Қорақалпоғистон Республикасида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабуллар бошланди

Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтди. Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда кутилган натижаларни бермоқда.

“Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида Хўжайли туманида Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Нурлипесовлар томонидан ўтказилган навбатдаги сайёр қабул жараёнида Хўжайли, Нукус,Тахиатош туманлари ва Нукус шаҳридан келган мурожаатчиларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалари тингланди. Дастлаб, ташкилотчилар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, аҳоли муаммоларини ўрганиш, очиқ мулоқот орқали фуқароларни эшитиш ва уларнинг қалбига кириб бориш, мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳусусида сўз юритилди.
Бундан сўнг, судларнинг раислари, уларнинг ўринбосарлари ва судьялар шуъбаларга бўлиниб, фуқароларни қабул қилдилар.

   

Тахиятош тумани, Найманкўл овул фуқаролар йиғинида яшовчи Зухре Худайбергенова бундан икки йил олдин ипотека кредити асосида янгидан қурилаётган кўп қақатли квартиралардан бирини сотиб олади.
“-Аммо ўша вақтдаги тижорат банк масъуллари коронавирус билан боғлиқ карантин чекловлари кучайттирилганлиги муносабати билан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида бу уйларнинг бошланғич тўловида бир йилга имтимз берилгани, кейин эса фақатгина маълум миқдорда 15 йилга ҳисобланган кредит қарзини ойма-ой қайтариш зарурлигини айтишган. Бошланғич тўловсиз 1 йиллик имтиёзли шарти бўлгани учун мен ҳам кўплар қаторида уч хонали квартира олгандим, номимизга ҳам ҳеч муаммосиз ҳужжатлаштириб берилди. Ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб ҳар ойда кредит миқдорини вақтида тўлаб келаётган эдик. Бир куни бизга банкдан хат келди. Унда ёзилишича энди пандемия сабабли карантин чекловлари юмшатилгандан кейин бизга айтилган имтиёзли давр билан қўшиб 50 млн сумдан зиёд кредит қарздорлиги чиқарилибди. Шу кундан буён бормаган идорам қолмади. Бугун сайёр қабулни эшитиб Қорақалпоғистон Республикаси суди раисига мурожаат қилдим. Шу ернинг ўзида менинг банкдаги кредит қарздорлигимни вақтинча тўхтатиб туриш бўйича аризамни олиб қолишди. Яна суд тартибида менга апелляция шикояти бериш ҳуқуқимни ҳам тушунтиришди. Мен қабул масъулларидан миннатдорман”-дейди Зухре Худайбергенова.

          

Бу галги сайёр қабул давомида келинини турар жойдан ҳисобдан чиқариш, фарзанд таъминоти учун алимент ундириш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, автомашинани рўйхтдан ўтказиш, туғилганлик гувоҳномасидаги маълумот электрон базага хато киритилганлиги учун уни ҳуқуқий асосда тузатиш, турар жой масаласи бўйича чиқарилган суд карори ижросини таъминлаш,иш ҳақи ундириш, уй жой масаласи билан боғлиқ низолар, суд ҳукми билан тайинланган жазодан шартли озод қилиш, шунингдек, тадбиркорларнинг бозор акцияси бекор бўлганлиги юзасидан, етказилган зарар бўйича компенсация ундириш каби 45 нафар фуқаронинг 50 га яқин масаласи тингланди.

         

Бугунги кунда аҳоли билан учрашиб, жойларга чиқиб уларнинг дардига қулоқ тутиш, шу орқали аҳолининг розилигига эришиш ҳар бир раҳбарнинг бош вазифасига айланди. Таъкидлаш керакки, суд тизими билан боғлиқ мурожаатлар маълум муддат ва вақт талаб қилинадиган соҳа. Шундай экан, бугун мурожаат қилган фуқароларнинг масалалари юзасидан судьялар томонидан тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтириш берилиб, ҳар бир мурожаат шахсан суд раислари томонидан назоратга олинди.

Мухтасар айтганда, ҳеч бир мурожаат шунчаки қоғозларда қолиб кетмайди. Ўтказилаётган бу каби сайёр қабуллар эса муаммоларни аниқлаш, жойида ҳал қилиш, уларни бартараф этиш мақсадларига қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

 

Гулайым Ғаниева,

Қорақалпоғистон Республикаси суди бош консультанти