Facebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган Р. Батировга оид жиноят ишига доир билдириш юзасидан 

Жиноят ишлари бўйича Беруний туман судининг 2022 йил 22 сентябрдаги ҳукмига кўра судланувчи Р. Батиров Жиноят кодексининг 119-моддасининг 4-қисми билан айбли, деб топилган. Унга нисбатан шу модда билан мазкур Кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, 13 (ўн уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 7 декабрдаги ажримига кўра суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 14 апрелдаги ажримига кўра суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Билдиришдаги эътирозлар юзасидан: Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали 2022 йил 18 февралдаги Р.Батировга оид комиссион тартибда суд-тиббий экспертизаси хулосасини судга тақдим қилган.

Хулосада Р. Батировнинг кардиолог назоратида бўлиши ва даволанишини давом эттириши тавсия этилиши, 6 ойдан кейин қайта комиссиявий суд экспертизасидан ўтказиш лозимлиги кўрсатилган.

Шунга асосан жиноят ишлари бўйича Беруний туман судининг 2022 йил 25 февралдаги ажрими билан судланувчи Р. Батировга оид жиноят иши у соғайгунига қадар иш юритишдан тўхтатилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази Қорақалпоқистон Республикаси филиалининг 2022 йил 15 сентябрдаги хулосасида судланувчи Р. Батиров кардиолог врач иштирокида судда иштирок этиши мумкинлиги кўрсатилган.

Шундан сўнг суд мажлиси 2022 йил 22 сентябрь куни судланувчи Р. Батировнинг уйида ёпиқ суд мажлисида, барча суд иштирокчилари ва кардиолог врач О. Ходжаев иштирокида давом эттирилган. Судланувчининг охирги сўзини эшитиб, судлов ҳайъати маслаҳатхонада қолиб, шу куни жиноят ишлари бўйича Тўрткул туман суди биносида суд ҳукми эълон қилинган.

Барча суд мажлисларида судланувчи Р. Батировнинг ўғли Х. Ботиров ҳимоячи сифатида иштирок этган ва бу суд мажлиси баённомасида тўлиқ акс эттирилган.

Бундан ташқари, Х. Ботиров отаси судланувчи Р. Батировнинг ҳимоячиси сифатида жиноят ишини Қорақалпоғистон Республкаси суди томонидан апелляция тартибида кўришда ва Олий суд томонидан кассация тартибда кўришда ҳимоячи сифатида иштирок этиб келган, унинг ҳимоячи сифатида иштирок этиш ҳуқуқи поймол этилмаганлиги маълум қилинади.