Беруний туманидаги “Бўстон” маҳалласида судья томонидан учрашув ўтказилди

Жиноят ишлари буйича Беруний туман суди раиси Р.Н.Камалова раислигида Беруний тумани “Бўстон МФЙ” биносида, Беруний туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари А.Пишиев, Бўстон МФЙ раиси Р.Айтбаева, профилактика инспектори Ф.Утарбаев шунингдек жамиятимизда спорт ва бошқа соҳаларда фаол бўлган ёшлар иштирокида, аҳолини Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан таништириш мақсадида учрашув ташкил этилди.

Ўтказилган тадбирда жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси Р.Камалова иштирокчиларига “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилигива адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш” тўғрисида 2023 йил 27 сентябрь кунги Ўзбекистон Республикаси 869-сонли қонунининг мазмуни ва аҳамияти юзасидан кенг турда тушунтириш ишларини олиб борди.

 

Ҳозирда амалда бўлган ЖПК нинг 497-4-моддасига кўра апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкин. Киритилаётган ўзгартиришлар билан ушбу муддат 10 суткага ўзгартирилмоқда.

Ҳозирда амалда бўлган қонунчилик бўйича кассация шикоятлари Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади. Иш кассация тартибида кўрилиши учун апелляция инстанциясида кўрилган бўлиши шарт. Апелляция шикояти бериш муддати узрли сабабсиз ўтказиб юборилгач берилган апелляция шикоятлари оқибатсиз қолдирилади.

Киритилаётган ўзгартиришлар билан шу каби ҳолатлар бартараф этилмоқда. Апелляция шикояти бериш муддатини ўтказиб юборган шахслар биринчи инстанция судининг апелляция инстанциясида кўрилмаган ва қонуний кучга кирган ҳукмлари ва ажримлари устидан кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида биринчи инстанцияда кўрилган ҳамда апелляция инстанциясида кўрилмаган ишлар бўйича берилган шикоят (протест) лар Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан кассация инстанциясида кўриб чиқилади.

Жиноят-процессуал кодексига апелляция ва кассация инстанциясидан кейинги юқори инстанция сифатида тафтиш тартибида иш юритиш тушунчаси киритилмоқда. Ҳозирда амалда бўлган қонунчиликда бундай тушунча мавжуд эмас. Эндиликда апелляция ва кассация инстанциясида чиқарилган суд ҳукми ёки ажримидан норози бўлган шахслар тафтиш тартибида шикоят (протест) беришга ҳақли бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий ҳарбий судларнинг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судларнинг туман (шаҳар) судлари, ҳудудий ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар буйича апелляция ва кассация инстанциясида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари кўриб чиқилади.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари буйича судлов хайъатида тафтиш тартибида кўриб чиқилади:

жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судларининг, ҳудудий Ҳарбий судларнинг Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судлар томонидан туман (шаҳар) судлари, ҳудудий Ҳарбий судлар томонидан кўрилган ишлар буйича апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг биринчи инстанция буйича чиқарилган ва айни шу судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек ушбу судлар томонидан биринчи инстанция тарикасида кўрилган ишлар буйича апелляция ёки кассация тартибида чиқарилган ҳукмлари ва ажримлари.

Ишларни апелляция, кассация ва тафтиш тартибида кўриб чиқилишида прокурор ва адвокат иштирок этиши шарт.

Яна бир янгилик шундан иборатки, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари буйича судлов хайъати томонидан тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлар, ажримлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида такроран кўриб чиқилиши мумкин.
Бу билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида ишларни тафтиш тартибида такроран кўрилиши жиноят ишларини кўришда суднинг энг юқори инстанцияси сифатида белгиланмоқда. Ҳозирда Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан ишларни такроран кассация инстанциясида кўрилиши суд тизимида ишларни кўришда энг юқори инстанция ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига тафтиш тартибида протест билдиришга ҳақли эканлиги белгиланди.

Учрашувда соҳа вакиллари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига судьядан батафсил маълумот олиш имкониятига эга бўлди.

 

Раъно Камалова,

жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси

Жиноят ишлари бўйича Чимбой тумани суди раиси “Гулистан” маҳалласида яшовчи фуқоралар билан ушрашди

Жиноят ишлари бўйича Чимбой тумани суди раиси А.Успанов томонидан Чимбой тумани Педагогика колледждида Чимбой тумани, “Гулистан” МФЙда яшовчи фуқораларига, ”Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти бўйича кенг тушуншалар берди.

Хусусан, Эндиликда ҳукмга апелляция шикояти (протести) 10 сутка ичида берилиши мумкинлигин (илгари 20 сутка бўлганин). Шунингдек, ЖПК ишларни тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишни белгиловчи боб билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанция судларининг ҳукмлари, ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят бериш мумкин.

Агар шикоятда ёки протестда маҳкумнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келадиган ўзгаришлар ҳақидаги масала қўйилган бўлса, суднинг айблов ҳукмини ёхуд ажримини тафтиш тартибида кўриб чиқишга, шунингдек суднинг оқлов ҳукмини ёки ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишга фақат у қонуний кучга киргандан кейин бир йил ичида йўл қўйилади.

Биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан текширилмаган далиллар суд томонидан қабул қилинади, бунда шахс бу далилларни ўзига боғлиқ бўлмаган қандай сабабларга кўра биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судига тақдим этиш имконияти бўлмаганлигини тушунтириб бериши керак.

Йиғилиш давомида қонун мазмун-моҳияти эски ва янги жорий этилаётган амалиётлар мисолида, аниқ далиллар билан тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишда иштирок этган фуқораларнинг суд ҳуқуқ масалари бўйича қизиқтирган саволларига жавоб берилди.

Пленум қарори мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди

Қорақалпоғистон Республикаси судида судьялар,  прокуратура ва ички ишлар органлари терговчилари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 23 июндаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги пленум қарори мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

 

 

Унда фирибгарлик жиноятини фуқаролик ҳуқуқий муносабатдан фарқлаш, бу турдаги жиноятларни юритишда суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида йўл қўйиладиган хато ва камчиликлар хусусида сўз юритилди.

Қорақалпоғистон Республикасида фирибгарлик, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш жиноятлари кўп кузатилмоқда. Одамлар фирибгарларнинг гапларига дарров чув тушиб, алданиб қолмоқда. Айниқса, кейинги вақтларда фирибгарлик йўли билан бировларнинг мулкини қўлга киритиш ҳолатлари кўпайиб, уларнинг содир этиш усуллари ҳам турлича бўла бошлади. Фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишларини судларда кўришда шахснинг ҳаракатларига қонуний ва асосли баҳо бериш, қилмишни тўғри квалификация қилиш, жиноят таркиби ҳамда фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар ўртасидаги фарқни аниқлаш бўйича ягона суд амалиётини йўлга қўйишда ходимларнинг билимларини мустаҳкамлаш тергов сифатини янада оширишга хизмат қилади.

 

 

Ҳозир мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ қилмишлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятлар ўсиши тенденцияси кузатилмоқда. 2023 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Хўш, бунда қандай янгиликлар ва ўзгаришлар бор?

Мазкур ҳужжатни қабул қилишдан кўзланган мақсад фирибгарликка оид ишларни тергов қилиш ва судда кўриш жараёнида қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш билан бир қаторда фуқаролик ҳуқуқий муносабат билан фирибгарлик жиноятини фарқлаш зарурлигини кўрсатади.  Масалан, тузилган битимга асосан ўзга шахснинг эгалигига ўтказилган ёки гаров таъминоти сифатида топширилган мулк юзасидан шахснинг битим тузилишида бошқа мақсад кўзлангани ҳақидаги важлари, битим қонунга мувофиқ тузилгани аниқланган ҳолларда фирибгарлик сифатида баҳоланмаслиги лозим. Агар шахс ўзаро ихтиёрий ёзма битим, келишувлар (қарз шартномаси, тилхат, кафолат хати ва бошқалар) асосида ўз зиммасига олган мажбуриятларини уни ижро этиш жараёнида айрим объектив сабабларга кўра (масалан, мулкий ночорлиги, шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, оғир касаллиги, фавқулодда ҳолат туфайли) бажара олмаса ёки ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжудлигини исботлашнинг имкони бўлмаса, бундай ҳолатлар фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланиб, фуқаролик, иқтисодий суд иши юритуви тартибида ҳал этилиши керак. Ҳозирги кунда кенг тарқалган банклар ва кредит муассасаларидан онлайн шаклда кредит олиш мақсадида алдаб ёки ишончни суиистеъмол қилиб, шахснинг электрон рақамли имзоларидан фойдаланиб, пул маблағларини қўлга киритиш ҳолатлари эса фирибгарлик сифатида баҳоланади.

 

  

 

Сўнгги пайтларда мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар орасида фирибгарлик иллати турли усулларда содир этилмоқда. Мазкур пленум қарори эса бу тоифадаги жиноятга қонуний, асосли баҳо бериш, қилмишни тўғри квалификация қилишда жиноят таркиби ва фуқаролик ҳуқуқий муносабат ўртасидаги ягона суд амалиётида учраётган муаммоларга ечим бўлади.

 

 

Алишер Аметов,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси

Х. Наримбетовнинг ижтимоий тармоқларнинг бирида эълон қилинган фотосурати ва унга ёзилган изоҳ юзасидан

Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман суди томонидан ҳолат ўрганилди. Аниқланишича, мазкур суднинг судья ёрдамчиси Х. Наримбетов 2018 йил апрель ойида бу суратни Facebook ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасига жойлаштирган. Х. Наримбетов гарчанд ўша кезда суд тизимида ишламаган бўлса-да, суд ходимининг касб этикасига риоя этиши ва жамиятда ўрнатилган ахлоқ-одоб қоидаларига тўлиқ амал қилиши лозимлиги ҳақида огоҳлантирилганлиги маълум қилинади.

Чет давлат суди ёки ҳакамлик қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш, чет давлат судининг топшириғини ижро этиш юзасидан

Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномалари ҳамда қонунчилигида назарда тутилган ҳолларда чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар ҳамда бошқа ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан тан олинади ва ижрога қаратилади. Чет давлат суди деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этувчи ваколатли органи тушунилади, чет эл арбитражи деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этиш учун доимий ёки вақтинча асосда фаолият кўрсатадиган нодавлат ташкилоти тушунилади.

Чет давлат судининг ва арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш масалалари иқтисодий суд томонидан низо бўйича ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафнинг аризаси бўйича ҳал этилади. Бунда мазкур ариза аризачи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи бўйича ёхуд, агар қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи номаълум бўлса, қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жой бўйича ёзма шаклда, имзоланган ҳолда берилади ҳамда унда ариза берилаётган иқтисодий суднинг номи, чет давлат судининг ёки арбитражининг номи ва жойлашган ери ҳамда унинг таркиби, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, аризачи тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори тўғрисидаги маълумотлар, аризачининг чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномаси, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилган бўлиши керак.

Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил муддат ичида, тан олиш ва ижрога қаратиш учун тақдим этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани иш юритишга қабул қилиш ҳақидаги масалани ҳал этишда, у Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (кейинги матнда – ИПК) 249-252-моддаларининг талаблари бузилган ҳолда тақдим этилганлигини аниқласа, ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўз ажрими билан қайтаради, мазкур ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Аризани қайтариш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин манфаатдор шахс умумий тартибда ариза билан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий судига янгидан мурожаат этишга ҳақли.

Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза, агар Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мазкур бобда белгиланган хусусиятларни эътиборга олган ҳолда ИПКнинг қоидалари бўйича у иқтисодий судга келиб тушган кундан эътиборан олти ойдан ошмаган муддатда суд мажлисида кўрилади.

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ишни кўришда чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман тан олишни ва ижрога қаратишни қуйидаги ҳолларда рад қилади, агар:

1) ҳудудида ҳал қилув қарори қабул қилинган давлатнинг қонуни бўйича у қонуний кучга кирмаган бўлса, бундан ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмасдан ижро этилиши лозим бўлган ҳоллар мустасно;

2) ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган тараф ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида ўз вақтида ва тегишли тарзда хабардор қилинмаган ёки бошқа сабабларга кўра ўз тушунтиришларини судга тақдим эта олмаган бўлса;

3) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига ёки қонунчилигига мувофиқ ишни кўриш Ўзбекистон Республикаси судининг мутлақ ваколатига тааллуқли бўлса;

4) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса;

5) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан чет давлат судида иш юритиш қўзғатилгунга қадар қўзғатилган иш Ўзбекистон Республикасининг судида кўрилаётган бўлса;

6) чет давлат судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижрога қаратиш муддати ўтган ва ушбу муддат суд томонидан тикланмаган бўлса;

7) тараф томонидан низо ваколатсиз чет давлат суди томонидан ҳал этилганлигини тасдиқловчи далил тақдим қилинган бўлса;

8) ҳал қилув қарори чет давлатнинг ваколатли органи томонидан бекор қилинган бўлса;

9) ҳал қилув қарори чет давлат судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг иштирокчиси бўлмаган чет давлат суди томонидан чиқарилган бўлса;

10) чет давлат суди ҳал қилув қарорининг ижро этилиши Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, хавфсизлигига зарар етказса ёки қонунчилигининг асосий принципларига зид бўлса.

Чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам рад этилиши мумкин.

 

Зулфия Хасанова,

Нукус туманлараро иқтисодий суди раиси

Автомашина ўғрисига жазо тайинланди

Самандар (исмлар ўзгартилган) ўша куни эски танишлари билан учрашиб, улар билан бирга озгина “қиттай-қиттай”дан олиб ўтиришади. Тушда бошланган зиёфат кечга яқин тугайди. Самандар ҳам яхшигина маст бўлиб уйига қайтади. Уйга келиб бироз дам олади. Кечки соат 19:00 лар чамасида унинг телефонига қўнғироқ бўлди, бу ўртоғи Шариф экан.

 

Шариф унга бирор бир жойга бориб ўтиришни таклиф қилади. Иккала дўст учрашиб, Хўжайли тумани “Байтерек” МФЙ ҳудуддида жойлашган “Сауна”га бордилар. У ерда ҳам Самандар дўсти билан ароқ ичиб, яхшигина дам олди. Шу орада Шариф яна бир танишига қўнғироқ қилиб, ўзига чўмилиш учун “шампунь, сочиқ” каби бир-иккита нарса олиб келиб беришини сўрайди. Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас Шарифнинг таниши у айтган нарсаларни олиб келиб беради. Бу орада Самандарнинг ҳам кайфи ошиб ўзини идрок қилолмай бошлади. Буни кўрган Шариф “Сен уйингга бориб дам олгин” деб уни таксига ўтқазиб, кузатиб қуяди. Аммо Самандар таксидан тушиб қолиб, яна ўша жойга қайтиб келади. Ён атрофга қарайди, олдида турган “Нексия-2” автомашинасига кўзи тушади. Қараса эшиги қия очиқдек, деразалари ҳам тушурилган. Ҳудди ўзининг машинасидек Самандар автомашина эшигини очиб, рульда қолдирилган калит билан машинани “зовать” қилдириб уйи томон йўл олади. Уйига эри машинада қайтиб келганини кўрган хотини хангу-манг, яна маст ҳолда машина ҳайдаб келган… Калитни онаси қўлига тутқазиб ўзи ухлаб қолди.

 

Бу орада Шариф ва унинг таниши ташқарида ўртоғининг машинасини тополмай ҳалак. Аниқ қулфлаб кетгандим деб, машинасини йўқотиб қўйганига ишонмай излаётган Шарифнинг ўртоғи дарҳол ундан Самандар қаерда туришини сўради. Шариф эса у ундай бола эмас деб уни тинчлантириш билан овора. Кейин “102” га телефон қилиб, автомашина йўқолганлиги ва у кимдан гумон қилаётганлиги тўғрисида хабар берди.

 

Тез орада автомашина ўғриси ҳам топилди.

 

Самандарнинг уйига Ички ишлар бўлими ходимлари тезкор гуруҳи етиб келиб, олиб қочиб кетилган автомобильни топишди, “боқибеғам” ухлаётган Самандарни уйғотиб, хибсга олишди. Тергов, суд…

 

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман суди томонидан очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди.

 

Суд ҳукми билан Самандар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга шу модда билан Жиноят Кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 4 (тўрт) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

Спиртли ичимликлар ичиш оқибатида ёш йигит ўз хулқ-атворини идрок этолмасдан, жиноятга қўл урди. Хўши ўзига келганда эса чин кўнгилдан пушаймон бўлди, афсус надомат чекди. Аммо кеч эди… Сўнгги пушаймон ўзингга душман!

 

 

Ибрайим Алланиязов,
жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман суди раиси

Судлар билан ҳамкорлик самараси

Қорақалпоғистон Республикаси судида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Унга судлар фаолиятини кенг ёритишда фаоллик кўрсатиб келаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Нурлипесов томонидан бугунги кунда самарали фаолият олиб бораётган, мамлакатимизда одил судловни амалга ошириш борасидаги ислоҳотларнинг натижаларини кенг халқ оммасига етказишда фаоллик кўрсатаётган фидойи журналистларнинг меҳнати эътироф этилди. Ўзларига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромдан мамнун бўлган журналистлар бугунги кунда оммавий ахборот воситаларининг суд органлари билан ҳамкорлиги самарали бўлаётганлигини, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Тадбир якунида соҳа фидойиларининг бир гуруҳига ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

 

 

Сайёр қабул

Элликқалъа тумани “Тозабоғ” овул фуқаролар йиғинида жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди раиси О.Мауленов ҳамда Беруний туманлараро иқтисодий суди судьяси Қ.Хожамуратов томонидан сайёр қабул ташкил этилди. Унда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

 

Айтиш керакки, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда жойларда ташкил этиладиган қабулларнинг ўрни беқиёс. Зотан, бундай учрашувлар фуқароларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишларининг олдини олишга, муаммоларни имкон қадар тезкор ҳал этишга хизмат қилиши баробарида уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.

 

 

 

 

 

 

Давлат раҳбарининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастурида ҳам юқоридаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, пировард мақсад адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига ишончини мустаҳкамлашдан иборат.

Қабулда фуқаролар уй-жой, мерос, алимент, иқтисодий низолар, фирибгарлик билан боғлиқ, шунингдек, судларга доир бошқа масалалар юзасидан ўзларини ўйлантираётган муаммолар билан судьяларга мурожаат қилдилар.

 

Сайёр қабул ўтказилди

Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан олис қишлоқ ва маҳалаларда яшовчи фуқаролар билан сайёр қабуллар ўтказиш юзасидан 2023 йилнинг 1-чорагига мўлжалланган режасига мувофиқ жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси А.Сафаров ва Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси Қ.Атамуратовларнинг иштирокида сайёр қабул ўтказилди.

 

Унда асосан, Амударё тумани “Хитой” овул фуқаролар йиғинида яшовчи фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлари тингланди.

 

 

Қабулда мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой низолари, суд қарорларининг ижроси ва суд томонидан тайинланган жазони енгилроғига алмаштириш каби масалалар бўйича бўлди.

 

Шунингдек, профилактика мақсадида иштирокчиларга қонунларга киритилган ўзгартиришлар, худудда содир этилаётган жиноятлар, асосан аёллар томонидан содир қилинган жиноятларнинг таҳлили, коррупцияга қарши муросасиз курашиш, одам савдоси жиноятларининг салбий оқибати ва алимент билан боғлиқ масалаларда ҳам ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

 

1600 АҚШ доллари эвазига ишга киритиб беришни ваъда қилган фирибгар ушланди

Ҳаётда бировнинг ҳақига хиёнат қилиш, фириб бериш орқали мўмай даромад топишга интилиш туфайли юзи қаро бўлган, эл олдида жиноятчи сифатида боши эгилган одамлар учраб туради. Бироқ, уларнинг аччиқ қисмати негадир бошқаларга ўрнак бўлмайди, бу боши берк кўчани тарк этишга ундамайди. Гўёки ўзини ҳаммадан ақллидай ҳисоблаб, қилмишимни ҳеч кимга сездирмайман , ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолаверади, деб ўйлайди. Лекин қинғир ишнинг охири вой эканлигини ҳаёт қайта-қайта тасдиқламоқда.

 

Тумандаги давлат муассасаларидан бирида ишлаб юрган, гулдай икки фарзанднинг онаси Гулруҳ (исмлар ўзгартирилди) ҳам топганига қаноат қилмай, осон пул топиш йўлига ўтганида бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўрмади.

 

Ҳамкасб дугонаси Ҳалимадан унинг бир қариндоши ўз мутахассислиги бўйича иш излаётганини, ишсиз қийналаётганини эшитиб, буни гўё ўзи учун осон пул топишга имкондай қабул қилди. Дарров танишлари орқали унинг ишини ҳал қилиб беришини, бунинг учун ўша қиз тезроқ 1600 доллар пулни топиб бериши кераклигини айтди. Дугонасини пора берса, иши осон битишини айтиб, қизиқтирди. У розилик билдирди.

 

Гулруҳ ўша куни айтилган жойда Ҳалиманинг қариндоши пулларни олиб келса, ундан кейинги ишларини ўзича хомчўт қилиб турганида гўё хаёллари рўёга айлангандай бўлди: ўша қиздан айтилган суммадаги долларни ва ҳужжатларини олиб сумкасига солиб, энди жўнамоқчи бўлаётган вақтида уни маъмурий органлар ходимлари қўлга олишди.

 

Яқинда содир этган ушбу ҳолати учун Гулруҳнинг қаршисига очилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича туман судида батафсил муҳокама қилинди. Суд ҳайъати иш бўйича тўпланган барча ҳужжатларни ўрганиб, тарафларнинг кўрсатмаларини эшитиб, Гулруҳнинг қилмишига яраша жазо тайинлади.

 

Асқар САФАРОВ,

жиноят ишлари бўйича Амударё  туман суди раиси

Skip to content