ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ЭГАЛЛАШГА ОИД ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИ КВАЛИФИКАЦИЯ ҚИЛИШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ: СУД АМАЛИЁТИ ТАҲЛИЛИ
Ер мамлакатнинг муҳим стратегик ва табиий ресурсларидан бири ҳисобланади. Ундан оқилона фойдаланиш, муҳофаза қилиш ҳамда ер муносабатларида қонунийликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан саналади. Шу сабабли ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, улардан қонуний ҳуқуқсиз фойдаланиш ёки бундай ерларда ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш учун қонунчиликда маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси ер муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни назарда тутади. Хусусан, мазкур модданинг иккинчи қисми ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаш, шунингдек унга нисбатан қонуний ҳуқуқ мавжуд бўлмаган ҳолда ундан фойдаланиш учун маъмурий жавобгарликни белгилайди. Модданинг учинчи қисми эса ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш учун жавобгарликни назарда тутади.
Ушбу нормалар мазмунан ўзаро боғлиқ бўлса-да, уларнинг объектив томони, ҳуқуқбузарлик содир этилиш вақти ва ҳуқуқий оқибатлари турлича бўлгани сабабли, ҳар бир ҳолатда ҳуқуқбузарликка тўғри ҳуқуқий баҳо бериш алоҳида аҳамият касб этади. Амалиётда айрим ҳолларда ушбу нормаларни қўллашда ҳуқуқбузарликни нотўғри квалификация қилиш ҳолатлари учраб турибди.
Жумладан, Жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман судида кўрилган маъмурий ишда фуқаро С.Н.га нисбатан Кадастр органи томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси учинчи қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Иш материалларига кўра, ҳуқуқбузар тегишли рухсат этувчи ҳужжатларсиз ўз ер участкасига туташ давлат ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ушбу ҳудудда автомашиналарни ювиш шохобчасини қурган ва ундан фойдаланиб келган.
Суд муҳокамаси жараёнида иш ҳужжатлари, гувоҳлар кўрсатмалари, кадастр маълумотлари ҳамда сунъий йўлдош орқали олинган фотосуратлар ҳар томонлама таҳлил қилинди. Таҳлил натижасида ноқонуний қурилиш ишлари 2023 йилда бошланиб, 2024 йил июль ойида якунлангани аниқланди. Демак, мазкур ҳаракат учун маъмурий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетган.
Бироқ иш материаллари ҳуқуқбузар томонидан ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасидан ҳозирги кунга қадар ҳеч қандай қонуний ҳуқуқсиз фойдаланиб келинаётганини тасдиқлади. Бу эса ҳуқуқбузарликнинг давом этаётган хусусиятга эга эканлигини англатади.
Маъмурий ҳуқуқ назариясида давом этаётган ҳуқуқбузарлик деб ҳуқуқбузар шахс зиммасидаги мажбурият бажарилмасдан ёки қонунга хилоф ҳолат бартараф этилмасдан давом этаётган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади. Бундай ҳуқуқбузарликда ҳуқуққа хилоф ҳолат сақланиб турган давр мобайнида ҳуқуқбузарлик ҳам давом этади.
Шу нуқтаи назардан суд суриштирув органи томонидан ҳуқуқбузар ҳаракатларига берилган ҳуқуқий баҳони тўлиқ асосли деб топмади. Чунки мазкур ҳолатда қурилиш ишларини амалга ошириш ҳаракати тугалланган бўлса-да, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасидан қонуний ҳуқуқсиз фойдаланиш ҳуқуқбузарлиги давом этаётган эди.
Шу муносабат билан суд ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси учинчи қисмидан иккинчи қисмига қайта квалификация қилди ҳамда унга нисбатан қонун санкцияси доирасида маъмурий жарима тайинлади.
Мазкур суд қарори ер муносабатлари соҳасида қонун нормаларини тўғри қўллаш нуқтаи назаридан муҳим амалий аҳамиятга эга. У ҳуқуқбузарликнинг ташқи белгилари эмас, балки унинг ҳуқуқий моҳияти, содир этилиш вақти ва давом этаётган ёки бир марталик хусусиятга эгалигини аниқлаш квалификациянинг ҳал қилувчи мезони эканини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасини қўллашда ҳар бир ҳолатда ҳуқуқбузарликнинг объектив томони, унинг тугалланган ёки давом этаётган хусусияти, жавобгарликка тортиш муддатлари ҳамда ишдаги далилларга ҳар томонлама ҳуқуқий баҳо бериш талаб этилади. Бу эса қонун устуворлигини таъминлаш, ер муносабатларида ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлаш ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилади.
Зухра БАЙИМБЕТОВА,
Жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани судининг тергов судьяси






