Тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳуқуқий тарғибот

Тадбиркорларга имконият ва имтиёзларни назарда тутувчи, уларни иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаб, қўллаб-қувватловчи қонунчилик механизмларини шакллантириш ва уларни такомиллаштириб бориш ҳар доим давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиб келмоқда.

 

     

Шу жумладан, иқтисодий судларнинг одил судловга қаратилган фаолияти айнан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги боис, ушбу муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик нормалари ҳам сўнг йилларда такомиллаштирилиб келинмоқда.

       

Шу маънода Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари Б.Ктайбеков, Беруний туманлараро иқтисодий судининг раиси Р.Курбанбаев, судьялари Қ.Хожамуратов ва Б.Бекмуратовлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тасдиқланган «Қорақалпоғистон Республикасида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича йўл харитаси»нинг 3-банди 5-қисмининг ижросини таъминлаш мақсадида Элликқалъа тумани ҳокимлигининг мажлислар залида ушбу туманда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари, прокуратура, адлия, солиқ идоралари, банклар, Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгашидан вакиллар иштирокида семинар ташкил қилинди.

         

Семинарда судьялар томонидан 2021 йил 16 сентябрь куни қабул қилинган «Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-716-сонли Қонунига биноан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 18 октябрь куни тасдиқланган «2022 йил ғалла ҳосили етиштириш харажатларини ўз вақтида молиялаштиришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 185-сонли йиғилиш баёнининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, семинарда тадбиркорлик субъектлари вакиллари ўзларининг фаолиятларида учраётган муаммолари билан ўртоқлашиб, уларни ҳал қилишга қаратилган саволларини бериб, уларга мутасаддилардан тегишли жавоблар олишди.

Ўтказилган семинар машғулоти қизғин баҳс-мунозараларга ва савол-жавобларга бой тарзда ўтганлиги билан катта аҳамиятга эга бўлди.

 

Байрамбай Бекмуратов, Қуўанишбай Хожамуратов

Беруний туманлараро иқтисодий судининг судьялари