ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ДАВЛАТ БОЖИГА ОИД ЭЪТИБОРЛИ ЖИҲАТЛАР

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 112-моддасига асосан, суд харажатлари давлат божидан ва ишни кўриш билан боғлиқ суд чиқимларидан иборат бўлади.

Давлат божи тушунчаси, уни тўлаш асослари ва тартиби, уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, тўлашдан озод қилиш, уни қайтариш тартиблари ва давлат божи ставкалари (миқдорлари) ҳақида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунида белгилаб қўйилган.

Шунингдек, иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, судлар томонидан мазкур масалага доир қонун ҳужжатлари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида 2020 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги 36-сонли қарори (бундан буён матнда Пленум қарори деб юритилади) қабул қилинди.

Ушбу қарорда тушунтириш берилган айрим муҳим нормаларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, агар даъвогар ИПКнинг 157-моддасига асосан даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилмоқчи бўлса, ундан ушбу суммага мутаносиб равишда давлат божи ундирилиши назарда тутилган.

Шунингдек, амалдаги давлат божи ставкаларига биноан ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосига кўра ишдаги ҳужжатлардан кўчирма нусхалар берганлик учун ҳужжатнинг ҳар бир бети учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланган. Мазкур Пленум қарорига асосан эса, иш ҳужжатларидан фотонусха кўчирганлик учун давлат божи ундирилмаслиги мустаҳкамланиб қўйилди.

Пленум қарорининг 5-бандида тушунтириш берилишича, давлат божи ва почта харажати нақд пулсиз шаклда тўланганлиги факти банкнинг тўлов қабул қилинганлиги тўғрисидаги белгиси бўлган тўлов топшириқномаси билан тасдиқланиши шарт.

Давлат божи ва почта харажати нақд пул шаклида тўланганлиги факти банк томонидан тўловчига бериладиган белгиланган шаклдаги квитанция билан тасдиқланиши керак.

Эътиборлиси шундаки, ушбу банд талабларига риоя қилмаслик, даъво аризаси (ариза ва шикоят)нинг ИПК тегишли моддаларига асосан қайтарилишига асос бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга, Пленум қарорининг 17-бандида давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатида киритган даъво аризалари (аризалар) кўрмасдан қолдирилганда ёки иш юритиш тугатилганда давлат божи манфаати кўзланиб даъво киритилган даъвогарлардан ундирилиши, бунда “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига кўра, даъво кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритиш тугатилган ҳоллар мустасно эканлиги ҳақида тушунтириш берилган бўлиб, бу ўз навбатида амалиётда учраётган бундай муаммоларнинг ҳал этилишига катта хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

Яна бир муҳим тушунтиришлардан бири бу – даъвогар (аризачи) арз қилган талабларидан воз кечганда у қилган харажатларнинг ўрни жавобгар томонидан қопланмайди. Лекин, давлат божини тўлашдан озод қилинган даъвогар (аризачи) ўз талабларидан улар жавобгар томонидан ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганлиги оқибатида воз кечганлиги сабабли иш юритиш тугатилган ҳолда, давлат божи жавобгардан давлат даромадига ундирилади.

Бундан ташқари, суд харажатларига оид муҳим ўзгаришлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 август кунги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ-6279-сонли Фармонига биноан вужудга келади.

Чунки, 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдори амалдаги 245 000 сўмдан 270 000 сўмга оширилди.

Бу ўз навбатида, иқтисодий судларга киритиладиган даъво ариза, ариза ва шикоятлар учун тўланадиган давлат божи ва почта харажатларининг миқдорларига таъсир қилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, давлат божи ва почта харажатларининг белгиланган тартибда ва миқдорда тўланиши манфаатдор шахсларнинг қимматли вақтларининг тежалишига, ортиқча қоғозбозлик ва чиқимларга йўл қўйилмаслигига, шунингдек, бузилган қонуний манфаатларининг ўз вақтида тикланишига хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

 

Қўнғирот туманлараро

иқтисодий судининг раиси                                      Алишер Аяпов

Сайёр қабул

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни жиноят ишлари буйича Элликқалъа туман суди раиси О.Мауленов томонидан Элликқалъа туманидаги Гулистан, Гулдирсин, Тозабоғ овул фуқаролар йиғинларида сайёр қабул ўтказилди.

 

Мазкур сайёр қабулда аёллар дафтарига руйхатга олинган хотин-қизларнинг мурожаатлари тингланиб, имкон қадар бу масалаларни жойида ҳал этиш, ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатларин тегишли маъсуллар билан ўрганиш чоралари кўрилди.

 

Мурожаатларнинг асосий мазмуни уй-жой, мулк хужжатларини расмийлаштириш тартиби, шунингдек алимент ва нафақа пулларини ундиришда вужудга келаётган муаммоларини бартараф этиш билан боғлиқ.

Очиқ мулоқатлар давомида ҳар бир фуқарога мурожаати юзасидан хуқуқий тушунтиришлар берилди.

Суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари

Мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
07 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича:

судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш;

судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш;

судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;

судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш каби давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди.

Мазкур Фармон билан судьяларнинг юридик жавобгарлиги масаласини ҳал этиш пайтида уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида 2021 йилдан бошлаб судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Судьялар Олий Кенгаши раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабар берилиши;

судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилиши;

суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб борилиши белгиланди.

Шу ўринда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонуни 2021 йилнинг 28 июль куни янги таҳрирда қабул қилинган ва юқоридаги нормалар Қонуннинг 64-моддасида ўз аксини топган.

Бундан ташқари, Фармонга мувофиқ, Судьялар Олий Кенгашининг судларда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни тизимли равишда бартараф қилиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини ошириш борасидаги бир қанча таклифлари маъқулланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган, фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Кенгаш раисининг ўринбосари лавозимини жорий қилиш;

Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясини тузиш;

Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш шўъбаси негизида матбуот хизмати ва биринчи бўлим, шунингдек ижро аппарати негизида ахборот-таҳлил, мурожаатлар билан ишлаш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш тузилмалари ҳамда архив ва девонхона ташкил этиш;

судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш, «Ибратли судья» мукофотини, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишонини жорий этиш;

Кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клубини ташкил этиш шулар жумласидандир.

Бугунги кунда, мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижроси таъминланиб келмоқда.

Жумладан, Судьялар Олий Кенгашининг 2021 йилнинг 12 кунги қарори билан «Ибратли судья» мукофоти ҳамда «Суд фахрийси» кўкрак нишони таъсис этилди.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси

судининг иқтисодий ишлари

бўйича судьяси                            Гулистан Ешназарова

 

 

 

 

Аёл бахтли бўлсин

“Аёллар дафтари”. Ижтимоий ҳимоя, уй-жой таъмири, тиббий ҳимоя, ҳуқуқий ёрдам, психологик маслаҳатга муҳтож, боқувчисини йўқотган, нотурар жойда истиқомат қилаётган, қарамоғида ногирон фарзандлари бор ёлғиз аёллар рўйхати киритилган дафтар. Бугун бу аёлларга ҳар қачонгидан да эътибор ва ғамхўрлик жуда кучли. Чунки уларнинг бугунги турмушидан, ҳаётидан рози бўлиб яшаши ободлик ва фаровонликнинг муҳим омили.

Беруний туманидаги “Олтинсой” овул фуқаролар йиғинида ўтказилган ҳудуд аёллари билан очиқ мулоқат ҳам айнан уларни қи йнаб келаётган тизимли муаммоларни жойида аниқлаб, бартараф этишга қаратилди. Жиноят ишлари бўйича Беруний тумани суди раиси Рано Камалова “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизлар билант мулоқат қилар экан, ҳам судья, ҳам аёл сифатида уларнинг дардини тинглади, муаммоларига жойида ечим излади. Чунончи, мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни жамият етакчисига айлантиришга қаратилган барча саъй-ҳаракатлар, амалий чора-тадбирлар моҳиятида бир мазмун мужассам: аёл бахтли бўлсин!

Зеро, аёлнинг ҳаётдан кўнгли тўлса, хонадони фариштали, фарзандлари бахтиёр бўлади, эртанги кунга ишонч ортади. Шундай экан, жойларда суд раисларининг мутасаддилар билан биргаликта ташкил этаётган ана шундай очиқ мулоқатлари жумладан, муаммоларни қайта-қайта ўрганиш, шарт-шароит яратиш борасида белгилаб олган вазифалари изчил давом этаверади.

 

 

Қўшнилар жанжали

Мамлакатимизда ҳуқуқбузорликлар, шу жумладан жиноятларнинг олдини олиш бўйича, бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда, жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жоқарғи Кенгаши раиси томонидан тасдиқланган йўл харитасининг 11-банди ижроси юзасидан ҳар ҳафтада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича маҳаллалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биргаликда аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Шундай бўлсада жиноятлар содир қилиниши учрамоқда, мисол тариқасида жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман судида кўриб чиқилган ишнинг воқеа тафсилотларидан кўришимиз мумкин.

Жумладан; М.Ю, 2021 йил 09 май куни соат 17:00ларда ўзининг яшаш уйи олдида қўшниси Р.Д. билан ўзаро жанжаллашиб қолиб, келиб чиққан жанжални ўзича мустақил равишда ҳал қилишни ҳохлаб, фуқаро Р.Д.нинг танасининг кўплаб жойларига қўл ва оёқлари билан бир неча маротаба уриб, тепиб, унинг баданига қасддан шикаст етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра Р.Д нинг баданига енгил шикаст етказганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилиб, Ю.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Суд томонидан иш мазмунан кўриб чиқилиб М.Ю.га нисбатан қонунда белгиланган жазо чораси тайинланди.

Суд жараёнида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари урганилганида, ушбу оила вакиллари олдиндан бир-бирлари билан келишмаслиги аниқланди.

Шу сабабли бундай оилалардаги вазиятларни вақтида аниқлаб, уларга тегишли тушунтириш ишларини олиб бориш, муаммонинг асосий келиб чиқиш сабабларини бартараф қилиш лозим бўлади.

Шу муносабат билан суд томонидан ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, унга имкон берган шарт шароитларни аниқлаш, келгусида бундай жиноятларнинг келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан фуқаро М.Ю.нинг яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимларига нисбатан хусусий ажрим чиқарилиб, муносабат билдирилди.

 

Жиноят ишлари бўйича

Элликқалъа туман суди раиси  Оразбай Мауленов

Суд этикаси. Миллий ва хорижий тажриба

Суд этикаси. Миллий ва хорижий тажриба. Айни мавзу доирасида Республика миқиёсида ўтказилаётган маҳорат дарслари Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари ва суд ходимлари учун ҳам ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби USAID агентлигининг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда ўтказилган бу галги маҳорат дарслари “Ўзбекистон Республикаси судьялари одоб-ахлоқ кодексини амалда қўллаш ва фуқароларнинг ишончини ошириш ҳамда мустаҳкамлаш» мавзусига бағишланди.

Маҳорат дарсида Судьялар олий мактабининг кафедра мудири, юридик фанлар номзоди Нурали Қурбонов маъруза қилди. Қайд этилганидек, судьянинг касбий одоб ахлоқи юридик одоб-ахлоқнинг бир қисми бўлиб, у судья ва процесс иштирокчиларининг иш жараёнида ва ишдан ташқари вақтларидаги маънавий ахлоқий, касбий муносабатларига доир масалаларни ўрганиш ва ривожлантириш билан шуғулланиши тушунтирилди.

Бундан ташқари, судья ўз фаолиятини судьялар одоб-ахлоқи талабларини бажармасдан амалга ошира олмаслиги, чунки ушбу фаолият асосини жамиятда тарихан шаклланган маънавий ва ҳуқуқий талаблар ташкил этади. Шу билан бирга судьялар одоб-ахлоқининг ўзига хос томони шундаки, унга ихтисослашувидан қатъий назар туман (шаҳар) судьялари, вилоят суди судьялари, Олий суд ва Конституциявий суд судьялари риоя қилишлари шарт ва мажбур эканлиги таъкидланди.

Судья фаолиятининг қонуний асосини «Судлар тўғрисида»ги Қонун билан бирга Судьялар олий кенгашининг 2018 йил 29 январдаги 490-сонли қарори билан қабул қилинган Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси ташкил этади. Мазкур Кодекс ҳар бир судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган юксак одоб-ахлоқ талабларига, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, одил судлов ва судьялар одоб-ахлоқи соҳасидаги халқаро стандартларга асосланган қоидаларни белгилаши тадбир иштирокчиларига тушунтирилди.

Семинар-тренинг давомида Судьялар олий мактабининг хақаро бўлим бошлиғи Ўткир Холиков томонидан иштирокчиларга суд этикасининг мазмун моҳияти, хорижий давлатларда суд этикасига оид халқаро стандартлар ва халқаро принциплар тўғрисида маълумотлар берилди ва судьяларнинг иш жараёнлари ва ишдан ташқари вақтларида одоб-ахлоқ кодекси талабларидан келиб чиқадиган казусли ҳолатлар юзасидан фикр мулоҳазалар тингланди ҳамда керакли кўникмалар берилди.

 

Перейти к содержимому