Кегейлида “Ягона дарча тизими”ни судлар фаолиятига тадбиқ этиш лойиҳасининг аҳамияти тушунтирилди

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларига тўхталиб, эндиликда судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилиши билан боғлиқ ташаббусни илгари сурган эди. Жумладан, бундан буён иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, ариза “ягона дарча” асосида қабул қилиниши, бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишига чек қўйиши таъкидлаган эди.

Ўз навбатида Олий суд томонидан айни масалага доир лойиҳа ишлаб чиқилиб, судьялар, адвокатлар ҳамда кенг жамоатчиликка ҳавола этиш, лойиҳа юзасидан фикр-мулоҳазаларни умумлаштириш жараёнлари олиб борилмоқда.

Кегейли туманида ўтказилган тадбирга туман ҳокими Д.Утемуратов, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Нурлипесов, туман прокурори Қ.Бекмуратов ва тумандаги овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Унда  Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Нурлипесов сўзга чиқиб,  янгича ёндашувнинг қулайлик ва афзалликларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, тадбирда судларга тадбиқ этилиши режалаштирилаётган “ягона дарча” тизимининг афзалликлари ва қулайликлари тушунтирилиб, бунинг учун амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.  Шу билан бирга, йиғилишда қатнашган айрим ҳуқуқшунос ва тадбиркорлар лойиҳани амалга оширишда эътиборга қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан ўз таклифларини ҳам билдириб ўтдилар.