Маҳаллаларда суд-ҳуқуқ масалалари бўйича учрашувлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Т.К.Нарбаева ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Қ.Камалов томонидан тасдиқланган “Қорақалпоғистон Республикасида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича” Йўл харитасининг 24-банди ижросини таъмилаш мақсадида Беруний туманлараро иқтисодий судининг судьялари Қ.Хожамуратов ва Б.Бекмуратовлар томонидан Тўрткўл туманидаги “Гулистон”, “Шодлик” маҳалла ва “Оққамиш”, “Кўна Тӯрткӯл” овул фуқаролар йиғинларида, бошқа олис ҳудудлардаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашувлар ўтказилди.

      

Учрашувлар давомида иқтисодий суд судьялари томонидан аҳолига жиноятчиликнинг олдини олиш, уни содир этишнинг оқибатлари, одам савдоси ва порахўрлик жиноятларига биргаликда курашиш бўйича профилактик тушунтиришлар бериш билан бир қаторда, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш мақсадида қонунчиликдаги янгиликлар ва ўзгаришлар хусусида, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 августдаги “Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти тўғрисида ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳам амалга оширилди.

Юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларнинг банкротлиги

Юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларнинг банкротлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан амалга оширилади.

Ушбу Қонуннинг 3-моддасига асосан, банкротлик (иқтисодий ночорлик) – иқтисодий суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги ҳисобланади.

Қонуннинг талабларига мувофиқ, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги: агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса — олти ой ичида бажарилмаган бўлса, бундан ташқари, агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз бараварини ташкил этса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг бараварини ташкил этса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг камида йигирма бараварини ташкил этса, қарздорнинг банкротлик аломатлари ҳисобланади.

Юқорида назарда тутилган қоидалар банкротлик тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилаётганда қўлланилмайди.

Қонуннинг 5-моддаси биринчи қисмига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 23-моддаси биринчи қисми 3-бандига асосан, банкротлик тўғрисидаги иш иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 27-моддасига мувофиқ, банкротлик тўғрисидаги ишлар жумласига юридик шахсларни ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва қонунда белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркор мақомини олган фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги ишлар киради.

Қонуннинг талабларига мувофиқ, пул мажбуриятларини бажармаганлиги натижасида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, кредитор ва прокурор эга. Мажбурий тўловлар мажбуриятини бажармаганлиги натижасида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, прокурор, давлат солиқ хизмати органлари ва бошқа ваколатли органлар эга.

Қонуннинг 28-моддасида қарздор юридик шахснинг банкротлиги тўғрисидаги иш кўрилаётганда қуйидаги таомиллар қўлланилади: кузатув; суд санацияси; ташқи бошқарув; тугатишга доир иш юритиш. Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг банкротлиги тўғрисидаги иш кўрилаётганда тугатишга доир иш юритиш таомили қўлланилади.

Бундан ташқари ушбу Қонунда судгача санация қилиш ёки қарздорни ихтиёрий равишда тугатиш (фаолиятини тугатиш) суддан ташқари бажариладиган таомиллар бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Қонуннинг талабларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 210-моддасига мувофиқ, юридик шахсларнинг ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар ушбу Иқтисодий процессуал кодексда назарда тутилган қоидалар бўйича, қонун ҳужжатларида белгиланган хусусиятларни эътиборга олган ҳолда иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.

 

 

 

Уткиржон Сабиров

Қорақалпоғистон Республикаси судининг

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси                                              

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига судья катта ёрдамчиси лавозимига номзодлар танлови бўйича саволлар тўплами


Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига судья катта ёрдамчиси лавозимига номзодлар танлови бўйича саволлар тўплами

1-билет

1. Никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги иш билан бирга кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган низолар?
2. Даъво муддати тушанчаси?
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармонининг мазмун-моҳиятини очиб беринг.
_______________________________________________________________________

2-билет

1. Қандай ҳолларда процессуал ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилиши мумкин?
2. Оила кодексига киритилган охирги ўзгартиришлар ҳақида гапириб беринг?
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифалар борасидаги фикрларини моҳиятини очиб беринг.

_______________________________________________________________________

3-билет

1. Суд ходимига хизмат вақтидан ташқарида қўйиладиган талаблар ҳақида нималарни биласиз?
2. Қайси шахслар ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) беришга ҳақли ?
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармонининг мазмун-моҳиятини очиб беринг.

_______________________________________________________________________

 

 

 

 

4-билет

1. “Бир суд – бир инстанция” тамойилининг моҳиятини очиб беринг.
2. Никоҳдан суд тартибида ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратиш ҳолатлари?
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.08.2020 йилги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6041-сонли Фармони бўйича суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари санаб беринг.
__________________________________________________________________

5-билет

1. Апелляция шикояти(протести)ни кўриб чиқувчи судларни айтиб беринг
2. Ижро аппарати ходимлари қайси ҳужжатлар талабларига риоя қилган ҳолда ўз фаолиятларини амалга оширадилар?
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.08.2020 йилги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6041-сонли Фармони бўйича суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари санаб беринг.
_______________________________________________________________________

6-билет

1. Апелляция шикоятини (протести) судга беришнинг судга йўллашдан нима фарқи бор?
2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг принципларини айтиб беринг.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.09.2020 йилги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4818-сон Қарорига асосан суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари нималардан иборат.
______________________________________________________________________

7-билет

1. Апелляция шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати қайси ҳолларда узрли деб топилиб тикланиши мумкин?
2.Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлерини айтиб беринг?
2. Судлар фаолиятига жорий этилаётган “Адолат” ахборот тизимлари комплекси ҳақида нималарни биласиз?
_______________________________________________________________________

 

8-билет

1. Қайси ҳолатда апелляция шикояти ҳаракатсиз қолдирилади ?
2. Иш юритиш йўриқномаси нималарни тартибга солади?
3. Ўзбекистон Республикаси Олий суд раисининг “Олий суднинг таркибий тузилмаларида ижро интизомига риоя қилиш ҳамда ушбу соҳани тартибга солиш бўйича “Ижро интизомини назорат қилишнинг ягона электрон тизими”ни (doc.sud.uz) фаолиятга жорий қилиш тўғрисида”ги фармойишининг мазмун-моҳиятини очиб беринг.
_________________________________________________________________

9-билет

1. Биринчи инстанция судининг апелляция шикоятини (протестини) олганидан кейинги ҳаракатлари нимадан иборат?
2. Судга келган ҳужжатлар ва мурожаатлар кимлар томонидан ва қандай тартибда қабул қилинади?
3. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2021 йил 15 январдаги “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини очиб беринг.
________________________________________________________________

10-билет

1. Апелляция шикояти(протести)нинг мазмуни ҳақида гапириб беринг?
2. Иш ва бошқа ҳужжатлар йуқолган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган тақдирда амалга ошириладиган ишлар ҳақида нималарни биласиз?
3. Ижро аппарати ходимлари қайси ҳужжатлар талабларига риоя қилган ҳолда ўз фаолиятларини амалга оширадилар?
_________________________________________________________________

11-билет

1. Апелляция шикояти(протести)га илова қилинадиган ҳужжатларни санаб беринг.
2. Хизмат ҳужжатлари қандай ҳужжатлар ва улар қандай кўринишларда бўлади?
3. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра ҳокимият бўлиниши принципини тушунтириб беринг?________________________________________________________________

 

 

12-билет

1. Апелляция инстанцияси судининг ишни шикоят (протест) билан бирга олганидан кейин қандай ҳаракатларни амалга ошириши лозим?
2. Хизмат ҳужжатларини расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар ҳақида гапириб беринг.
3. Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини гапириб беринг?
________________________________________________________________

13-билет

1. Апелляция шикоятини (протестини) тўлдириш, ўзгартириш, шикоятдан воз кечиш ва протестни қайтариб олиш тартиби қандай?
2. Хизмат ҳужжатларида бўлиши лозим бўлган реквизитлар ҳақида гапириб беринг.
3. Иш юритиш йўриқномаси нималарни тартибга солади?
_______________________________________________________________

14-билет

1. Апелляция инстанциясида даъвогар арз қилинган талабларидан воз кечганда, жавобгар даъвогар талабларини тан олганда ва тарафлар келишув битими тузганда қандай процессуал ҳаракатлар амалга оширилади?
2. Ҳужжатларни юбориш учун расмийлаштириш ҳақида нималарни биласиз? (манзилга юбориш қоидалари, нусхалар юбориш, иловаларни қайд этиш, саҳифаларни рақамлаш ва ҳакозо)
3. Судга келган ҳужжатлар ва мурожаатлар кимлар томонидан ва қандай тартибда қабул қилинади?
________________________________________________________________

15-билет

1. Апелляция инстанцияси судида ишни кўриш доираси
2. Ҳужжатларни юбориш учун расмийлаштириш ҳақида нималарни биласиз? (манзилга юбориш қоидалари, нусхалар юбориш, иловаларни қайд этиш, саҳифаларни рақамлаш ва ҳакозо)
3. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг принципларини айтиб беринг.
_______________________________________________________________

16-билет

1. Апелляция инстанцияси суди томонидан ишни кўриш тартибини айтиб беринг?
2. Ҳужжатлар матнини компьютерда тайёрлаш қоидалари ҳақида нималарни биласиз?
3. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлерини айтиб беринг?
17-билет

1. Апелляция инстанцияси судининг ваколатларини айтиб беринг?
2. Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда бошқа судлар билан ёзишмалар бланкасига қўйиладиган талаблар
3. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра ҳокимият бўлиниши принципини тушунтириб беринг?
_________________________________________________________________

18-билет

1. Суд ҳужжатини ўзгартириш ёки бекор қилиш асосларини гапириб беринг?
2. Йиғмажилдларнинг рўйхатини тузиш тартиби ҳақида гапириб беринг.
3. Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини гапириб беринг?
_____________________________________________________________

19-билет

1. Моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши нимадан иборат?
2. Ҳужжатлар йиғмажилдларини шакллантиришда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалаларга нималардан иборат?
3. Фуқароларнинг ижтимой ҳуқуқларини ҳақида гапириб беринг?
_______________________________________________________________

20-билет

1. Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши нимадан иборат?
2. Иш юритиш устидан назоратни ташкил этишда текшириш объектлари бўлиб нималар ҳисобланади?
3. Фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ҳақида гапириб беринг?
________________________________________________________________

21-билет

1. Апелляция инстанцияси судининг ажримида нималар кўрсатилиши керак?
2. «Ижро интизомини назорат қилишнинг ягона электрон тизими» (doc.sud.uz) ҳақида нималарни биласиз?
3. Суд тизимини айтиб беринг?
________________________________________________________________

 

 

22-билет

1. Биринчи инстанция судининг ажрими устидан шикоят қилинганлиги (протест келтирилганлиги) муносабати билан ишни кўрадиган апелляция инстанцияси судининг ваколатларини айтиб беринг.
2. Судда рўйхатга олинган қайси ҳужжатлар назорат қилиб борилади?
3. Норматив ҳуқуқий ҳужжат бу-..?
____________________________________________________________

23-билет

1. Биринчи инстанция ва апелляция, кассация инстанцияларининг бир-биридан фарқи нимадан иборат?
2. Ҳужжатларни сақлаш, уларни архивга топшириш ва амалий экспертизадан ўтказиш ҳақида гапириб беринг.
3. Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар турлари?
_______________________________________________________________

24-билет

1. Кассация шикояти ва протест бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар кимлар?
2. Шахсий масалалар бўйича хорижга чиқиш тартиби ҳақида гапириб беринг.
3. Оила кодексига кўра никоҳ ёши неча ёш?
_______________________________________________________________

25-билет

1. Кассация шикояти ва протестни кўрадиган суд ва унинг ваколатлари?
2. Шахсий масалалар бўйича хорижга чиқаётган судья ва суд ходимларининг мажбуриятлари ҳақида гапириб беринг.
3. Меҳнат кодексига кўра меҳнат қилиш ёши неча ёш?
_______________________________________________________________

26-билет

1. Кассация шикояти ва протестни бериш тартиби қандай ва муддатлари тўғрисида гапириб беринг?
2. Шахсий масалалар бўйича хорижга чиқаётган судья ва суд ходимларининг мажбуриятлари ҳақида гапириб беринг.
3. ЎзР ФПК бўйича судья ёрдамчисининг вазифалари нималардан иборат?
________________________________________________________________

 

 

27-билет

1. Кассация шикояти вакил томонидан имзоланиши мумкинми ва бундай ҳолда нималарга эътибор бериш керак?
2. Ҳар бир суд ходимининг мажбуриятлари ҳақида гапириб беринг.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармонининг мазмун-моҳиятини очиб беринг.
_______________________________________________________________

28-билет

1. Кассация шикояти ва протест мазмунига қўйилган талаблар ҳамда унга илова қилинадиган ҳужжатлар тўғрисида тушунтириш беринг?
2. Суд ходимига хизмат вақтидан ташқарида қўйиладиган талаблар ҳақида нималарни биласиз?
3. Муомала лаёқати ҳақида айтиб беринг?
________________________________________________________________

29-билет

1. Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ёки унинг бўлиб-бўлиб ижро этилиши, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш асослари нималардан иборат?
2. Ҳар бир суд ходимининг мажбуриятлари ҳақида гапириб беринг.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли Фармонни мазмун-моҳиятини очиб беринг.
_______________________________________________________________

30-билет

1. Никоҳдан суд тартибида ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратиш ҳолатлари?
2. Ҳар бир суд ходимининг мажбуриятлари ҳақида гапириб беринг.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли Фармонни мазмун-моҳиятини очиб беринг.

 

8 000 000 сўм асосий қарз ундирилди

“А” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) билан “Т” хусусий корхонаси (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)  ўртасида 2017 йил 01 июнда 9/К-II-сонли хизмат кўрсатиш шартнома имзоланган.

Даъвогар томонидан шартномада назарда тутилган мажбурият бажарилиб, 2017 йил 01 июнь кунги 9/К-II-сонли шартнама, 2017 йил 31 августдаги 18/П-сонли ҳисоб-варақ фактурасига асосан даъвогар томонидан жавобгарга жами 16 000 000 сўмлик хизматлар кўрсатилган. Кўрсатилган хизматлар жавобгар томонидан қабул қилиб олиниб, кўрсатилган хизматлар учун фақат 8 000 000 сӯм тўлаб берилган. Натижада жавобгарнинг даъвогар олдида 8 000 000 сўм қарздорлиги вужудга келган ва тўланмаган..

Шу боис, даъвогар жавобгардан 8 000 000 сўм асосий қарзини ундириш тўғрисида даъво ариза билан судга мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 234-моддасига асосан, мажбуриятлар – шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқиши назарда тутилган. Мазкур ҳолда мажбуриятлар ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасидан келиб чиққан.

Фуқаролик кодексининг 703-моддасига кўра, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.

Фуқаролик кодексининг 236-моддасига асосан, мажбуриятлар шартнома шартлари ва қонунчилик талабларига мувофиқ лозим даражада бажарилиши лозим.

Қайд қилинган ҳолатлар ва қонун талабларидан келиб чиқиб, суднинг 2021 йил        06 июль кунги ҳал қилув қарори билан жавобгар “Т” хусусий корхонасидан даъвогар “А” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 8 000 000 сўм асосий қарз ундирилган.

Спартак Ниязов

Қорақалпоғистон Республикаси судининг

иқтисодий ишлар бўйича судьяси            

Жиноятга айланган ҳуқуқбузарлик

Бизнинг халқимиз азалдан аёлларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келган, ҳурматли Президентимизнинг “Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор-бу аввало, оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир” деган ғояси асосида юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфааатларини кафолатли ҳимоя қилиш, оилалар барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда тўлақонли иштирок этишига эришиш уларни ҳаётдан рози қилишга қаратилган тарихий ислоҳатлар амалга оширилмоқда.

Бу борада, судлар томонидан маҳалла ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфааатларини кафолатли ҳимоя қилиш борасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Лекин, айрим ҳолларда эр-хотин ўртасида оилавий сабабларга кўра келишмовчиликлар учрамоқда.

Жумладан; Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман судида жорий йил сентябрь ойида кўриб чиқилган жиноят иши мисолида кўришимиз мумкин. Иш тавфсилотларига кўра, А.Б исмли фуқаро, 2021 йил 6 май куни маст ҳолатида ўз турмуш ўртоғи В.А билан жанжаллашиб уни ҳақорат қилиб, унга тан жароҳати етказганлик ҳолати юзасидан, суриштирув ишларини олиб бораётган Элликқалъа туман ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспекторидан маъмурий иш ҳужжатларини судга юбормасдан ҳал қилиб беришни сўраб, бунинг эвазига пора тариқасида 200 АҚШ доллари таклиф қилиб, таклиф қилинган поранинг 100 АҚШ долларини олдиндан, қолганини иш ҳал бўлганидан кейин беришини айтиб, 2021 йил 18 май куни профилактика инспекторининг хизмат хонасида 100 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида тезкор ходимлар томонидан ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолатлардан кўриниб турганидек, оилавий келишмовчиликлардан келиб чиққан ҳуқуқбузарликни ўзича ҳал қилмоқчи бўлган А.Б. исмли фуқаро, жиноят содир қилган шахс сифатида қонун олдида тегишли жазосини олди.

Шу каби жиноятларнинг келиб чиқишининг олдини олиш, оилаларнинг тинчлигини сақлаш ҳар биримизнинг вазифамиз бўлиши лозим.

 

Жиноят ишлари бўйича

Элликқалъа туман суди раиси    Оразбай Мауленов

 

Уч авлод учрашуви

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ташаббуси Қорақалпоқ Давлат Университети Юридика факультети талабалари иштирокида «Уч авлод учрашуви» ўтказилди.

Кексаларни улуғлаш, уларга хурмат ва эхтиром кўрсатиш азалий қадриятларимиздан саналади. Эътиборлиси бу анъана бугунги кунда нафақат оила даврасида балки давлат ва жамоат ташкилотларида хам ўз ифодасини топмоқда.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига асосан, жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида ўтказилаётган “Кексалар ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар, учрашувлар фикримизга мисол бўла олади.

Бу борадаги тадбирлар суд тизимида хам ўзининг амалий ифодасини топяпти. Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ташаббуси билан ташкил этилган «Уч авлод учрашуви» тадбири фикримизга мисол бўла олади. Қорақа лпоқ Давлат Университети Юридика факультетида бўлиб ўтган тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси суд тизимида узоқ йиллар ишлаган фахрийлар, фаолият юритаётган судьялар ва заҳирадаги бўлажак судьялар, ва талаб ёшлардан иборат уч авлод вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Нурлипесов кириш сўзи билан очиб, унинг ахамияти хақида алохида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг сўз фахрий судьялар А.Жанибековага берилди. Маърузачи юртимизда фахрийларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик хақида сўз юритар экан, жумладан, бугунги кунда судьяларга яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар борасида алохида тўхталиб ўтди. Шунинг баробарида суд тизими фахрийларига кўрсатилаётган эътибордан улар хам мамнун эканликларини қайд этди.Одил судловни таъминлаш, қонун устуворлиги ва адолатнинг барқарор бўлиши судьялардан чинакам фидоий, халол ва қатъиятли бўлишни талаб этади. Шу маънода маърузачи кўпчилик ёш ва бўлажак судьялар фахрийлардан ибрат олиш кераклигига тўхталиб, ўзининг хаётий тажрибалари билан ўртоқлашди. Сўзга чиққан яна кўплаб суд фахрийлари хам узоқ йиллик иш фаолияти давомида орттирган билим тажрибалари билан ўртоқлашди. Иш жараёнида рўй берган эсда қоларли ва ибратли воқеаларни сўзлаб беришди. Учрашув якунида суд тизимида узоқ йиллар самарали ишлаган фахрий аёл судьяларга хам алохида эхтиром кўрсатилиб, уларга гулдасталар тақдим қилинди.
Устоз-шогирдлик анъанаси бардавомдир. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди жамоаси хам эзгу анъанага содиқ қолган холда ўз фахрийларига иззат-икром кўрсатиб келмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси
маъмурий судининг судья ёрдамчиси  Ансатбай Каражанов 

Даъвогарнинг даъвосидан воз кечиши иш бўйича иш юритишни тугатиш учун асос бўлмайди

Даъвогар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси АТБ «ҚҚБ» манфаатида туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар «BOT» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади)га ажратилган кредитнинг қўшимча таъминоти сифатида кредит ҳисобига сотиб олинган автомобильларга газ қуйиш ускуналарини гаровга қўйиш мажбуриятини юклашни сўраган.

Туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 05 июнь кунги          4-Х-Х/Х-сонли ажрими билан даъвогар даъвосидан воз кечганлиги сабабли иш бўйича иш юритиш тугатилган ҳамда даъвогардан Республика бюджети ҳисобига 2.230.000 сўм давлат божи ундирилган.

Палата даъвогар манфаатида биринчи инстанция судининг ажримининг давлат божи ундириш қисмига норози бўлиб апелляция шикоятини берган.

Қорақалпоғистон Республикаси судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 18 июль кунги қарори билан туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 05 июнь кунги ажрими бекор қилиниб, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиб, даъвогар АТБ «ҚҚБ»дан Республика бюджетига 2.230.000 сўм давлат божи ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди депозитига 61.250 сўм суд харажати ундирилган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси АТБ «ҚҚБ» манфаатида жавобгар «BOT» масъулияти чекланган жамиятига ажратилган кредитнинг қўшимча таъминоти сифатида кредит ҳисобига сотиб олинган автомобильларга газ қуйиш ускуналарини гаровга қўйиш мажбуриятини юклашни сўраб туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Даъвогар АТБ «ҚҚБ» 2021 йил 05 июнь кунги Х-сонли арзаси билан биринчи инстанция судига мурожаат қилиб, даъво аризасидан воз кечишини билдирган.

Туманлараро иқтисодий суди томонидан 2021 йил 05 июнь кунги 4-Х-Х/Х-сонли ажрими билан даъвогар даъвосидан воз кечганлиги сабабли иш бўйича иш юритиш тугатиш ҳақида нотўғри хулосага келинган.

Сабаби, ИПКнинг 110-моддаси биринчи қисми 6-бандига мувофиқ, даъвогар даъвосидан воз кечган ва суд уни қабул қилган бўлса иш бўйича иш юритиш тугатилади.

Бу ҳолатда даъвогар манфаатида Палата даъво аризаси билан судга мурожаат қилганлиги сабабли ИПКнинг 107-моддаси биринчи қисми
8-бандига мувофиқ даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиши лозим эди.

ИПКнинг 107-моддаси биринчи қисми 8-бандига мувофиқ, даъвогарнинг манфаатларини кўзлаб прокурор, давлат органи ва бошқа шахс томонидан тақдим этилган даъводан даъвогар воз кечган бўлса даъво аризаси кўрмдан қолдирилади.

Биринчи инстанция суди томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган.

ИПКнинг 279-моддасининг биринчи қисми 4-бандига мувофиқ моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос ҳисобланади.

Қайд этилганларга асосан, апелляция судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиб, даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни лозим топган.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси

суди иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати судьяси                                                         Ўткиржон Сабиров

 

Перейти к содержимому