Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси
Давлат хизматчиларининг ўз мансаб-мавқеъсидан фойдаланиб, уни суъистеъмол қилишлари, порахўрлик, таъмагирлик ёки фирибгарлик иллатларига қўл уришлари давлатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, халқимизнинг давлатга нисбатан ишончининг йўқолишига, ҳокимиятнинг обрўсизланишига олиб келиши сўзсиз.
Ушбу омиллар орасида энг ижтимоий хавфлиси ва жамият ривожига тўғаноқ бўладиган иллат – бу коррупциядир.
Коррупция – шахснинг унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқларидан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиши орқали ноқонуний наф кўриши билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Умуман олганда, ҳар қандай пора олиш, бериш ва унда воситачилик қилиш, мансаб ваколатидан четга чиқиш, ундан фойдаланиб талон-тарож қилиш ва ҳокимият ҳаракатсизлиги каби иллатларнинг барчаси коррупцион жиноятларни ташкил қилади.
Жамиятда коррупция оддий халқ вакилларининг юқори амалдорларга ёки давлат амалдорларининг ўзаро бир-бирларига бўлган муносабатидан келиб чиқади. Ушбу салбий ҳолатларнинг ҳар қандай кўриниши жамиятни ҳалокат ёқасига олиб бориши муқаррардир.
Шундай экан, ушбу иллатга қарши курашиш мақсадида мамлакатимизда коррупцияга барҳам бериш, ҳокимият амалдорларининг ҳалол ишлашини таъминлаш, тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, давлат ва халқ ўртасидаги жараёнларда инсон омилини камайтиришга қаратилган бир қатор Қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган ва бу бежизга эмас. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этиб, ўз натижаси ва самарасини бериб келмоқда. Ушбу ҳужжатларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган.
Лекин, қонун ҳужжатларида коррупциянинг олдини олиш ва уни бартараф этиш учун аниқ чора-тадбирларнинг белгиланиб қўйилиши ёки унга қарши курашувчи мутасадди идораларнинг фаолияти йўлга қўйилганлигининг ўзи етарли эмас. Бунинг учун ҳар бир фуқаро энг аввало ўзида масъулиятни ҳис этиши, ўзларининг мақсад ва муддаоларига етишиш йўлида ҳар хил қинғир-қийшиқ йўллардан фойдаланмасдан, фақатгина ўз кучи ва меҳнатига ишонган ҳолда ҳалол ва пок йўлни танлаши, қолаверса жамиятда кузатилаётган таъмагарлик ва порахўрлик ҳолатларига гувоҳ бўлганда, вазиятга индамай кетавермасдан, бефарқ бўлмасдан, бу ҳақида тегишли идораларга хабар беришни ҳам ўз фуқаролик бурчи сифатида қабул қилиши даркор.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, коррупцияга барҳам беришга фақат давлат ва ҳукуматнинг кучи билангина эришиб бўлмайди. Шунинг учун мазкур ижтимоий иллатга қарши бутун жамият, барча фуқаролар фаол курашмоғи зарур.
Беруний туманлараро
иқтисодий судининг судьяси Қ.О.Хожамуратов