ШАХСНИ ҒАЙРИИХТИЁРИЙ ТАРТИБДА ПСИХИАТРИЯ СТАЦИОНАРИГА ЁТҚИЗИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ
Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар тиббий ёрдам кўрсатишнинг алоҳида тури ҳисобланади. Ушбу муносабатлар ихтиёрий ва мажбурий даволаниш жараёнларида вужудга келиб, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиклашга қаратилган бўлади. Бунда кўрсатиладиган тиббий хизмат ягона тиббий стандартлар ва усуллар асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига “Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада бўлиш муддатини узайтириш” тўғрисидаги 32-бобнинг киритилиши фуқароларнинг суд орқали ҳимоя қилинишини янада мустаҳкамлади. Чунки айрим ҳолатларда шахснинг руҳий ҳолати атрофдагилар учун хавф туғдириши мумкин бўлиб, бу эса нохуш оқибатларнинг олдини олиш мақсадида уни мажбурий тартибда даволаш заруратини келтириб чиқаради.
Мазкур тоифадаги ишлар суд тартибида кўриб чиқилиши ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасининг “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонунининг 30 ва 31-моддаларига мувофиқ, шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш фақат қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:
- шахсни фақат стационар шароитида текшириш ёки даволаш мумкин бўлганда;
- унинг руҳий ҳолати оғир бўлиб, ўзига ёки атрофдагиларга бевосита хавф туғдирганда;
- шахс ўзининг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондиришга лаёқатсиз бўлганда;
- психиатрия ёрдами кўрсатилмаса, унинг соғлиғига жиддий зарар етказилиши эҳтимоли мавжуд бўлганда.
Мазкур ҳолатларда шахсни стационарга жойлаштириш масаласи суд томонидан ҳал қилинади.
Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг стационарда бўлиш муддатини узайтириш ҳақидаги ишлар суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқилади. Бу ишлар психиатрия муассасаси жойлашган ҳудуддаги судга тааллуқлидир.
Аризада қонунчиликда назарда тутилган асослар аниқ кўрсатилиши лозим. Шунингдек, унга шифокор-психиатрлар комиссиясининг шахсни стационарга ётқизиш ёки унинг даволаниш муддатини узайтириш зарурлиги ҳақидаги асослантирилган хулосаси илова қилиниши шарт.
Суд аризани қабул қилар экан, ишни кўриб чиқиш даврида шахснинг стационарда бўлиб туриши масаласини ҳам ҳал этади.
Ушбу ишлар, қоида тариқасида, ўн кунлик муддатда кўриб чиқилади. Суд мажлисида шахснинг қонуний вакили, шифокор-психиатрлар комиссияси вакили, прокурор ҳамда психиатрия муассасаси вакили иштирок этади.
“Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, шахс психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил таклиф этиш ҳуқуқига эга. Вакиллик қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилади.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини уларнинг васийлари, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини эса ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари ҳимоя қилади.
Иш судда кўриб чиқилгандан сўнг ҳал қилув қарори қабул қилинади. Суднинг аризани қаноатлантириш ҳақидаги ҳал қилув қарори шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг у ерда бўлиш муддатини узайтириш учун ҳуқуқий асос ҳисобланади.
Ғайриихтиёрий тартибда стационарга ётқизилган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган барча ҳуқуқлардан фойдаланади. Жумладан, уларнинг ҳуқуқлари тиббиёт соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам ҳимоя қилинади.
Шунингдек, “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонуннинг 39-моддасига мувофиқ, шахс психиатрия стационаридан унинг соғайгани ёки руҳий ҳолати яхшиланиб, стационар шароитида даволаниш зарурати қолмаган тақдирда, шунингдек текширув ёки экспертиза якунланган ҳолларда чиқарилади.
Хулоса қилиб айтганда, шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тартиби инсон ҳуқуқлари ва жамият хавфсизлиги ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.
Саодат КАИПНАЗАРОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси













