ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ: ЯНГИ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТЛАР АМАЛИЁТДА

 

 

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари, айниқса, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ва изчил ишлар амалга оширилмоқда. 2025 йил 9 апрель куни қабул қилинган “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун мазкур йўналишдаги ҳуқуқий кафолатларни янада мустаҳкамлади.

 

 

Мазкур Қонунга мувофиқ, Оила кодексига киритилган муҳим қўшимчалардан бири — суд томонидан никоҳдан ажратиш ишлари кўрилаётганида оилавий (ижтимоий) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муддат тайинланмаслиги ҳисобланади. Бу норма зўравон муносабатлар давом этишининг олдини олиш, жабрланувчи шахснинг хавфсизлигини таъминлаш ва унинг ҳақ-ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 59-2-моддасида оилавий (ижтимоий) зўравонлик тушунчасига ҳуқуқий жиҳатдан аниқ таъриф берилган. Унга кўра, қуйидаги ҳаракатлар оилавий зўравонлик ҳисобланади:

 

 

турмуш ўртоқ, собиқ турмуш ўртоқ, бирга яшовчи шахс ёки умумий фарзандга эга бўлган шахс томонидан бошқа шахснинг таълим, меҳнат, соғлиқни сақлаш, мулк ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилиш;

 

 

шахсий буюмлар ва мол-мулкка қасддан зарар етказиш;

 

 

шахс шаънини камситиш, уни қўрқитиш, яқин қариндошларидан мажбурий ажратиб қўйиш каби хатти-ҳаракатлар.

 

 

Агар ушбу ҳаракатларда жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, улар маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиб, 10 дан 20 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдорида жарима ёки 10 суткагача маъмурий қамоқ жазоси билан жазоланади.

 

 

Модданинг иккинчи қисмида эса, жабрланувчи шахсга енгил тан жароҳати етказиш, соғлиғи ёмонлашишига олиб келган зўравон хатти-ҳаракатлар ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. Бу ҳолатларда жарима миқдори сақланади, лекин маъмурий қамоқ муддати 15 суткагача оширилади.

 

 

Янги ҳуқуқий ўзгаришлар, хусусан, суд томонидан ярашиш муддати белгиланмаслиги каби нормалар оилавий зўравонликка учраган шахслар учун муҳим кафолат ҳисобланади. Бу каби ҳуқуқий ёндашувлар-зўравонликни рағбатлантирмаслик, жабрланувчиларни такрорий зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг дахлсизлиги ва шаънини тиклаш каби муҳим ижтимоий мақсадларга хизмат қилади.

 

 

Қабул қилинган Қонун нафақат оилавий зўравонликка қарши самарали курашишни, балки оилаларда соғлом муҳит яратиш, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

 

Шу боис, ҳар бир фуқаро, хусусан, аёллар ва ёшлар ўз ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қилиш механизмларидан хабардор бўлиши жамият барқарорлиги учун муҳим шартлардан биридир.

 

 

 

Жанат АЙМАҒАНБЕТОВА

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьяси

 

МУЛКНИ МУСОДАРА ҚИЛИШ ТАРТИБИ

Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборат. Мулк ҳуқуқи муддатсиз бўлиб, мулк дахлсиз ва қонун билан муҳофаза қилинади.

 

Мулк эгасининг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда гина йўл қўйилади.

 

Шунингдек, қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув ушбу мол-мулкка қаратилган тақдирда, шунингдек, национализация қилиш, реквизиция ва мусодара қилиш тартибида йўл қўйилади.

 

Қонунда назарда тутилган ҳолларда мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ жиноят ёки ўзга ҳуқуқбузарлик қилганлик учун ҳақ тўламасдан мулкдордан олиб қўйилиши, яъни мусодара қилиниши мумкин.

 

Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, ҳисобга олиш, сақлаш, баҳолаш ва сотиш, шунингдек, уни йўқ қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида»ги Низом асосида амалга оширилади.

 

Мулкни олиб қўйиш тўғрисидаги материаллар қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш ёки уни йўқ қилиш тўғрисида қарор қабул қилувчи тегишли судга ёки органга берилиши керак. Бунда материалга мол-мулкни олиб қўйиш тўғрисидаги баённома, мол-мулкни сақлаш учун қабул қилиш-топшириш далолатномаси, автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулкни давлат даромадига ўтказишда – кўздан кечириш далолатномаси, 20 ва ундан ортиқ йил фойдаланилган автомототранспорт воситасини кўздан кечириш далолатномасига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати органининг автомототранспорт воситасининг фойдаланишга яроқлилиги тўғрисидаги хулосаси, экспертиза ўтказиш учун қисмлар ва намуналар олиш тўғрисидаги далолатнома, мол-мулкнинг истеъмол, фойдаланиш ёки қайта ишлаш учун яроқлилиги ёки яроқсизлиги бўйича эксперт хулосаси, мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотга мувофиқлик сертификати, мол-мулкни баҳолаш тўғрисидаги хулоса ёки мол-мулкни баҳолаш тўғрисидаги далолатнома, шунингдек базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баравари ва ундан ортиқ миқдорига тенг бўлган мол-мулк бўйича қўшимча равишда фотосуратга олиш материаллари, мавжуд бўлганда эса видеотасвирга олиш материаллари ҳам илова қилинади.

 

Мулкни давлат даромадига ўтказиш ёки уни йўқ қилиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилган суд ёки бошқа орган ўз қарорида экспертиза ўтказишда (сертификатлашда) олинган ва қайтарилган қисмлар ҳамда намуналар сонини кўрсатган ҳолда давлат даромадига ўтказиладиган ёки йўқ қилиб ташланадиган мол-мулкнинг қиймати ва миқдорини кўрсатади.

 

Мулкни давлат даромадига ўтказиш ёки уни йўқ қилиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилган суд ёки орган ўзи чиқарган тегишли қарор кучга кирганидан кейинги кундан кечиктирмай ижро ҳужжатини ижро этиш учун тегишли Бюро органига юборади.

 

Ваколатли органнинг кучга кирган қарори, шунингдек, мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш ёки мол-мулкни йўқ қилиш тўғрисидаги суднинг кучга кирган қарори асосида суд томонидан бериладиган ижро варақаси ижро ҳужжати ҳисобланади.

 

Суд ёки ваколатли органнинг ижро ҳужжатига ушбу Низомга асосан юқорида қайд этилган, ижрони юритиш учун зарур бўлган ҳужжатлар илова қилинади.

Мулкни сотишдан тушган пул маблағларининг давлат даромадига тўлиқ ва ўз вақтида тушишини назорат қилиш, шунингдек, давлат органларига бепул берилган мол-мулкни ҳисобга олиш солиқ органлари томонидан амалга оширилади.

 

Мулкни олиб қўйиш, давлат мулкига ўтказиш ёки уларни йўқ қилиш, баҳолаш (қайта баҳолаш) ҳамда сотиш ваколати берилган, олинган пул маблағларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тўлиқ ва ўз вақтида ўтказилишини таъминловчи давлат бошқаруви, назорат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг қонунийлиги устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.

 

Низом талаблари бузилишининг ҳар бир ҳолати бўйича прокуратура органлари жазо муқаррарлигини таъминлайди ва қонунда назарда тутилган жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарлик чораларини кўради.

 

Низом талаблари бузилганлиги учун айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

 

Спартак Ниязов,

Нукус туманлараро иқтисодий суди раиси

 

АДОЛАТ ТИЗИМИДА ЯНГИ БОСҚИЧ: СУДЛАРДА СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

 

 

Юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, уни замон талабларига мос равишда такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш тўғрисида”ги Фармони (ПФ–140-сон) ана шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

 

Фармонда суд фаолиятига сунъий интеллект (SI) технологияларини жорий этиш, рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш ҳамда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

 

Эндиликда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда:

 

-суд ишлари таҳлил қилинади ва улар юзасидан қарор қабул қилишда ёрдам кўрсатилади;

 

-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш жараёнлари автоматлаштирилади;

 

-фуқаролар суд қарорларини оддий ва тушунарли тилда олиш имкониятига эга бўлади;

 

электрон навбат, онлайн кузатув ва рақамли мурожаат имкониятлари кенг жорий этилади.

 

Бу ўзгаришлар фуқароларга ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда катта қулайлик яратиши, суд ишларининг самарадорлиги ва тезкорлигини ошириши кутилмоқда. Инсон омили камаяди, холислик ортади. Суд тизимида сунъий интеллектни татбиқ этиш инсон омилининг таъсирини камайтириш, холис ва одил қарор қабул қилишга хизмат қилади. Бу эса нафақат фуқароларнинг судга ишончини оширади, балки адолат сари қадамларни янада мустаҳкамлайди.

 

Президент Фармонида белгиланган вазифалар – суд-ҳуқуқ соҳасини рақамлаштириш ва замонавий технологиялар асосида ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг янги босқичидир. Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар орқали халқ манфаати биринчи ўринга қўйилади.

 

 

Райса Бекмуратова,

Жиноят ишлари бўйича Кегейли тумани суди раиси

ҚОНУНГА МУҲИМ ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИЛДИ

Қорақалпоғистон Республикаси судида прокуратура органлари билан ҳамкорликда амалий семинар бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьялари ҳамда прокуратуранинг масъул ходимлари иштирок этишди.

Тадбир давомида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қонуннинг мазмун-моҳияти кенг муҳокама қилинди. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурорнинг иштироки назарда тутилган бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

Хусусан, прокурорга ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундириш билан боғлиқ ишларда судларда иштирок этиш ҳамда давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза киритиш ҳуқуқи берилди.

Семинар давомида ушбу қонун ижросини таъминлашда суд ва прокуратура органларининг ўзаро ҳамкорлиги, прокурор иштироки белгиланган ишларнинг суд мажлисларида кўриб чиқилиши тартиби, ушбу ваколатларнинг амалий қўлланилиши каби масалалар юзасидан тажриба алмашилди.

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Одил судловни таъминлаш давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Судлар фаолияти самарали ва барқарор бўлиши учун давлат бюджети асосий манба бўлиб хизмат қилади. Бу жараёнда давлат божи алоҳида аҳамиятга эга, чунки у судларга мурожаат қилишда ундириладиган тўлов сифатида давлат бюджети шаклланишининг таркибий қисмига айланган.

Давлат божини тўғри белгилаш ва ўз вақтида ундириш нафақат давлат молияси учун, балки ҳар бир фуқаро ва тадбиркорлик субъекти учун ҳам муҳимдир. Судларга даъво аризаси беришда, апелляция, кассация ва тафтиш шикоятларини киритишда давлат божи тўланиши шарт. Бироқ қонун айрим шахсларни бож тўлашдан озод этади, айрим ҳолатларда эса тўловни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки камайтириш имкониятини беради. Бу эса иқтисодий қийинчиликка дуч келган шахслар учун ҳам одил судловдан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолади.

Шу ўринда, 2025 йил 20 февралда қабул қилинган ЎРҚ-1032-сонли Қонун айрим муҳим ўзгаришларни жорий этди. Хусусан, электр ва иссиқлик энергияси етказиб берувчи ташкилотлар истеъмолчилар қарздорлиги учун судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинди. Бу хизмат кўрсатувчиларнинг молиявий юкини енгиллаштириб, уларга барқарор маблағ топланишига ёрдам беради. Натижада аҳоли учун электр ва иссиқлик таъминотида узилишлар камаяди, хизмат сифатининг ошишига замин яратилади. Бироқ агар суд даъвони рад этса, давлат божи хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўзи томонидан тўланиши белгиланган. Бу эса қонун нормасининг адолатли ишлашига хизмат қилади.

Қонун хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилиш тартибини ҳам аниқлаштирди. Энди давлат божи қайси муддат учун тўланиши белгилаб қўйилди. Бу хорижий бизнес учун ҳуқуқий тартибларнинг очиқ ва равшан бўлишига ёрдам беради, шу билан бирга мамлакатимизга инвестициялар кириб келишини рағбатлантиради.

Якуний хулоса шуки, давлат божи — давлат бюджети ва одил судлов тизимининг асосий таянчи. Унинг тўғри белгиланиши ва адолатли тартибда ундирилиши жамиятда ҳуқуқий тенглик ва молиявий барқарорликни таъминлайди. ЎРҚ-1032-сонли Қонун эса бу йўналишдаги ислоҳотларни янада такомиллаштириб, аҳоли, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва хорижий бизнес манфаатларини уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.

Еркин УТЕНИЯЗОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси 

СУД МАЖЛИСЛАРИДА МАСОФАДАН ТУРИБ ИШТИРОК ЭТИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ БЕЛГИЛАНМОҚДА

 

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича судларга мурожаат қилишини либераллаштириш, умуман одил судловга эришиш даражасини ошириш, шунингдек, судлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш имконини яратди.

 

Натижада ариза бериш, ишда масофадан туриб иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши тўғрисида маълумот олиш каби хизматлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда.

 

Шу билан бирга, видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобил видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурати пайдо бўлди.

 

Шу боис, процессуал қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида 2025 йил 11 март куни Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1047-сонли Қонуни қабул қилинди ва 2025 йил 12 март кунидан қонуний кучга кирди.

 

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этишининг ҳуқуқий асосларини яратишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Хусусан, қонун билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирокини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёки ишни кўраётган суднинг мобил видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиши, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирокини таъминлаётган суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг келган-келмаганлигини текшириши ва келган шахсларнинг шахсини аниқлаши, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида мобил видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган шахсларнинг шахси ишни кўраётган суд томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқланиши, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилиши, шунингдек гувоҳнинг қасамёди аудио ва видеоёзув орқали ёзиб олиниши ҳамда бу ҳақида суд мажлисининг баённомасида кўрсатилиши назарда тутилмоқда.

 

Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

 

Спартак НИЯЗОВ,

Нукус туманлараро иқтисодий суди раиси

 

КОРРУПЦИЯГА – ИСЛОҲОТЛАР ЙЎЛИДАГИ ЭНГ КАТТА ТЎСИҚ ВА ҒОВ

 

Коррупция – жамият ривожига тўсқинлик қилувчи, давлат институтларига бўлган ишончни пасайтирувчи салбий ҳодиса ҳисобланади. Айниқса, маиший коррупция кундалик ҳаётда фуқаролар ва давлат хизматчилари ўртасидаги муносабатларда намоён бўлиб, аҳолининг давлат тизимига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатади.

 

2025 йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида иштирок этди. Йиғилишда мамлакатимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар белгиланди.

 

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида коррупциянинг ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ эканини таъкидлаб, сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича қабул қилинган қонунлар ва яратилган янги тизимлар ҳақида маълумот берди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашни умуммиллий вазифа деб атаб, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг бу жараёнда фаол иштирок этиши зарурлигини таъкидлади. Кенг жамоатчиликни жалб қилиш, нодавлат ташкилотлар фаоллигини ошириш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.

 

Давлат раҳбари сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилди. Лекин судьяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этиб лекин, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.

 

“Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади”,  – деди Президент.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлигида сўнгги йилларда давлатимизда коррупцияга қарши курашишда тизимли ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, бу борада муҳим натижаларга эришилмоқда.

 

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштирилмоқда.

 

2017 йилда қабул қилинган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун ушбу соҳадаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлиб, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашишдаги ваколатлари ва мажбуриятларини белгилаб берди.

 

Шунингдек, 2020-йил 29-июнда Президентимизнинг ПФ-6013-сонли Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Ушбу агентлик коррупциянинг олдини олиш, уни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш билан шуғулланади.

 

Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. 2019-йил 27-майда Ўзбекистон Республикаси  Президентининг ПФ-5729-сонли фармони билан коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди. Ушбу фармон коррупциянинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратишга қаратилган.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сонли Фармони билан давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланди. Ушбу фармон коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратишга хизмат қилади.

Юқоридаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда суд олдинга қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизимида ҳам коррупциянинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш юзасидан ишлар тизимли равишда йўлга қўйилган.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2017 йил
30 августдаги РС-30-17-сонли қарори билан «Ўзбекистон Республикаси судлари судьяларининг одил судловни амалга оширишдаги ва суд ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришдаги фаолияти давомида муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик учун ҳақ (пора) таклиф қилинганлиги тўғрисида хабар бериш ва уни кўриб чиқиш Тартиби» тасдиқланган бўлиб, Тартибнинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қуйи судларнинг судьялари ва суд ходимларини, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг худудий бўлимларининг ходимларини ўз хизмат бурчига садоқатлилик руҳида тарбиялаш, суднинг ва ўз ҳамкасбларининг обрўсига путур етказадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийишга чорлаш, пора таклиф қилишга имкон берувчи шароитларни яратишга йўл қўймаслик ҳамда жамиятда порахўрлик иллатини йўқотишга кўмаклашишдан иборатдир.

Шунингдек, 2024 йил 27 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раисининг “Судларда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 283-сонли буйруғи қабул қилинди.

Мазкур буйруқ билан қуйидагилар яъни,

-“ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати”;

-“Суд органларида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги Низом”;

-“Суд органларида коррупцияга қарши тартиб-таомилларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш услубиёти”;

– “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимларида давлат харидлари жараёнини ташкил этиш бўйича Низом”;

 

-“ Суд органларида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти”;

 

– “Ўзбекистон Республикаси Олий судининг алоқа каналлари орқали суд ходимларига оид коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш регламенти”;

 

– “Суд органларида коррупцияга қарши кўраш тизимининг ҳолати тўғрисидаги ҳисоботни шакллантириш ва тақдим этиш регламент”лари тасдиқланди.

 

Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу соҳада қабул қилинаётган қонунлар ва Президент фармонлари давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциявий омилларни камайтиришга қаратилган.

 

Ушбу чора-тадбирлар натижасида фуқароларнинг давлат институтларига шу қатори судга бўлган ишончи мустаҳкамланади деб ишонамиз.

 

Хулоса ўрнида барча ҳамкасбларимизни ва фуқароларимизни коррупцияга қарши кураш жараёндан четда турмасликка чақириб қоламиз.

 

 

Еркин УТЕНИЯЗОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари малака ҳайъати раиси 

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ЯНГИ ҚОНУННИНГ АҲАМИЯТИ

2025 йил 20 февралда қабул қилинган ЎРҚ-1032-сонли қонун давлат божи масалаларига янги тартиблар киритди. Бу ўзгаришлар, айниқса, иқтисодий судлар фаолияти учун катта аҳамият касб этади.

Энг аввало, электр ва иссиқлик энергияси етказиб берувчи ташкилотлар истеъмолчилар қарздорлиги бўйича судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилди. Бу орқали улар учун молиявий енгиллик яратилди ва қарздорликни ундириш жараёни анча осонлашди. Натижада иқтисодий судларга мурожаат қилиш тезлашиб, уларда ишларни кўриб чиқиш самараси ошиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, агар суд даъвони рад этса, давлат божини хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўзи тўлайди. Бу тартиб иқтисодий судларда адолатни таъминлайди, суиистеъмол ҳолатларини олдини олади.

Қонунга киритилган ўзгаришлар хорижий компаниялар учун ҳам аҳамиятлидир. Улар ваколатхоналарини аккредитация қилишда давлат божини қайси муддат учун тўлашини аниқ билиб, ўз фаолиятини режалаштиришда қийинчиликка дуч келмайди. Бу эса инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилади.

Якуний натижада, янги қонун иқтисодий судлар учун:

  • мурожаатлар тартибини енгиллаштиради;

  • қарздорликни ундириш жараёнини тезлаштиради;

  • адолат ва шаффофликни кучайтиради;

  • тадбиркорлик субъектлари учун ҳуқуқий ишончни мустаҳкамлайди.

Демак, ЎРҚ-1032-сонли қонун иқтисодий судларнинг самарали ишлаши ва иқтисодий муносабатларда барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Алишер АЯПОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси

“ДАВЛАТ БОЖИ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНГА ЎЗГАРИШЛАР: АҲОЛИ ВА БИЗНЕС УЧУН ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

2025 йил 20 февралда Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1032-сонли “Давлат божи тўғрисида”ги қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат мамлакатда давлат божи билан боғлиқ муносабатларни замон талабларига мос равишда ислоҳ қилиш, адолат ва самарадорликни таъминлаш мақсадини кўзлайди. Қонуннинг моҳияти ва аҳамиятини таҳлил қиладиган бўлсак, бир нечта муҳим йўналишларни кўрсатиш мумкин.

Аввало, электр ва иссиқлик энергияси етказиб берувчи ташкилотлар энди истеъмолчилар қарздорлиги учун судга мурожаат қилганда давлат божини тўламайди. Бу муҳим ўзгариш ҳисобланади, чунки коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар кўпинча қарздорликни ундириш жараёнида давлат божи учун катта маблағ сарфлашига тўғри келарди. Энди эса уларнинг молиявий юки енгиллашади, хизмат кўрсатиш сифатини сақлаб қолиш ва техник таъмирлаш ишларига маблағ йўналтириш имконияти ошади. Шу билан бирга, агар суд даъвони рад этса, давлат божи хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўзи томонидан тўланиши белгиланган. Бу ҳолат қонун нормасининг адолатли тарзда ишлашига хизмат қилади.

Иккинчидан, қонун хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилиш жараёнига ойдинлик киритди. Энди давлат божи қайси муддат учун тўланиши аниқ белгиланган. Бу ўзгариш хорижий бизнес учун ҳуқуқий тартибларнинг шаффофлиги ва барқарорлигини таъминлайди. Ўзбекистонда фаолият юритишни режалаштираётган хорижий компаниялар учун ишончли муҳит яратилиши мамлакат инвестициявий жозибадорлигини янада ошириши шубҳасиз.

Учинчидан, қонун аҳоли манфаатларига ҳам тўғридан-тўғри таъсир қилади. Суд орқали қарздорлик ундириш жараёни енгиллашиши фуқароларни ўз вақтида тўловларни амалга оширишга ундайди. Бу тўлов интизомини кучайтиради, ўз вақтида хизмат ҳақини тўлайдиган фуқароларнинг манфаатлари ҳимоя қилинади. Энг муҳими, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар барқарор маблағга эга бўлиб, электр ва иссиқлик таъминотида узилишларнинг олдини олиши мумкин.

Шу билан бирга, қонун ижросида эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар ҳам бор. Хусусан, аҳолида тўлов интизомининг пастлиги кўпинча ижтимоий ёки иқтисодий сабабларга бориб тақалади. Шунинг учун масалани фақат жазо чоралари билан эмас, балки қулай тўлов тизимларини жорий қилиш, аҳолига имтиёз ва қулайликлар яратиш орқали ҳал этиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, суд орқали мурожаат қилиш жараёнлари барча учун оддий ва арзон бўлиши, аккредитация жараёни эса тўлиқ шаффоф ташкил этилиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, ЎРҚ-1032-сонли қонун давлат божи тизимини такомиллаштириш орқали хизмат кўрсатувчилар, аҳоли ва хорижий бизнес учун янги имкониятлар очади. У коммунал хизматлар барқарорлигини таъминлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва ҳуқуқий муносабатларда аниқликни оширишга хизмат қилади. Шунингдек, у аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган қадам сифатида жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.

Низаматдин АБДАКИМОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси

ФУҚАРО  К. САБУРОВНИНГ YOUTUBE ВИДЕОХОСТИНГИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ВИДЕОМУРОЖААТИ ЮЗАСИДАН

 

Аниқланишича, даъвогар К. Сабуров жавобгар Г. Рахимовага нисбатан турар жойлардан мерос улушини олиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2022 йил     22 декабрь кунги ҳал қилув қарори билан даъвогар К. Сабуровнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди апелляция инстанциясининг    2023 йил 14 февралдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 14 февралдаги ажрими билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

 

Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида кўрилмаган.

 

Чунки жавобгар Г.Рахимова 1985 йилдан бошлаб мерос очилгунга қадар мерос қолдирувчи Э.Сабуров билан биргаликда яшаганлиги ва мерос қолдирувчи билан мол-мулкка нисбатан умумий мулк ҳуқуқига эга бўлганлиги сабабли мерос тақсимланишида мерос мулкини асл ҳолида олишда имтиёзли ҳуқуққа эга ҳисобланган.

 

Аризачи мажбурий ижро бўлими Тўрткўл тумани бўлими ҳал қилув қарори бўйича ундирувни низоли мулкка қаратиш ва ва кадастр паспортини шакллантирилиб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги аризаси билан судга мурожаат қилган.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2024 йил     17 майдаги ажрими билан аризачи мажбурий ижро бўлими Тўрткўл тумани бўлимининг аризаси қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 23 июль кунги ажрими билан биринчи инстанция судининг ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича тафтиш инстанциясининг 2024 йил 9 октябрдаги ажрими билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

 

Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида кўрилмаган.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси судининг ахборот хизмати

Skip to content