GENERALISSIMUS Telegram-каналида эълон қилинган билдириш юзасидан

Ҳақиқатан ҳам жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг 2024 йил 07 июндаги ҳукмига кўра, Ажинияз Мусаев Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилган. Унга нисбатан ушбу Кодекснинг 45-моддаси қўлланилиб, 2 йил муддатга Ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Яна бир судланувчи Ч. Сейлханов Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбланиб, ушбу Кодекснинг 70-моддасига асосан жазо тайинланмасдан жазодан озод қилинган.

Тарафларга ҳукмдан норози бўлган тақдирда 10 сутка муддатда, судланувчилар ва жабрланувчи ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб шу муддатда ушбу суд орқали Қорақалпоғистон Республикаси судига апелляция тартибида, ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида шикоят беришга, прокурор протест билдиришга ҳақли эканлиги тушунтирилганлиги маълум қилинади.

 

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИНГ БИРИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ВИДЕОЛАВҲА ЮЗАСИДАН

Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди томонидан Набижан Хасановга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш ҳужжатлари 2024 йил 21 май куни кўриб тамомланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 202-2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор, деб топилган. Унга нисбатан ушбу Кодекснинг 202-2-моддаси 1-қисми билан (Кодекснинг 33-моддасини қўллаган ҳолда) базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 (ўн) баравари миқдорида, яъни 3.400.000 сўм жарима жазоси тайинланган.

 

Ҳуқуқбузар Н. Хасановга қарор нусхасини олган кундан бошлаб 10 (ўн) сутка ичида ушбу суд орқали Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида ёхуд бу муддат ўтгандан кейин 6 (олти) ой ичида кассация тартибида шикоят келтиришга, прокурор протест билдиришга ҳақли эканлиги тушунтирилган.

 

Мазкур суднинг 2024 йил 21 майдаги қарори устидан ҳуқуқбузар тариқасида ишга жалб қилинган Н. Хасанов томонидан 2024 йил 5 июнь куни апелляция тартибида шикоят келиб тушган.

 

Ушбу Н. Хасановнинг ёзган апелляция тартибида шикояти иш ҳужжатлари билан бирга 2024 йил 7 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси судига юборилган. Суд мажлиси 2024 йил 13 июнь куни соат 10:00га тайинланганлиги маълум қилинади .

Перейти к содержимому