Кашандалик-соғлик кушандаси, умр заволи
Нукус гарнизони манавият ва маърифат маркази биносида Нукус ҳарбий судининг судья ёрдамчиси Р.Нурниязов, Нукус ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси адлия капитани Ш.Рамазанов ҳамда Қорақалпоқ Давлат университетининг юридика факультети талабалари иштирокида, ўз йигитлик бурчини ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчилар билан 31 май Халқаро кашандаликка қарши курашиш куни муносабати билан “Кашандалик-соғлик кушандаси, умр заволи” мавзусида семинар ўтказилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 1988 йил 31 май куни Халқаро чекишга қарши курашиш куни деб эълон қилинган.Ушбу сананинг глобал мақсади ҳозирги ва келгуси авлодни тамакининг нафақат соғлиқ учун салбий жиҳатларидан, балки ижтимоий, экологик ва иқтисодий талофатларнинг вайронкор оқибатларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили тамаки истеъмоли оқибатида 6 миллионга яқин киши ҳаётдан кўз юмади ва агар унга қарши курашга киришмасак, бу кўрсаткич йилига 8 миллиондан ошади.
Тамаки чекиш ҳамма зарарли одатлар орасида энг кўп тарқалганидир. Инсоннинг замонавий ҳаёт тарзида, кашандалик кўпгина сурункали касалликларни келтириб чиқарувчи, иш қобилиятини пасайтирувчи, ногиронликни ва ўлимнинг ёшариб бораётганлигига сабаб бўлувчи хавфли омилларнинг асосийларидан бири бўлиб бормоқда. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг баённомаларига асосан, жаҳонда бир йил давомида 5 миллион киши тамаки чекиш билан боғлиқ бўлган касалликлар туфайли оламдан кўз юмади. Чекувчининг умри чекмайдиганларга қараганда, кунига бир дона сигарет чекканида ҳам ўртача 5-8 йилга қисқароқ экан, суткасига 2 пачка сигарета чекувчи кашандаларда умрининг қисқариши 10 йилдан ошади.
Бу — сигарет ҳар олти сонияда бир одамнинг умрига зомин бўлмоқда дегани. Бугун дунёда тамаки чекувчилар сони 1,6 миллиардга яқинлашган. Бу муаммога қарши курашишнинг энг самарали йўли соғлом ҳаёт кечиришни танлашдир.
Мутахассислар фикрича, соғлом турмуш тарзини яратишда аввало тамаки маҳсулотлари истеъмолига чек қўйиш зарур. Ундаги никотин моддаси инсон саломатлиги учун хавфли бўлиб, юрак, қон-томир, нафас аъзолари касалликларини келтириб чиқариши, организмда хавфли ўсмалар пайдо қилиш эҳтимоли кучли. Улар орасида ҳомиладор аёллар, гўдаклар, болалар, ўсмирлар ва ёшлар ҳаммадан кўп жабр кўрмоқда.
Семинарда мутасаддилар шу бошқа мавзуга оид маълумот ва тушунчалар берилди.
Р.Нурниязов,
Нукус ҳарбий судининг судья ёрдамчиси