Раҳбарлик – катта масъулият демакдир

«Инсон ҳар қандай вазиятда ҳам васвасага берилмасдан, ўзини, ўзлигини йўқотмаслиги керак». Ҳаётим давомида шунга амин бўлдимки дерди устозим, «Ҳаётда ҳам, худди шахмат ўйини каби-ўйин ташқаридан яхши кўринади. Ўйинда энг кучли тош фарзин экан, ўйин қоидаси бўйича ҳарқандай пиёда ҳам дадил юриш қилса, фарзин даражасига етиши мумкин».

Одамзот камолотининг асоси шуки, бутун умри давомида нимаики қилмасин, барчаси ўзи ва оиласи учун соғлом турмуш тарзини яратиш, ҳар қандай соҳада юқори поғоноларга кўтарилиш, юксакликка эришиш, ҳаётини гўзаллаштириш, бир сўз билан айтганда яхши яшашга интилишдан иборатдир. Шунинг учун ҳам, ҳар бир киши тинмай меҳнат қилади. Эркин касб танлаши эвазига ишга жойлашади. Бу иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади.
Шу ӯринда айтиб ӯтиш жоизки, меҳнат шартномасини расмийлаштириш ва бекор қилиш нозик масала бўлиб, ушбу ҳолатни қонунга мувофиқ равишда амалга ошириш фуқароларнинг қонунчиликда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари кафолатини таъминлайди. Уни тузиш ёки бекор қилишлик баъзи бировлар наздида оддийгина қоғозбозликдек кўрингани билан аслида бу жараён ҳар бир раҳбар ходим, ҳар бир фуқародан катта масъулият талаб қилади.

Бу тўғрисида сўз юритарканмиз, эътиборингизни мавзуга оид битта масалага қаратсак, қонунлар устувор бўлган бир пайтда бундай ҳолатлар рўй бераётганлиги таажублантирарли албатта…
Ташкилотларнинг (исм, шарифлар ўзгартирилган, ҳарқандай ӯхшашлик тасодифдир) бирида ёрдамчи бўлиб ишлайдиган К.Нариманова ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқаркан, бир кун келиб бу каби ғалваларни бошидан ўтказишни ҳаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.

Халқимизда «Кўза кунда эмас, кунида синади» деган гап бежизга айтилмаган экан…

2021-йил апрель ойида К.Нариманова ўз ишига киришиш мақсадида муассаса бошлиғига мурожаат қилганида, бошлиқ баҳона тўқиб, қизинг икки ёшга тўлганидан сўнг келасан дея уни қайтаради. Оилавий шароити туфайли иш бошлагиси келган К.Нариманова «ҳа тартиб бўйича шундай эканда дея» кўнгли бироз чўкиб уйига қайтади. Аслида бошлиқнинг билганлари ичида эди, даъвогарнинг кўнглини пуч ёнғоққа тўлдириб, даъвогарнинг қизи икки ёшга тўламан дегунича бир гап бўлар деб ўйлаганди. Ваъда қилинган куни, яъни 2021-йил ноябрь ойида бечора аёл бошлиқ олдига борганида эса ўзининг 2019 йил июнь ойидан ишдан бўшатилганлигини эшитиб гаранг қотди. Шу пайт даъвогар ёлғоннинг гирдобида қолганлигини билди. Нима бўлаётганлигини тушунмаган К.Нариманова бўлиб утаётган воқеаларни баён қилиб, яъни ўзини ишдан бўшатилганлиги тўғрисида хабари бўлмаганлигини, ҳечқандай қоғозга имзо қўймаганлигини, буйруқ нусхасини шу пайтгача олмаганлигини кўрсатиб касаба уюшмасига ариза билан мурожаат қилади. Улар ишга тиклаш тўғрисида муассасага таклиф беради ва бу даъвогарнинг иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома сўратади. Унга ишдан бўшаганлиги учун ҳисоб-китоб қилинган иш ҳақини оляпсан деб айтилмаганлигини, ўзига таътилда пайтида ҳисобчи томонидан пластигига пул тушганлигини айтиб чақиради, лекин бунда ишдан бўшаганлиги учун ҳисоб-китоб қилинган иш ҳақини оляпсан деб айтмайди. На чора, иложсиз қолган бундай разилликларга чидамаган К.Нариманова хақиқатни тиклаш, яъни ўзини қайта иш ўрнига тиклаш, мажбурий бўш юрган кунлари учун иш хақи ундириш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилади.

Ишни кўриб чиққан суднинг қарорига кўра унинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, яъни К.Нариманова аввалги иш ўрнига тикланиб, мажбурий бўш юрган кунлари учун иш хақи ундирилади.
Судда аниқланган ҳолатларга кўра, бу ташкилотнинг буйруғи билан даъвогар 2014-йил 1-ноябрьдан бошлаб вақтинча ёрдамчи бўлиб ишга қабул қилинган. Буйруқ асосида 2014 йил 1-декабрьдан ёрдамчи Л.Бекманова навбатдаги меҳнат таътилига кетишлиги сабаб унинг ӯрнига лавозимга тайинланади. Юқори турувчи ташкилотнинг буйруғига асос муассасанинг 2-бўлими 2019-йилнинг 1-майидан бошлаб қисқартирилиши сабабли К.Нариманова билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. К.Нариманова 2019-йили 21 ноябрь куни Г.Рустамова исмли фарзандли бўлган.

Шу ўринда айтиш керакки иш берувчи даъвогар К.Наримановага меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 102-моддасига асос камида икки ой олдин огоҳлантириши шарт бўлса да, бундай огоҳлантиришни бермаган ва меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 237-моддаси 1-бўлимига мувофиқ ҳомиладор ва уч ёшгача тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиши бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.
Даъвогар К.Нариманова 2019-йил май ойида ҳомиладор бўлганлигига қарамасдан иш берувчи унинг билан меҳнат шартномасини қонунга зид равишда бекор қилган.

Юқоридаги ҳолатда фуқаро К.Нариманованинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланди. Албатта бу каби мисолларни яна келтириб ўтишимиз мумкин. Аммо гап уларнинг сонида эмас, балки ўзгалар учун ҳаётий сабоқ вазифасини ўташлигидадир.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланганидек, меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади. Ушбу кодекснинг 108-моддасига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга унинг меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ нусхаси берилиши шарт. Аммо юқоридаги ҳолатда бунга амал қилинмаганлигининг гувоҳи бўламиз.

Ҳар сафар айрим кимсаларнинг қонунга риоя қилмаслик ёки қонунни нотўғри талқин қилиш оқибатида фуқароларимизнинг жабр тортишига сабаб бўлган, уларни овора-сарсон қилган ҳолатларнинг гувоҳи бўлганимда, катта ҳаётий тажрибага эга – улуғ инсон, ҳурматли устозимнинг гаплари эсимга тушади: «Шахмат ўйинида- ўйин ташқаридан яхши кўрингани каби, ҳаётда ҳам худди шундай. Баъзан одамлар васвасага тушиб, қинғир ишлар қиладию, оқибатини ўйламайди. Вақт-олий ҳакамдир. Ўйин қоидаси бўйича ҳарқандай пиёда ҳам дадил юриш қилса, фарзин даражасига етиши мумкин». Бу ибораларни ҳаётга татбиқ этар эканмиз, инсон ҳарқандай вазиятда ҳам ўзини, ўзлигини йўқотмаслиги, масъулиятсизликка берилмаслиги, ожизларга озор етказмаслиги лозим. Ҳар бир одам, у ким бўлишидан қатъий назар, вақти келиб ҳарқандай қонунга зид қатти-ҳаракатлари, нопок қилмишлари учун жазо муқаррарлигини унутмаслиги лозим.

Раҳбарлик – ходимнинг тақдирини ҳоҳлаганича ҳал қилиш дегани эмас, балки ҳар бир ходим учун жавобгарликни ҳис қилган ҳолда, қонунларимизни бузмасдан, уни четлаб ўтмасдан, балки қулай меҳнат шароитида ишлашига имкон яратишида, ишга қабул қилиш, рағбатлантириш, интизомий жазо чорасини қўллаш, ишдан бўшатиш ва ҳоказоларда ҳақиқий асослар билан қонуний иш кўришида, балки икки карра масъулият демакдир! Ҳа, албатта ҳақиқатдан ҳам юқоридаги раҳбар ходимимиз – масъулият эгаси қонун олдида барча тенглигини унутган кўринади.

Ҳаётда инсон кечмиши, кундалик турмуши билан боғлиқ энг устувор битта тушунча бор. Бу қонун тушунчасидир. Конституциямизнинг 15-моддасида давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўришлари қайд этилган. Зеро, қонун талаби барча учун ўзгармасдир. Ҳар қандай соҳа, ҳар қандай лавозим эгаларига ушбу ҳақиқатни четлаб ўтиш ҳуқуқи берилмаган.

ШОЛПАНАЙ АБДЫЖЕМИЛОВА,
Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро суди судьяси.

 

Судларда инвестициявий низолар янги тартибда ҳал этилади

Инвестицияга оид низоларни ҳал қилиш бӯйича суд тизимини такомиллаштириш ҳамда инвесторлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир кӯшимча чора-тадбирлар тӯғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармонида фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини амалда таъминлаш билан боғлиқ долзарб муаммоларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, судларда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ўз вақтида ва самарали ҳимоя қилиш белгиланган.

2021 йил 12 январда «Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, унга кӯра Иқтисодий процессуал кодексига иқтисодиёт соҳасида инвесторлар ҳамда давлат органлари ўртасидаги инвестициявий шартномалардан келиб чиқадиган низолар бўйича ва рақобатга оид ишларни тааллуқлилиги ва тегишлилигига оид нормалар киритилди.

Жумладан, йирик инвестор ва рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар Олий суднинг инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби томонидан кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши белгиланди.

Шу билан бирга, Иқтисодий процессуал кодексига янги 301-модда киритилиб, унга кўра инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги низолар; инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар; инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар киритилган.

Шунингдек, ушбу кодекс яна 302-модда билан тўлдирилиб, мазкур янги модда юридик шахслар, шу жумладан, чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши органлар ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар жумласига кириши ҳақидаги нормалардан иборат.

Хулоса қилиб айтганда инвесторлар, шу жумладан, чет эл инвесторларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмининг такомиллашиши, инвестициявий низолар тез ва самарали ҳал қилинишига, ягона суд амалиёти таъминланишига кўмаклашади.

 

Рустам Курбанбаев,

Беруний туманлараро иқтисодий суди раиси 

Перейти к содержимому