МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИКДА ОДИЛЛИК ВА ИНДИВИДУАЛ ЁНДАШУВ: СУД АМАЛИЁТИ МИСОЛИДА
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда бу соҳада қонунийликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада маъмурий органлар томонидан қабул қилинаётган қарорлар устидан самарали суд назоратини амалга ошириш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати ҳисобланади.
Конституциямизда ҳар бир шахснинг давлат органлари ва мансабдор шахслар қарорлари устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Шунинг учун маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорлар ҳам суд томонидан ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилади. Суд бундай ишларни кўриб чиқишда нафақат ҳуқуқбузарлик фактини, балки қарорнинг қонунийлиги, асослилиги, ҳуқуқбузарнинг шахси, келтирилган важлар, тақдим этилган далиллар ҳамда ишнинг бошқа барча аҳамиятли ҳолатларига ҳуқуқий баҳо беради.
Тўрткўл туман суди амалиётида кўриб чиқилган ишлардан бири ҳам айнан маъмурий орган қарори устидан берилган шикоят билан боғлиқ бўлиб, мазкур иш суд томонидан қонун устуворлиги, адолат ва холислик тамойиллари асосида кўриб чиқилди.
Тўрткўл туман суди томонидан кўриб чиқилган ишлардан бирида фуқаро Кадастр органи томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисми асосида тайинланган маъмурий жаримани бекор қилишни сўраб судга мурожаат қилди. У шикоятида жаримани тўлаш имконияти йўқлигини, пенсияда эканини ва моддий аҳволи оғирлигини важ сифатида келтирди.
Суд иш материалларини, ҳуқуқбузарнинг кўрсатмаларини, Кадастр органи тақдим этган далилларни ҳамда электрон ахборот тизимлари орқали олинган маълумотларни ҳар томонлама ўрганди. Текшириш давомида ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволи ҳақидаги маълумотлар унинг келтирган важларини тасдиқламаслиги, унинг мулки ва транспорт воситалари мавжудлиги аниқланди.
Шу билан бирга, ҳуқуқбузар томонидан содир этилган қонунбузарлик оқибатлари ҳам тўлиқ бартараф этилмагани инобатга олинди. Суд мазкур ҳолатларни ҳуқуқий жиҳатдан баҳолаб, Кадастр органи қарори қонуний ва асосли қабул қилинган, деган хулосага келди ҳамда шикоятни қаноатлантирмасдан, маъмурий орган қарори ўзгаришсиз қолдирилди.
Мазкур суд амалиёти шуни кўрсатадики, судлар ҳар бир ишни кўришда фақат мурожаатчининг баёнотлари билан чекланиб қолмайди. Аксинча, барча далиллар, ҳуқуқий нормалар ва объектив маълумотлар чуқур таҳлил қилиниб, қонун устуворлиги ҳамда адолат принциплари таъминланади.
Фуқаролар шуни унутмасликлари лозимки, маъмурий жазони бекор қилиш ёки енгиллаштириш ҳақидаги талаблар фақат асосли ҳуқуқий далиллар билан тасдиқланган тақдирдагина қаноатлантирилиши мумкин. Суд эса ҳар бир қарорни қонун талаблари, холислик ва адолат тамойилларига таянган ҳолда қабул қилади.
Қонунга ҳурмат, ер муносабатларига масъулият билан ёндашиш ва белгиланган тартибларга риоя қилиш ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг энг самарали воситаси ҳисобланади.
Бауржан САБУРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман судининг тергов судьяси






