ҲАКАМЛИК СУДЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ЯНГИ ҲУҚУҚИЙ БОСҚИЧИ
Ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида суд-ҳуқуқ соҳасини изчил такомиллаштириш, низоларни ҳал этишнинг муқобил механизмларини ривожлантириш ҳамда давлат маблағларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада 2026 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ҳакамлик судлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳамда бюджет интизоми кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–1141-сон Қонун мазкур соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда ҳакамлик судлари тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчилари ўртасида юзага келадиган низоларни тезкор ва самарали ҳал этишнинг муқобил институти сифатида шаклланди. Натижада давлат судларининг иш юки камайди, тадбиркорлик муҳитининг жозибадорлиги ошди, шартномавий муносабатларда ишонч мустаҳкамланди. Бироқ амалиёт ҳакамлик судлари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаштириш, судьялар малакасига қўйиладиган талабларни кучайтириш ҳамда давлат манфаатлари билан боғлиқ муносабатларда аниқ ҳуқуқий чекловларни белгилаш заруратини кўрсатди.
Янги Қонун айнан шу эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, у ҳакамлик муҳокамасини халқаро ҳуқуқий стандартларга яқинлаштириш, унинг шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлашга қаратилган.
Қонуннинг энг муҳим янгиликларидан бири давлат органлари, давлат муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳакамлик битими тарафлари бўлишига йўл қўйилмаслигининг қонун даражасида мустаҳкамланганидир. Мазкур чеклов давлат мулки ва бюджет маблағларининг хусусий тартибдаги ҳакамлик муҳокамалари орқали ҳал этилишининг олдини олишга, давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шунингдек, қонун билан ҳакамлик судларида кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган низолар доираси ҳам янада аниқлаштирилди. Энди ер муносабатлари, бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилаш, маъмурий, оилавий ҳамда меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низолар, шунингдек бюджет маблағларини ундириш билан боғлиқ ишлар ҳакамлик судларида кўрилмайди. Бу эса жамоат манфаатларига дахлдор муносабатларни давлат судлари томонидан кўриб чиқиш принципини янада мустаҳкамлайди.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати — ҳакамлик судьяларининг касбий тайёргарлигига оид янги талабларнинг жорий этилганидир. Эндиликда ҳакамлик судьялари Адлия вазирлиги тасдиқлайдиган махсус ўқув дастурлари бўйича тайёргарликдан ўтиши ва мунтазам равишда малакасини ошириб бориши шарт. Бу талаб ҳакамлик муҳокамаларининг сифати, қабул қилинадиган қарорларнинг қонунийлиги ва асослилигини таъминлашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, қонун манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган муҳим процессуал кафолатларни ҳам назарда тутган. Жумладан, муайян низода ҳакамлик судьяси сифатида иштирок этган шахс кейинчалик айнан шу иш бўйича тарафларнинг вакили сифатида қатнашишига чеклов ўрнатилди. Бу холислик ва мустақиллик принципларининг амалда таъминланиши учун муҳим ҳуқуқий кафолатдир.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 175<sup>9</sup>-модданинг киритилиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Унга кўра, ҳакамлик судларини қонунга хилоф ташкил этиш, давлат органларини ноқонуний равишда ҳакамлик битимига жалб қилиш ёки давлат ташкилотлари томонидан қонунга зид равишда ҳакамлик суди қарорларини ихтиёрий ижро этиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бу эса қонун талабларига риоя этилишини таъминловчи таъсирчан ҳуқуқий механизм сифатида хизмат қилади.
Қонуннинг яна бир муҳим йўналиши бюджет интизомини мустаҳкамлаш билан боғлиқ. Бюджет кодекси ва «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиришлар бюджет маблағларининг сарфланиши устидан назоратни кучайтириш, ғазначилик назорати самарадорлигини ошириш ҳамда давлат молиявий манфаатларини судларда ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур Қонун нафақат ҳакамлик судлари фаолиятини тартибга солишга, балки давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни аниқ чегаралашга ҳам хизмат қилади. Бу эса ҳуқуқий аниқликни таъминлаш, суд амалиётида ягона ёндашувни шакллантириш ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу Қонун ҳакамлик судлари институтини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, унинг фаолиятининг очиқлиги ва ишончлилигини ошириш, малакали ҳакамлик судьялари корпусини шакллантириш, давлат манфаатлари ва бюджет маблағларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир. Мазкур ислоҳотлар ҳуқуқий давлат барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда одил судловнинг муқобил механизмларини янада ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Абилай АДИЛОВ,
жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани суди раиси






