Ўгай ота бўла оладими?
Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган.
Амалдаги қонунчиликда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига, шунингдек, уларнинг ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилган.
Фуқаролар орасида фарзандларининг тарбияси, уларнинг билим олиши, беънуқсон ривожланишига эътиборсизлик қилаётганлар ҳам топилади.
Бунга мисол тариқасида, жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман судида кўриб чиқилган иш ҳолатларида кўришимиз мумкин.
Хусусан; фуқаро М.А, 2021 йил август ойидан 2021 йил декабрь ойига қадар ўзи билан биргаликда яшаб келаётган шаърий никоҳидаги турмуш ўртоғи У.Онинг биринчи турмуш ўртоғидан бўлган вояга етмаган Б.Гни гўёки ота сифатида тарбиялаш мақсадида фараз қилиб, лекин, аслида вояга етмаган Г.Бнинг ожизлигидан, ўзига моддий ёки бошқа жиҳатдан қарам эканлигидан ва унинг ўз ўзини ҳимоя қилиш ҳаракатларини амалга ошира олмаслигидан фойдаланиб, муттасил равишда танасининг кўплаб жойларига қўллари билан уриб, юзлари, елкалари, қўл ва оёқларига чимчилаш йўли орқали азоб бериб, унинг шаъни ва қадр қимматини камситиб, қасддан қийнаб келган.
Ушбу ҳаракатлари учун фуқаро М.А га нисбатан суд томонидан қонуний жазо чораси қўлланилди.
Юқоридагилардан кўриниб турганидек, айрим ёшларимизнинг ўз ҳаёт йўлларини тўғри танламаслиги ёш оилаларнинг бузилишига олиб келиши натижада ўрталаридаги фарзандлари жабрланиб қолаётганлиги ачинарли.
Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш, жамиятимизда соғлом муҳитни яратиш мақсадида, фуқаролар орасида тушунтириш ишларини олиб боришимиз, ўқув муассасаларида ёшларни оилага таёрлаш, маҳаллаларда нотинч оилалардаги асосий муаммоларни вақтида урганиб уларнинг қонуний ечимини топишга ҳеч ким бефарқ қарамаслиги лозим.
Оразбай Мауленов ,
Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди раиси