ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУД ХАРАЖАТЛАРИНИ УНДИРИШ ТАРТИБИ

 

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

 

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан суд-ҳуқуқ соҳасидаги кенг кўламли ўзгаришлар ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда. Буни халқимизнинг суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қилаётган мурожаатлари, судларда кўрилаётган ишларнинг мазмуни ва унда иштирок этаётган шахсларнинг ҳуқуқий маданияти даражасидан ҳам кўзатишимиз мумкин.

 

Айниқса, сўнги йилларда фуқаролик ишлари бўйича судларнинг иш юритувидаги ишлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

 

Одил судловни амалга ошириш бевосита давлат бюджети ҳисобидан таъминланади. Бунда, судларга мурожаат қилишда ундириладиган давлат божи тўловлари бошқа мажбурий тўловлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил қилади.

 

Шунинг учун давлат божини тўғри белгилаш ва вақтида ундириш муҳим аҳамият касб этади. Судларга ариза, даъво ариза беришда ҳамда суд ҳужжатларига нисбатан апелляция, кассация ва тафтиш шикояти беришда давлат божи ундириш миқдори, ҳамда давлат божи тўловидан озод қилинган жисмоний ва юридик шахслар рўйхати, шунингдек давлат божини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва камайтириш тартиби Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси нормалари билан белгиланган.

 

Шу кунгача амалда бўлган “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги пленуми қарори 15 йил аввал қабул қилинган бўлиб, бу давр ичида қонунчиликда бир қатор ўзгаришлар юз берди. Бу эса, мазкур пленум қарорини ҳам қайтадан кўриб чиққан ҳолда унинг янги таҳририни қабул қилиш заруриятини юзага келтирди.

 

Шу сабабли, судлар томонидан қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш, фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш мақсадида 2024 йил 16 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида»ги 37-сон қарори қабул қилинди.

 

Мазкур Пленум қарори суд харажатларини ундириш масаласига доир қонунчиликни судлар томонидан тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

 

Пленум қарорига судлар томонидан давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, судларда турлича амалиёт юзага келишига сабаб бўлган ҳолатларга батафсил тушунтиришлар бериш ҳақидаги янги бандлар киритилди.

 

Хусусан, даъво баҳоси чет эл валютасида белгиланган мулкий низо бўйича судга ариза берилганда, давлат божининг миқдори ариза тақдим этилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада белгиланиши;

 

«Давлат божи тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган давлат божи ставкаларининг фуқаролик ишлари бўйича судларига оид қисмида шартнома олди низолари бўйича тўланиши лозим бўлган давлат божи ставкалари белгиланмаганлиги ҳамда Фуқаролик процессуал кодекси 129-моддасининг 2-бандида мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича даъвонинг баҳоси талаб қилинаётган мол-мулкнинг қийматига қараб белгиланиши назарда тутилганлиги сабабли, шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ёки бекор қилиш ҳақидаги талаблар юзасидан низолашилаётган шартномада кўрсатилган пул қиймати (шартнома баҳоси) даъво баҳоси ҳисобланиши ва давлат божи мулкий хусусиятга эга даъво аризалар учун қонунда белгиланган ставка бўйича тўланиши лозимлиги;

 

«Давлат божи тўғрисида»ги Қонун 8-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар суд ҳужжатлари устидан апелляция, кассация, тафтиш шикояти билан мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилганлиги;

 

апелляция, кассация, тафтиш шикоятидан воз кечилганлиги сабабли шикоят бўйича иш юритиш тугатилганда, тўланган давлат божи қайтарилмаслиги, агар шикоят беришда давлат божи тўланмаган бўлса, давлат божи шикоят берган шахсдан ундирилиши ва бошқа қатор суд амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича тушунтиришлар берилган.

 

Мазкур Пленум қарори одил судловга эришишга хизмат қилиш билан бирга, суд амалиётини бирхиллаштириш, қонунларни аниқ ва тўғри қўллашга хизмат қилади.

 

 

Абдимурат КЕРИМБАЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси ўринбосари

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИ ҚАРОРИНИНГ МАЗМУНИ ҲАҚИДА  

 

Маълумки, фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан иборат.

 

Ўзбекистон Республикаси «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунининг  3-моддасига мувофиқ, давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўлов ҳисобланади.

Фуқаролик ишлари бўйича давлат божини ундириш билан боғлиқ масалалар «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун, ушбу Қонун билан тасдиқланган «Давлат божи ставкаларининг миқдорлари» ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг  13-бобига мувофиқ тартибга солинади.

 

Ўзбекистон Республикаси «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан, шунингдек, судлар томонидан қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш, фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш мақсадида,  Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан 2024 йил 16 декабрдаги 37-сон қарори қабул қилинди.

 

Ушбу Пленум қарорида фуқаролик ишлари бўйича давлат божи қандай аризалардан ундирилиши аниқ белгилаб кўрсатиб ўтилди, яъни:

 

  • судларга бериладиган даъво аризалардан, алоҳида тартибда юритиладиган ишларга доир аризалардан, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалардан;

 

  • ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги аризалардан;

 

  • ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан;

 

4) чет давлат судининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги аризалардан;

 

  • корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келмайдиган қарорлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган даъво аризаларидан;

 

  • апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоятларидан:

 

а) судларнинг ҳал қилув қарорлари устидан;

 

б) иш юритишни тугатиш тўғрисидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш тўғрисидаги ажримлар устидан;

 

в) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги ишлар бўйича ажримлар устидан;

 

г) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалар бўйича ажримлар устидан;

 

д) чет давлат судининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалар бўйича ажримлар устидан;

 

  • ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини (шу жумладан, такрорий равишда бериладиган суд ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини) берганлик учун.

 

Шунингдек,  Пленум қарорида ФПКнинг 396, 416 ва 41927-моддаларига асосан апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судлари суд ҳужжатларини тўлиқ ҳажмда текшириб чиқиши шартлигидан келиб чиқиб, суд қарорларининг суд харажатлари қисмидан норози бўлиб берилган апелляция, кассация ва тафтиш шикоятлари бўйича давлат божи умумий асосларда тўланади, давлат божи билан боғлиқ масалалар бўйича чиқарилган ажримларга нисбатан берилган хусусий шикоятлар бундан мустаснолиги ҳақида тушунтириш берилган.

 

Қоидага кўра, давлат божи ва почта харажати ариза, даъво аризаси, шикоят (бундан буён — ариза) судга берилгунга қадар тўланади, қонун билан давлат божи тўлови бўйича бошқача тартиб белгиланган ҳоллар бундан мустасно (масалан, аризачи қонун билан давлат божини тўлашдан озод қилинган, суд томонидан давлат божи тўлови кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб тўлаш белгиланган ҳоллар).

 

Давлат божи тўланганлиги факти:

 

банк томонидан тўловчига берилган белгиланган шаклдаги тўлов ҳужжати (квитанция, тўлов топшириқномаси ва бошқалар);

 

белгиланган шаклда тўловни амалга оширган мансабдор шахс ёки давлат органи ва ташкилотнинг кассаси томонидан тўловчига берилган тўлов ҳужжати;

 

электрон тўлов тизимидан олинган маълумотлар билан тасдиқланади.

 

Шунингдек, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига кўра, давлат божи қуйидаги ҳолларда умумий асосларда ундирилади:

 

қарши даъво аризалардан;

 

учинчи шахсларнинг ишга мустақил даъво талаблар билан киришганлиги тўғрисидаги аризалардан.

 

Ишга киришган даъвогарнинг ҳуқуқий ворисидан давлат божи, агар у даъвогар томонидан тўланмаган бўлса, умумий асосларда ундирилади.

 

Бунда «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун 7-моддасининг иккинчи қисми ва 8-моддаси қоидалари инобатга олиниши лозим.

 

Пленум қарорига кўра, судга ариза давлат божи тўловисиз келиб тушганда, судья аризачи қонун билан уни тўлашдан озод қилинган-қилинмаганлигини текшириши шарт.

 

Фуқаролик ишлари бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинган жисмоний ва юридик шахслар рўйхати «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун    8-моддасининг биринчи қисмида белгиланган.

 

Бунда «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасига кўра,    2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ва ушбу Қонунда назарда тутилмаган давлат божини тўлашдан озод қилиш ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар кучда қолиши инобатга олиниши лозим.

 

Агар аризачи қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларига кўра давлат божини тўлашдан озод қилинмаган ва аризада уни тўлашни кечиктириш, камайтириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақида илтимоснома мавжуд бўлмаса, шунингдек почта харажатлари тўланмаган бўлса, судья аризани қайтариш ҳақида ажрим чиқаради (ФПК 195-моддаси биринчи қисмининг 7-банди). Ажримда тўланиши лозим бўлган давлат божи, почта харажатлари суммаси кўрсатилиши ва ушбу камчилик бартараф қилинганидан сўнг такроран мурожаат қилиш имконияти мавжудлиги тушунтирилиши лозим.

 

 

 

 Зулфия БАБАДЖАНОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси       

ЕР БИЛАН БОҒЛИҚ ҲУҚУҚИЙ ИСЛОҲОТЛАР

 

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонуни 2024 йил 5 август куни қабул қилиниб, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши ва 2028 йил 1 январга қадар амал қилиши қонуннинг ўзида белгилаб қўйилди.

 

Ушбу Қонуннинг мақсади ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш асослари ва тартибини белгилайди.

 

Фуқаролар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги шартларнинг барчасига риоя этилганлиги асос бўлади, агар:

 

мазкур ер участкаси бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган ёки электрон онлайн-аукционга қўйилмаган бўлса;

 

мазкур ер участкасидан фойдаланиш юзасидан жисмоний ва (ёки) юридик шахслар ўртасида низо мавжуд бўлмаса;

 

мазкур ер участкаси учун ер солиғи бўйича, унда қурилган бинолар ва иншоотлар учун эса мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаса.

 

 

Жанат АЙМАГАНБЕТОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси

Перейти к содержимому