СУД АМАЛИЁТИДА ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРГА НИСБАТАН ИНСОНПАРВАР ЁНДАШУВНИ ҚЎЛЛАШНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Суд ҳокимияти фаолиятида вояга етмаганлар иштирокидаги ишлар алоҳида ёндашувни талаб этади. Чунки бундай тоифадаги ишлар нафақат ҳуқуқбузарликка ҳуқуқий баҳо бериш, балки вояга етмаган шахс тақдири, унинг келгуси ҳаёти ва жамиятга мослашуви билан чамбарчас боғлиқдир. Шу маънода, суд қарорлари адолат билан бирга инсонпарварлик тамойилларига ҳам таянишини талаб этади.

Амалий таҳлиллар шуни кўрсатадики, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксарияти ижтимоий муҳит, оилавий назоратнинг сусайиши, ҳуқуқий онгнинг етарли эмаслиги каби омиллар билан боғлиқ. Бундай ҳолатларда қатъий жазо чоралари ҳар доим ҳам қайта тарбиялашга олиб келмайди. Шу боис, миллий жиноят қонунчилигини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш зарурати юзага келган эди.

Айнан шу эҳтиёждан келиб чиқиб, «Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ушбу Қонун суд амалиётида жазо тайинлашда индивидуал ёндашувни кучайтиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади.

Қонунга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланади. Мазкур норма судлар томонидан жазони ўтаб чиққан шахснинг келгусидаги ҳуқуқий мақомини белгилашда, уни ижтимоий ҳаётга қайта интеграция қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бунда ўта оғир жиноятлар ҳамда жазони ўтаб бўлгандан кейин қайтадан қасддан жиноят содир этган ҳолатлар мустасно этиб белгиланган.

Шунингдек, Қонун билан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига ўзгартириш киритилиб, вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклаш ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилди. Бу норма судларга жазо тайинлашда нисбатан юмшоқ, тарбиявий таъсирга эга чораларни қўллаш имкониятини кенгайтиради.

Судлар ушбу Қонун нормаларини қўллашда-жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини, вояга етмаган шахснинг ёши, руҳий ҳолати ва тарбия муҳитини, қилмишнинг сабаб ва оқибатларини чуқур таҳлил қилган ҳолда қарор қабул қилишлари мақсадга мувофиқ.

Қонуннинг қабул қилиниши суд амалиётида жазолаш устувор эмас, балки тузатиш ва профилактика устувор эканини яна бир бор тасдиқлайди. Бу эса вояга етмаганлар ўртасида қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга, жамиятда адолат ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Полат ДОШМУРАТОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ВА ТИКЛАШ ШАРТЛАРИ

 

 

Болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан оилавий-ҳуқуқий соҳасида ҳимоя қилиш даражасини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда давлат оила сиёсати жамият ҳаётида юз бераётган объектив ўзгаришлар таъсири остида шаклланмоқда. Республикамиз миқиёсида ижтимоий муаммо сабабларини бартараф этиш учун оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилмоқда. Давлатимизда ота-оналар қийин ҳаётий вазият туфайли болаларга ғамхўрлик қила олмайдиган оилалар учрайди. Ота-оналарнинг болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлиги муаммосидан ташқари, ота-оналар томонидан боланинг мулкий ҳуқуқларини бузиш муаммоси ҳам долзарбдир. Бунинг асосий сабаблари сифатида: қашшоқлик, алкоголизм, гиёҳвандлик, ота-она мажбуриятларини масъулиятсиз муносабатда бўлиш, оилавий ва ахлоқий қадриятларнинг паст даражасини кўрсатиш мумкин. Оилавий муносабатларнинг беқарорлиги кўпинча бошқа сабабларга кўра ҳам юзага келмоқда.

 

Ота-оналик хукукидан махрум килиш – бу ота-оналарга нисбатан кулланиладиган ва уларнинг ноконуний хатти-харакатларида ота-оналик бурчларини бажармаслик, лозим даражада бажармаслик сифатида ифодаланадиган катъий санкциядир. Таъкидлаш лозимки, ота-оналик хукукларидан махрум килиш – бу уларнинг фарзандларига нисбатан била туриб айбли хукукбузарлик содир этган ота-оналар учун жавобгарлик сунгги чораси хисобланади. Шу муносабат билан, ота-она хукуклари факат Оила кодексининг 80-моддаси биринчи кисмида белгиланган суд карори билан уз кучини йукотади.

 

Ота-оналик хукукидан ута мухим заруратсиз махрум килиш боланинг манфаатларини, оилада яшаш ва тарбияланиш хукукини бузиши ва унинг такдирида кайтарилмас окибатларга олиб келиши мумкин. Бу ота-оналик хукукларидан махрум этиш институтининг тарбиявий функциясини амалга ошириш билан богликдир.

 

Амалдаги Оила қонунчилигига кўра, ота-она (улардан бири) қўйидаги ҳолларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин:

 

– ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;

 

– узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;

 

– ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса;

 

– муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса;

– ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса.

 

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади.

 

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар ота (она)нинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг), прокурорнинг, шунингдек вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти юклатилган орган ёки муассасаларнинг (васийлик ва ҳомийлик органи, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муассасалари ҳамда бошқа муассасаларнинг) даъвосига биноан кўрилади.

 

Суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда боланинг таъминоти учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онадан (уларнинг биридан) алимент ундириш масаласини ҳал қилади.

 

Оила кодексиниң 81-моддасида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш оқибатлари белгиланган. Уларга кўра:

 

– ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади;

 

– ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди;

 

– ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг (улардан бирининг) бундан кейин бола билан биргаликда яшаш-яшамаслик масаласи суд томонидан уй-жой тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади;

 

– ота-онаси (улардан бири) ўзига нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бола, агар у фарзандликка олинган бўлмаса, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади, шунингдек ота (она)си ва бошқа қон-қариндошлари билан туғишганлик фактига асосланган барча мулкий ҳуқуқларини, жумладан мерос олиш ҳуқуқини сақлаб қолади;

 

– болани ота ёки онасига беришнинг имконияти бўлмаган ёки отаонанинг ҳар иккаласи ҳам ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирда, бола васийлик ва ҳомийлик органининг қарамоғига олиб берилади.

 

– ота-она (улардан бири) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда болани фарзандликка олишга ота-она (улардан бири) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлиги тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган кундан кейин камида олти ой ўтгач йўл қўйилади.

 

Ота-она (улардан бири) ўз хулқ-атворини, турмуш тарзини ва (ёки) бола тарбиясига бўлган муносабатини ўзгартирган ҳолларда ота-оналик ҳуқуқи тикланиши мумкин.

 

Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг (улардан бирининг) даъвосига биноан суд тартибида амалга оширилади.

 

Ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвоси билан бирга болани ота-онага (улардан бирига) қайтариш тўғрисидаги талаби ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

10 ёшга тўлган болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқининг тикланишига фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади.

 

Бола фарзандликка олинган ва фарзандликка олиш бекор қилинмаган бўлса, ота-оналик ҳуқуқини тиклашга йўл қўйилмайди.

 

 

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш” тўғрисидаги даъво аризаларининг (ва улар бўйича чиқарилган суд ҳал қилув қарорлари) ўзига хос хусусиятлари мавжуд: бундай низолар замирида бир томондан ота ва оналарнинг болани тарбиялаш билан боғлиқ мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаши ва бир қатор ҳуқуқлардан маҳрум қилиниши турса, иккинчи томондан эса вояга етмаган боланинг тақдири, тарбияси, таъминоти ва хавфсизлиги билан боғлиқ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш намоён бўлади.

 

 

 

 

Саодат ҚАИПНАЗАРОВА,

 

Қорақалпоғистон Республикаси  судининг  судьяси

ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА ХУСУСИЙ АЖРИМЛАРНИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ

Жиноятчиликка қарши кураш фақат жиноят содир этилгандан кейин айбдорни жазолаш билан чекланмаслиги лозим. Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятида жиноятларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган профилактик чоралар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ана шундай таъсирчан ҳуқуқий воситалардан бири — хусусий ажрим ҳисобланади.

Хусусий ажрим суд томонидан жиноят ишини кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилишлар, тизимли камчиликлар, шунингдек, жиноят содир этилишига сабаб бўлган омилларни бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилот, мансабдор шахс ёки органларга юбориладиган ҳуқуқий ҳужжатдир. У суд ҳукми ёки қароридан мустақил равишда чиқарилиб, жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилади.

Амалда хусусий ажримлар орқали меҳнат жамоаларидаги назоратсизлик, идоралардаги хизмат интизомининг бузилиши, масъул шахсларнинг лоқайдлиги, қонун талабларига риоя этилмаслиги каби ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади. Энг муҳими, хусусий ажрим жиноятга олиб келган сабаблар келгусида яна такрорланмаслиги учун аниқ вазифаларни белгилаб беради.

Хусусий ажримларнинг жиноятчилик профилактикасидаги аҳамияти, аввало, уларнинг олдини олувчи таъсирида намоён бўлади. Суд томонидан юборилган хусусий ажрим ташкилот ва мансабдор шахслар учун огоҳлантирувчи сигнал бўлиб, масъулиятни кучайтиради. Натижада, қонунбузилишларга бепарволик билан қараш ҳолатлари камаяди, ички назорат ва интизом мустаҳкамланади.

Шунингдек, хусусий ажримлар жамоатчилик онгида ҳам ҳуқуқий маданиятни оширишга хизмат қилади. Улар орқали жиноят фақат шахсий айб эмас, балки муайян ижтимоий муҳит, бошқарувдаги камчиликлар, тарбиявий бўшлиқлар натижаси эканлиги яққол намоён бўлади. Бу эса жиноятчиликка қарши курашда барча идора ва ташкилотларнинг ҳамжиҳат ҳаракатини таъминлайди.

Қонунчиликка мувофиқ, хусусий ажрим юборилган орган ёки мансабдор шахс уни белгиланган муддатда кўриб чиқиши ва кўрилган чора-тадбирлар ҳақида судга ахборот тақдим этиши шарт. Бу тартиб хусусий ажримларнинг амалий самарасини таъминлаб, уларнинг формал ҳужжат бўлиб қолиб кетишининг олдини олади.

Хулоса қилиб айтганда, хусусий ажримлар жиноятчиликка қарши кураш тизимида муҳим профилактик механизм ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқий восита орқали жиноятларнинг илдизига етиб бориш, сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга эришилади. Демак, хусусий ажримларнинг мазмунан тўғри ва ўз вақтида қўлланилиши жиноятчиликнинг олдини олишда самарали натижа беришининг муҳим кафолатидир.

Бекбаулы ДОСЫМБЕТОВ,

жиноят ишлари бўйича Мўйноқ тумани суди тергов судьяси 

YouТube видеохостингида эълон қилинган“Беруний: Шаббоз бозорида нима гаплар? Тадбиркор нимадан норози?”(https://www.youtube.com/watch?v=3261HZeZv3U)  номли видеолавҳа (https://www.youtube.com/watch?v=zJ45ixzbc38) юзасидан

 

2025 йил 23 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судида фуқаро Ж.Мадияровнинг жавобгарлар Ф.Хасанов ва У.Каримоваларга нисбатан “нотўрар бинодан мажбурий чиқариш” ҳақидаги даъво аризаси очиқ суд мажлиси кўриб чиқилган.

 

Суд даъвогарнинг талабини асоссиз деб топиб, даъвони қаноатлантиришдан рад этди яъни иш жавобгарлар — жумладан У.Каримова ва Ф.Хасанов фойдасига ҳал қилинган.

 

Суднинг ҳал қилув қарори бугунги кунда қонуний кучга кирмаган. Суднинг ҳал қилув қароридан норози томон ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида апелляция тартибида шикоят (протест) ёки ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида кассация шикояти (протести) шу суд орқали Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига бериш ҳуқуқига эга.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси судининг матбуот хизмати

 

Skip to content