Иқтисодий судларда иш юритишни тўхтатиб туришнинг ўзига хос хусусиятлари

Иқтисодий судларда ишларни кўриш қонунчиликда белгиланган процессуал муддатлар доирасида амалга оширилиши лозим.

Ишларни кўриш жараёнида шундай ҳолатлар кузатиладики, ишнинг привард натижаси муайян ҳаракатнинг бажарилиши ва унинг якунига боғлиқ бўлиб қолади.

Лекин, ушбу ҳаракат якунига еткунга қадар ишни кўришнинг қонунчиликда белгиланган процессуал муддати тугаши мумкин.

Шу боис, иқтисодий процессуал қонунчилигида бундай ҳолатларнинг ечими сифатида “иш юритишни тўхтатиб туриш” институти жорий этилган.

Иш юритишни тўхтатиб туриш ишнинг ҳал этилишига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар пайдо бўлганлиги муносабати билан уларни бартараф этгунча процессуал ҳаракатларни номаълум муддатга тўхтатиб туришни англатади.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади)да суд иш юритишни тўхтатиб туришга мажбур бўладиган (101-модда) ва иш юритишни тўхтатиш ҳуқуқи (102-модда) қайси ҳолатларда мумкинлиги санаб ўтилган. ИПКнинг 101 ва 102-моддаларида кўрсатилган иш юритишни тўхтатиб туриш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.

Иш юритишни тўхтатиб туриш муддатлари ишни кўришга тўсқинлик қилувчи ҳодисаларнинг қанча давом этишига боғлиқ бўлади. Хусусан, ИПКнинг 103-моддасига биноан:

1) ишни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, фуқаролик ишлари бўйича суд, жиноят ишлари бўйича суд, маъмурий суд ёки иқтисодий суд томонидан кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан, шунингдек тергов ҳаракатлари олиб борилаётган иш юзасидан қарор қабул қилингунига қадар кўриш мумкин бўлмаганда – тегишли суднинг суд ҳужжати қонуний кучга киргунига ёки тергов ҳаракатлари тугаллангунига қадар тўхтатилади.

Бунда тергов ҳаракатлари тугаллангунига қадар деганда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 372-моддасида қайд этилган дастлабки терговни тамомлаш, яъни дастлабки тергов жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор чиқариш, айблов хулосаси тузиш, ишни тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ёки тарафларнинг ярашуви учун судга юбориш тўғрисида қарор чиқариш ёхуд амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома тузиш билан тамомлаш тушунилади.

Иш юритишни тўхтатиш учун асос бўлган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят ишлари бўйича судга юборилган тақдирда, ушбу жиноят иши бўйича қабул қилган суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан кейин иқтисодий иш юритиш тикланиши лозим.

Иқтисодий иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш учун асос бўлган жиноят иши бўйича иш юритиш тўхтатиб турилган тақдирда, иқтисодий иш бўйича иш юритиш тикланиши лозим;

2) жавобгар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмида бўлганда ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмидаги даъвогар-фуқаро тегишли илтимоснома билан мурожаат қилганда, тараф суд томонидан тан олиниши ва ижрога қаратилиши тўғрисида кўрилаётган чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки унинг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида ваколатли органга илтимоснома берганда, ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро давлат мажбуриятини бажариш учун жалб қилинганда ёхуд чет давлатлар судларига низони мазмунан ҳал этиш учун алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги суд топшириқлари белгиланган тартибда юборилганда – иш юритишни тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф қилингунига қадар;

3) ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро вафот этганда, агар низоли ҳуқуқий муносабатлар ҳуқуқий ворисликка йўл қўйса, ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро муомала лаёқатини йўқотганда ёки ишда иштирок этувчи шахс бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганда – ишда иштирок этувчи шахснинг ҳуқуқий вориси аниқлангунига, муомалага лаёқатсиз шахсга вакил тайинлангунига, янги ташкил этилган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтгунига қадар;

4) медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузилганда – медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тугагунига қадар, бироқ олтмиш кундан ортиқ бўлмаган муддатда;

5) суд томонидан экспертиза тайинланганда – суд томонидан экспертиза хулосаси олингунига қадар тўхтатиб турилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг
2014 йил 20 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан экспертизага оид қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги
261-сонли қарори 9-бандининг иккинчи хатбошисида тушунтириш берилишича, ИПКда экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) назарда тутилмаганлиги муносабати билан судлар шуни инобатга олиши лозимки, экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримда иш юритишни тўхтатиб туриш ҳам кўрсатилган бўлиб, ушбу ажрим устидан шикоят берилган (протест келтирилган) бўлса, шикоят (протест)нинг фақат иш юритишни тўхтатиб туришга оид қисми кўриб чиқилади. Агар шикоят (протест) суд ажримининг экспертизани тайинлашга оид қисми устидан берилган бўлса, уни қабул қилиш ИПК 268-моддаси биринчи қисмининг 2-банди ёки 291-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан рад этилади. Агар ариза (протест) иш юритишга қабул қилинган бўлса, у бўйича иш юритиш ИПК 273-моддаси биринчи қисмининг 1-банди ёки 296-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан, шикоят (протест) кўриб чиқилаётган суд инстанциясида тугатилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг
2015 йил 19 июндаги “Иқтисодий судлар томонидан процессуал муддатларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 283-сонли қарорининг 7-бандида тушунтириш берилишича, иш юритиш тўхтатиб турилган кундан бошлаб иш бўйича барча процессуал муддатларнинг ўтиши ҳам тўхтайди ва иш юритиш тикланган кундан бошлаб уларнинг ўтиши давом этади.

Процессуал муддатларни қайта тиклаш куни бўлиб, иш юритишни тўхтатиб туришга асос бўлган ҳолатлар бартараф қилиниб, суднинг иш юритишни тиклаш тўғрисида ажрим чиқарган куни ҳисобланади. Процессуал муддат қайта тиклангандан кейин процессуал ҳаракат иш бўйича иш юритиш тўхтатиб туриш пайтига қадар қолган процессуал муддат давомида амалга оширилиши лозим.

Шунингдек, иш юритиш тиклангунига қадар суд бирор-бир процессуал ҳаракатни амалга оширишга ҳақли эмас, бундан даъвони ва далилларни таъминлашга қаратилган ҳаракатлар мустасно.

Иш юритиш тўхтатиб турилган даврда даъвони ёки далилларни таъминлаш ҳақида ариза келиб тушганда, ушбу масала ИПКнинг
96-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал этилиши ва натижаси бўйича ажрим чиқарилиши лозим.

Иш юритишни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф қилинганидан кейин иш юритиш тикланади.

Иш юритишни тўхтатиб туриш, уни тиклаш тўғрисида ёки уни тиклашни рад этиш ҳақида суд ажрим чиқаради.

Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги, иш юритишни тиклашни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Бундан ташқари, суд амалиётидан келиб чиқиб, иш юритишни тўхтатиб туриш билан боғлиқ қонунчилик нормаларини янада такомиллаштириш юзасидан айрим таклифларни билдириб ўтмоқчимиз:

Биринчидан, ИПК 91-моддасининг биринчи қисмида ишни кўраётган суд бошқа туман ёки шаҳар ҳудудидаги далилларни олиш зарур бўлган тақдирда, тегишли судга муайян процессуал ҳаракатларни бажаришни топширишга ҳақли эканлиги назарда тутилган.

Лекин, бошқа иқтисодий судга суд топшириғи юборилган тақдирда, ИПКнинг 171-моддасида белгиланган суд муҳокамасини кейинга қолдириш учун белгиланган 10 кунлик муддат ичида суд топшириғини бажариш имкони амалда мавжуд эмас.

Шунинг учун ҳам ИПК 91-моддасининг учинчи қисмида суд топшириғи тўғрисидаги ажримни бажариш учун топшириқ берилган судга бундай ажрим олинган пайтдан эътиборан ўн беш кунгача бўлган муддат берилган.

Демак, ўз-ўзидан бундай ҳолатда суд топшириғи тўғрисида ажрим чиқарган суд суд муҳокамасини яна 10 кунгача муддатга қолдиришга мажбур бўлади. Суд муҳокамасини кейинга қолдиришлар сони
3 мартадан ошмаслиги кераклигини инобатга олсак, биргина суд топшириғини бажаришнинг ўзига 2-3 суд мажлисини ўтказишга тўғри келади.

Шу боис, ИПК 102-моддасини қуйидаги мазмундаги 5-банд билан, яъни “бошқа туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судига шу ҳудуддаги далилларни олиш зарурати билан муайян процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги суд топшириқлари белгиланган тартибда юборилганда” деб ҳамда 103-моддасини қуйидаги мазмундаги 5-банд билан, яъни “ушбу Кодекс 102-моддасининг 5-бандида назарда тутилган ҳолларда – суд топшириғини ижро этиш бўйича ҳаракатлар тугагунига қадар тўхтатиб турилади” деб тўлдириш таклиф этилади.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 117-моддасининг
6-бандида суд томонидан суд топшириғи юборилганда суд иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилган.

Иккинчидан, ИПК 101-моддасининг 6-бандида тарафлар ўртасида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишувнинг тузилиши суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш мажбуриятларидан бири сифатида белгиланган.

Лекин, суд амалиётида аксарият ҳолларда тарафлар судга бундай келишувни медиатив келишув билан биргаликда ёки медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузилгандан кейин
10 кунгача муддатда медиатив келишувнинг ўзини тақдим этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Яъни, бундай ҳолатда суд иш юритишни тўхтатмасдан туриб, ИПКнинг 171-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисига асосан суд муҳокамасини кейинга қолдириш орқали ҳам ҳал қилиш имкониятига эга.

Ишларнинг бундай тартибда ҳал этилиши ишда иштирок этувчи шахслар ва судлар вақтларининг ортиқча сарфланмаслигига катта омил бўлиб хизмат қилади деган фикрдамиз.

Шу боис, тарафлар ўртасида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишувнинг тузилиши судларнинг иш юритишни тўхтатиш мажбурияти сифатида эмас, балки ИПКнинг 102-моддасидаги ҳуқуқларининг бири сифатида қайд этилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ўз вақтида таъминлаш учун мунтазам равишда иш юритишни тўхтатиб туришга сабабчи бўлган ҳолатларни таҳлил қилиб, уларни тезда бартараф этиш орқали иш юритишни тиклаш чораларини кўриб боришларимиз лозим.

 

Қуанышбай Хожамуратов,

Беруний туманлараро иқтисодий судининг судьяси

“Трамадол Ланнахер 50 мг” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келган шахсга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди

Инсоният таррақиётнинг янги чўққилари забт этилаётган бир даврда, халқлар, миллатлар келажагига таҳдид туғдирувчи гиёҳвандлик балоси глобал муаммога айланган. Ушбу иллатга қарши курашишда давлатимизда бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Шунга қарамасдан айрим ҳолатларда ушбу иллатнинг чангалиги тушиб қолаётганлар учрамоқда. Шу ўринда бир мисол тариқасида жорий йилнинг 07 февраль куни Элликқалъа туман судида кўриб чиқилган жиноят иши ҳолатларига тухталиб ўтсак. Тўрткўл туманида яшовчи К.Н. исмли шахс гуёки ўзининг муқаддам йўл транспорт ҳодисасига учрагани ва ундан қолган асоратларнинг оғриқларини қолдиришда мунтазам истеъмол қилиб, 2018 йил 27 октябрь куни қабул қилинган 878-сонли қарорининг 2-рўйхатига кўра, Республика ҳудудида муомаласи чекланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган «Трамадол» моддаси бўлган, 22 конвалютада 212 дона таблеткадаги соф вазни 10,6 грамм бўлган кўп миқдордаги “Трамадол Ланнахер 50 мг” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келган.
2021 йил 24 сентябрь куни соат 15:30-18:00 ларда К.Н нинг яшаш уйида ўтказилган тинтув давомида унинг уйининг ошхонасидан 22 дона ковалютадаги 212 дона таблетка яъни, “Трамадол Ланнахер 50мг” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур жиноят иши мазмунан кўриб чиқилиб, К.Н. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 3 (уч) йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Гиёҳвандлик оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун юртимизда наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратилган.

Шу жумладан судлар томонидан ушбу иллатнинг ачинарли оқибатларининг олдини олиш бўйича фуқаролар, айниқса ёшлар орасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, мазкур тоифадаги жиноят ишларини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда ёритилиб борилмоқда.

Бундан кўзланган мақсад, жиноятларнинг содир этилишининг барвақт олдини олиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

 

Оразбай Мауленов,

Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди раиси

Перейти к содержимому