналида “Нималар бўляпти ўзи?!” сарлавҳаси остида эълон мурожаат пост юзасидан

Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2024 йил 22 январь кунги ажрими билан даъвогар М.Ережеповнинг жавобгар Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига нисбатан буйруқни ғайриқонуний деб топиш, ишга тиклаш ва мажбурий прогул вақтлари учун иш ҳақи ундириш ҳақидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик иши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 124-моддаси, 1-бандига асосан иш юритишдан тугатилган ва даъвогар М.Ережеповга ушбу талаби билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 400-моддаси, 1-қисмига кўра, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар биринчи инстанция судининг ушбу Кодексда назарда тутилган ҳамда суднинг ажрими ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган ажримлари устидан суд томонидан ажрим топширилган ёки юборилган кундан эътиборан йигирма кун ичида апелляция инстанцияси судига шикоят қилиши ва прокурор протест келтириши мумкин.

 

Ушбу Кодекснинг 385-моддаси, 1-қисмига кўра, апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг номига йўлланади, лекин ҳал қилув қарорини, ажримни, қарорни қабул қилган судга берилади.

 

Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар суд ҳужжатининг қонуний, асосли ва адолатли эканлигини текшириш ҳақидаги шикоят (ариза) билан қонунда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси «Судлар тўғрисида»ги Қонунининг 66-моддасига кўра, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқишга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд ҳужжати чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга қандай бўлмасин таъсир кўрсатиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга қандай шаклда бўлмасин таъсир кўрсатишга ҳақли эмас.

 

Судьянинг процессуал хатти-ҳаракатларининг қонунийлиги ёки суднинг қарори қонуний асосли ва адолатли эканлиги ҳамда ишни кўришда моддий ва процессуал қонун нормалари талабларига риоя қилинган-қилинмаганлиги ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш юқори турувчи судлар ваколатига тааллуқлидир.

Суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатлилигини текшириш хусусида хизмат текшируви ўтказилмайди.

 

Бундан ташқари, қонунчилик ҳужжатларига кўра, суд ишларини ҳал этишга ҳар қандай аралашиш, судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 236-моддасига мувофиқ жинойий жавобгарликни келтириб чиқаради.

 

Айни вақтда М.Ережеповнинг суд қароридан норози бўлиб, 2024 йил 31 январь куни фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро суди орқали Қорақалпоғистон Республикаси судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига келтирган апелляция шикояти белгиланган тартибда расмийлаштирилаётганлиги маълум қилинади.