Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш, чет давлат судининг топшириғини ижро этиш юзасидан

Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномалари ҳамда қонунчилигида назарда тутилган ҳолларда чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар ҳамда бошқа ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан тан олинади ва ижрога қаратилади. Чет давлат суди деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этувчи ваколатли органи тушунилади, чет эл арбитражи деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этиш учун доимий ёки вақтинча асосда фаолият кўрсатадиган нодавлат ташкилоти тушунилади.

Чет давлат судининг ва арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш масалалари иқтисодий суд томонидан низо бўйича ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафнинг аризаси бўйича ҳал этилади. Бунда мазкур ариза аризачи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи бўйича ёхуд, агар қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи номаълум бўлса, қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жой бўйича ёзма шаклда, имзоланган ҳолда берилади ҳамда унда ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи, чет давлат судининг ёки арбитражининг номи ва жойлашган ери ҳамда унинг таркиби, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, аризачи тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори тўғрисидаги маълумотлар, аризачининг чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномаси, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилган бўлиши керак.

Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил муддат ичида, тан олиш ва ижрога қаратиш учун тақдим этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани иш юритишга қабул қилиш ҳақидаги масалани ҳал этишда, у Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (кейинги матнда – ИПК) 249-252-моддаларининг талаблари бузилган ҳолда тақдим этилганлигини аниқласа, ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўз ажрими билан қайтаради, мазкур ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Аризани қайтариш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин манфаатдор шахс умумий тартибда ариза билан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий судига янгидан мурожаат этишга ҳақли.

Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза, агар Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мазкур бобда белгиланган хусусиятларни эътиборга олган ҳолда ИПКнинг қоидалари бўйича у иқтисодий судга келиб тушган кундан эътиборан олти ойдан ошмаган муддатда суд мажлисида кўрилади.

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ишни кўришда чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман тан олишни ва ижрога қаратишни қуйидаги ҳолларда рад қилади, агар:

1) ҳудудида ҳал қилув қарори қабул қилинган давлатнинг қонуни бўйича у қонуний кучга кирмаган бўлса, бундан ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмасдан ижро этилиши лозим бўлган ҳоллар мустасно;

2) ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган тараф ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида ўз вақтида ва тегишли тарзда хабардор қилинмаган ёки бошқа сабабларга кўра ўз тушунтиришларини судга тақдим эта олмаган бўлса;

3) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига ёки қонунчилигига мувофиқ ишни кўриш Ўзбекистон Республикаси судининг мутлақ ваколатига тааллуқли бўлса;

4) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса;

5) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан чет давлат судида иш юритиш қўзғатилгунга қадар қўзғатилган иш Ўзбекистон Республикасининг судида кўрилаётган бўлса;

6) чет давлат судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижрога қаратиш муддати ўтган ва ушбу муддат суд томонидан тикланмаган бўлса;

7) тараф томонидан низо ваколатсиз чет давлат суди томонидан ҳал этилганлигини тасдиқловчи далил тақдим қилинган бўлса;

8) ҳал қилув қарори чет давлатнинг ваколатли органи томонидан бекор қилинган бўлса;

9) ҳал қилув қарори чет давлат судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг иштирокчиси бўлмаган чет давлат суди томонидан чиқарилган бўлса;

10) чет давлат суди ҳал қилув қарорининг ижро этилиши Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, хавфсизлигига зарар етказса ёки қонунчилигининг асосий принципларига зид бўлса.

Чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам рад этилиши мумкин.

 

Зулфия Хасанова,

Нукус туманлараро иқтисодий суди раиси